Дилором Тошмуҳамедова тошкентлик тадбиркорлар муаммосини Сенатда кўтарди
Жамият
−
20 Ноябрь 2020
9274Ўзбекистонда, жумладан пойтахт Тошкентда аллақачон бўш турган бинолар ва ерларни тадбиркорлар аукцион орқали сотиш тартиби ўрнатилганига қарамай, ҳамон юқори ишлаб чиқариш қувватига ва замонавий тадбиркорлик салоҳиятига эга бўлган юридик шахслар, асосан кичик ва ўрта бизнес субъектлари аукцион орқали ер олишда қатор муаммоларга дуч келмоқда ёки мавжуд “ёғли” ерлар аукционга қўйилмаёқ эгасини топяпти. Бу эътирозлар тадбиркорлар орасида тарқалганига анча бўлди. Бугун эса Олий Мажлис Сенатининг 9-ялпи мажлисида яна бюир бор муҳокамага қўйилди.
Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши аъзоси – сенатор Дилором Тошмуҳамедова Сенат ялпи мажлисида сўз олиб, бугун тадбиркорларни қийнаётган муаммолар, хусусан ер олишдаги қийинчиликларга эътибор қаратишни сўради. У тадбиркорлар ўрнатилган тартибда аукциондан ер сотиб ололмаётганини айтди.
“Тадбиркорларга нима керак? Уларга тадбиркорлик қилиш учун ер ва пул керак. Шу масалада, Тошкент шаҳридаги депутатлар билан кўришганимда, тадбиркорлар ерларни аукцион орқали сотиб ололмаётганини, аукционлар ишламаётганини айтди”, сенатор дейди Дилором Тошмуҳамедова.
Тошмуҳамедованинг аёл боши билан кўтарган катта масалага Кадастр агентлиги директори ўринбосари Абдушукур Абдуллаев жавоб берди. Унинг таъкидлашича, ушбу тизимни қўллаш бошланганида маълум камчиликлар ва сусткашликлар кузатилган.
“Хабаримиз бор, биринчи марта бу нарсани қўллай бошлаганимизда тизимнинг ишлашида жуда сусткашлик кузатилди. Бу бир-иккита масалалар қатори ахборот тизимини такомиллаштириш кераклиги ва фуқаролар мана шу кўтарилаётган масалани тўғри тушуниб, бундан фойдалана олиши кераклиги эди”, дейди Абдуллаев.
Абдуллаевга кўра, аукционга қўйилган ерлар бозор нархига нисбатан 5-10 баравар паст нархларда сотилган ҳолатлар ҳам мавжуд. Таъкидланишича, бундай ҳолатлар тадбиркорлар ва депутатлар билан учрашувларда ўрганилган.
“Мана шу жараёнда иштирок этувчи, рухсат ва хулоса бериши керак бўлган ташкилотлар сони икки баравар қисқартирилди. Тизимдаги жараёнларда ҳам икки, икки ярим баравар вақт тежаладиган бўлди. Одатда, аукционга кадастр идораси ходимлари аниқлаган бўш ерлар қўйиларди. Энди фуқаро ва тадбиркорларнинг ўзи бўш турган ер майдонларини кўрса, расмга олиб, мана шу тизимга киритиши мумкин бўлган янги механизм жорий қилинди”, дейди Кадастр агентлиги директори ўринбосари.
Эслатиб ўтамиз, бугун долзарб бўлиб турган ушбу масала Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 28 октябрь куни йиғилиш ўтказган эди. Унда бўш ер ва иншоотларни хатловдан ўтказиб, корхоналар эҳтиёжидан ортиғини аукционга чиқариш зарурлиги айтилди. Аввал қабул қилинган қарорлар доирасидаги ҳамда сотиш ваколати вилоят ҳокимларига берилган давлат объектларини хусусийлаштириб, янги иш ўринлари ташкил этиш бўйича кўрсатма берилди.
“Очиқ айтиш керак: олдин ҳам хусусийлаштириш бўйича кўплаб қарорлар қабул қилинган. Лекин бирорта раҳбар пастга тушиб, бу соҳадаги билим ва методикани жойларга етказмагани сабабли кўп корхона ва объектлар сотилмасдан турибди, на давлатга, на тадбиркорга наф келтиряпти”, деган эди Шавкат Мирзиёев.
Маълумот ўрнида, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган бўш турган ер участкалари тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун фақат “E-IJRO AUKSION” савдо майдончасида электрон онлайн-аукцион орқали берилиши Президентнинг 2019 йил 26 августда имзолаган “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган бўш турган ер участкаларини бериш ҳамда архитектура-қурилиш ишларини амалга ошириш тартиб-таомилларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган эди.
Вазирлар Маҳкамаси ушбу қарорнинг ижросини таъминлаш мақсадида 2019 йилнинг 20 декбарь куни “Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун бўш турган ер участкаларини бериш тартиб-таомилларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади. Қарор билан “Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини электрон онлайн-аукцион орқали бериш тартиби тўғрисида”ги Низом тасдиқланди.
LiveБарчаси