Депутат Россия ва Қозоғистон чегарасида қолиб кетган фуқароларни қайтариш зарурлигини айтди
Жамият
−
02 Июнь 2020
5010Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис депутати ҳамда "Юксалиш" умуммиллий ҳаракати Раиси ўринбосари Бобур Бекмуродов Россия ва Қозоғистон чегарасида қолиб кетган Ўзбекистонлик фуқароларга ёрдам бериш лозимлиги ҳақида айтиб ўтди.
Қайд этилишича, кўплаб хорижий давлатларда карантин тартиби эълон қилингани сабабли оғир шароитда қолаётган фуқароларни олиб келиш Ҳукуматнинг кун тартибидаги муҳим масалалардан бири бўлиб турибди. Тўхтовсиз чартер рейсларни ташкил қилиш орқали минглаб фуқаролар Ватанга қайтарилмоқда.
Депутатнинг айтишича, бир неча ҳафталардан буён юзлаб фуқароларимизнинг Россия ва Қозоғистон чегарасида қолаётганликларини, уларнинг бизга қилаётган мурожаатларини кўриб кўрмаётганликка олаётгандекмиз.
"Бу фуқароларимиз элчихона орқали, аввало ўз оилалари саломатлигини ҳурмат қилган ҳолда давлат томонидан ташкил қилинаётган расмий йўллар билан қайтишлари керак эди. Аммо бу ижро ҳокимиятида мазкур масала бўйича кузатилаётган чорасизликни оқлай олмайди – ҳар қандай вазиятда Ўзбекистон фуқароларига ғамхўрлик кўрсатиш, уларнинг ҳаётий манфаатларини ҳимоя қилиш керак.
Ҳукумат таркибида Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳуқуқини ҳимоя қилиш департаменти мавжуд. Мазкур тузилманинг қайтишга мажбур бўлган фуқароларимизни олиб келиш бўйича аниқ режаси борми? Улар бир неча ҳафтадан бери очиқ дала шароитида қолиб кетаётган фуқароларимизни қайтаришга тўғридан-тўғри масъул бўлган ташкилот сифатида қандай ечим таклиф қилади?
Бизнингча, қисқа муддатлар ичида биринчи навбатда эвакуацияга муҳтож бўлган фуқароларимизни рўйхатини шакллантириш ва уларни қайтариш бўйича аниқ режалар эълон қилиниши керак.
Бундан ташқари, хорижда бўлиб турган фуқароларимизни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш бўйича ёндашувлар ҳақида ҳам маълумот берилиши керак.
Ўз навбатида, ватандошларимиз ҳам ҳукуматнинг бу борадаги ҳаракатларини қўллаб-қувватлашлари, чекланган имконият шароитида эътиборни бирламчи эҳтиёжи бўлганларга берилишини тушунишлари керак бўлади", дейди Бекмуродов.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 7 июнигача хорижга 9 чартер рейс амалга оширилиши кўзда тутилган.
LiveБарчаси
26 Ноябрь