Дешамдан кейин Франция термасига ким устозлик қилиши деярли аниқ бўлди
Спорт
−
18 Февраль 2025 3823 2 дақиқа
Мадриднинг “Реал” клуби собиқ бош мураббийи Зинедин Зидан Дидье Дешам кетганидан кейин Франция терма жамоаси бош мураббийи лавозимига асосий даъвогар бўлиб турибди. Бу ҳақда “Mundo Deportivo” хабар берди.
Манбага кўра, Зидан аллақачон Франция футбол федерацияси билан шахсий шартнома борасида музокараларни бошлаб юборган. Зидан билан тузилажак шартномада мутахассис билан ҳамкорлик қанча муддатга давом этиши кўрсатилмаган бўлади. Демак, Зинедин қанча вақт истаса, терма жамоа бошқарувида қолиши мумкин. Бу Зидан 2021 йилнинг ёзида “Реал”дан кетганидан бери кутаётган таклиф. Бундан ташқари, у Мадридда яшашни давом эттира олади, у ерда мураббий асосий эътиборини болалар фаолиятига ва ўзининг “Zidane Five club” спорт мактабига қаратади.

Мураббий сифатида Зидан кетма-кет уч марта Европа Чемпионлар лигасида ғолиб чиқди ва икки марта Ла Лига, Испания Суперкубоги, UEFA Суперкубоги ва клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати бош совринини қўлга киритди.
Қайд этиш жоиз, 56 ёшли Дешам ЖЧ-2026'дан кейин терма жамоани тарк этишини тасдиқлади. Дешам бошчилигида Франция терма жамоаси 2018 йилги мундиалда ғолиб бўлди, 2022 йилги ЖЧда эса французлар финалга қадар етиб бориб, пенальтилар церийасида Аргентина терма жамоасига имкониятни бой бериб, кумуш медаллар билан кифояланганди.
Live
Барчаси