Депутат Раҳмонова Ўзбекистонни босиб олиш таҳдидига “ўзбекона андиша” билан жавоб қайтарди
Жамият
−
21 Декабрь 2023
29163Ҳозирда Россия гвардияси полк командирининг ҳарбий-сиёсий масалалар бўйича ўринбосари, “Путин жамоаси” ижтимоий ҳаракати аъзоси Захар Прилепиннинг собиқ СССР ҳудудларини Россия Федерацияси таркибига қўшиб, уларнинг аҳолисига рус тилини ўргатиш таклифини илгари сургани Ўзбекистонда норозилик ва кенг мунозараларга сабаб бўлмоқда. Ўзбекистонлик фаоллар ва депутатлар бу борада ўз муносабатларини эълон қилмоқда. Олий Мажлис депутати Умида Раҳмонова ҳам Прилепиннинг даъвосига жавоб қайтарди.
“XXI асрда яшаяпман деб ўйлаяпсизми? Мен ҳам шундай ўйлашни хоҳлайман. Ҳа, бугунги дунё тараққиёт, инновацион ривожланиш, инсон ҳуқуқлари, экология ва шунга ўхшаш прогрессив ташвишлар билан яшасада, кимлардир давлат ахборот агентликлари орқали (!) фашизм ғояларини очиқдан-очиқ олға сурса, мутлақ суверен, мустақил давлатларни босиб олиш кераклигини, битта тилнинг бошқа тиллардан устунлигини уқтириб турса”, деб бошланади Раҳмонованинг баёноти.
Депутат бир неча кун олдин Россия ўз суверенитетини шиддат билан ҳимоя қилиши зарурлиги ҳақида энг юксак минбарлардан гапирилганини, давлатнинг энг биринчи вазифаси ҳам шу эканини эслатди. Раҳмонова худди шу ҳуқуқни (яъни, суверенитет ҳуқуқини) бошқа давлатларга нисбатан бузишни эса ғирт иккиюзламачилик деб атади.
“Шовинизм ғоялари империализм ғоялари билан қоришиб кетиши нацизмдан ҳам жирканчлироқ мафкурага олиб келиши кўз ўнгимизда рўй беряпти. Ўша сохта ёзувчилар ирредентизм, фашизм, шовинизм, нацизм мафкураларини ўрганиб чиқишларини тавсия қиламан. Ва пичоқни олдин ўзларига уриб кўришларини таклиф қиламан”, дейди депутат.
У Прилепинга ХХ асрдаги нацистлар ҳужумидан жабр кўрган ота-боболарига ўзбек халқи елкама-елка туриб ёрдам берганини, душманга қарши жонини фидо қилиб жанг қилганини, қандай бошпана берганини эслатиб қўйадиган одам борлигини сўроқ остига олган.
“Фашистларнинг охири нима бўлишини тарих қайта-қайта кўрсатган. Арқонни узунроқ ташлаб турайлик-чи”, дея хулоса қилган Умида Раҳмонова.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Иномжон Қудратов Прилепиннинг баёнотига муносабат билдираётиб, “Ақлсиз дўст ақлли душмандан ёмонроқдир”, нақлини эслатганди. Табиат ресурслари вазирининг маслаҳатчиси, жамоатчилик фаоли Расул Кушербоев эса Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳам мазкур вазиятдан норозилик билдириб, Россияга расмий нота юбориши кераклигини таъкидлади. “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгаши раиси ўринбосари Миродил Абдураҳмонов ҳам бу бўйича муносабат бериб, Киевни эгаллаш Россия учун орзулигича қолишини айтди. “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси, Олий Мажлис депутати Бобур Бекмуродов эса Прилепиннинг бундай ҳаракати на Ўзбекистон, на Россия қонунчилигига тўғри келмаслигини эслатди.
LiveБарчаси