Депутат Расул Кушербоев Ички ишлар вазири Бобожоновнинг истеъфосини талаб қиляпти
Жамият
−
15 Июнь 2020
53346Инсон – унутгувчи. Андижондаги шафқатсизлик ҳам Ўзбекистонда шу бугунгача ҳуқуқ-тартибот органларида бўлган қийноқлар каби унутилади, албатта. Аммо пайтдан фойдаланиб отни қамчилаётганлар, позициясини билдираётганлар, муносабат кўрсатаётганлар талайгина. Натижа бўлса ҳам, бўлмаса ҳам... Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоев ҳам улар орасида У ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида Андижонда Ички ишлар бўлими маъмурий биносида Жиноят қидирув бўлими вакиллари томонидан шафқатсизларга қийноққа солинган фуқаро А.Абдукаримовнинг вафот этиши ҳақида шундай дейди:
“Ахборот технологияларининг кенг ривожланиши ва Президент Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий иродаси ортидан амалда ахборот ва сўз эркинлигини таъминлаш борасидаги ўзгаришлар сабаб, бугун кўп соҳалар қатори ҳуқуқни мухофаза қилиш тизимидаги қонунбузилиш ҳолатлари ҳам жамоатчилик томонидан очиқ муҳокама қилинмоқда.
Турли ахборот манбаларида берилаётган қийноқлар билан боғлиқ маълумотлар бу каби салбий иллатлар афсуски тизимда узоқ йиллар давом этиб бугунги кунларга ҳам уланиб кетаётганлигини кўрсатмоқда: самарқандлик аёлнинг ечинтирилиши, ички ишлар биносида одамнинг ўлиб қолиши, андижонлик фуқаронинг қийноқларга солиниши, Бош прокуратура терговчиларининг “Бекобод иши” доирасида одамларни шавқатсиз қийноққа солиши ва куни кеча Андижонда қийноқлар оқибатида бир инсоннинг ўлиши аслида инсон ҳуқуқларини таъминлашни бўйнига олган идораларнинг айрим “психологик бузилган” шахсларидан оддий одамларни ҳимоя қиладиган алоҳида кучли тузилма зарур бўлиб қолганлигини кўрсатмоқда. Балки омбудсман ваколатларини ошириш керакдир. Билмадим...
Энг қизиғи тизимга нисбатан ижодий пародия қилган ижодкорларни ҳам кечирим сўраттириш даражасига етиб келган “фаришта” тизим раҳбарияти ўз ходимлари қонунбузилишининг оғир кўринишларига йўл қўйганда ҳам ҳокисор халқ олдида ҳеч бўлмаса бир бор кечирим сўрамаса. Манманлик ва кибр ҳам шунчаликми, ахир уларга ваколат берган, кўкларга кўтариб сийлаган шу халқ эмасми? Ваҳоланки, тизимни кулгуга олган ижодкорлар ҳам танқид қилаётган бошқалар ҳам улар каби “одам ўлдириш” даражасига боришмаяпти.
Истаймизми-йўқми ҳар бир тизимдаги камчилик ёки ютуқ бевосита ушбу соҳага раҳбарлик қилаётган шасхларнинг қобилияти, халққа содоқат, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўлида ишни ташкил қила олишига боғлиқ.
Афсуски, жамоатчиликка маълум бўлиб қолаётган сўнгги воқеалар(аслида бундан ҳам кўп бўлиши мумкин) ички ишлар тизимига раҳбарлик қилиб келаётган шахсларнинг фаолиятига бўлган ёндошувни қайта кўриб чиқишни тақазо этмоқда. Ҳозирги вазиримизни халқпарвар, деб эшитганман. Аммо бўлиб ўтган ҳолатлар уларнинг истеъфо вақти етиб келганини кўрасатаяпти.
Ҳурматли вазиримиз халқ олдида тизимнинг обрўси тушиши, одамларнинг эътирозлари, ходимларнинг босар-тусарини билмай ИИБда қийноқ, ўлдириш каби ишларни “табиий ҳолга айланиб” боришида энг минимал даражада бўлсин айбдор. Ва биз бу каби ишларни уларнинг раҳбарлик даврида кўпроқ эшитаяпмиз.
Ҳозир энг муҳими тизимни фуқаро билан инсон сифатида муносабат қила оладиган даражада ислоҳ қилишга тайёр, Президент ташаббуси билан инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида қилинаётган ишларни юқори даражага олиб чиқишга қодир кадрлар билан тўлдириш ва ортиқча юклардан халос этиш зарур.
Бизга халқ берган ваколат, Президент билдирган ишончни инсон ҳуқуқларини бузиш эмас, таъминлаш йўлида ишлатиб, халқни рози қилиш учун меҳнат қиладиган “тили ва иши бир” қонун ҳимоячилари керак”.
LiveБарчаси