Депутат: “Мактаблар очилишини Маҳаллий кенгашлар ҳал қилади деб кимни алдаяпсиз, жаноб вазир?”
Жамият
−
12 Сентябрь 2020
38106Аввалроқ, Ўзбекистон Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов мактабларнинг очилиш ё очилмаслигини маҳаллий халқ депутатлари кенгашлари ҳал қилишини, марказдан туриб, мактаблар фалон куни очилади деб ҳеч ким айтмаслигини маълум қилганди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев Шерзод Шерматовнинг мактабларни очиш бўйича фикрларига эътироз билдирди. Депутат вазир жавобгарликни Маҳаллий кенгашларга юклаш орқали ўзини суғурталаяпти деб ўйламоқда.
Ғаниевга кўра, Маҳаллий кенгашларнинг фаолияти асосан юқоридан келган топшириқ ижросини таъминлашга қаратилган. У Кенгашларда мактабларни очиш ваколати борми деб савол берган.
“Халқ таълими вазири Шерзод Шерматовга кўра, Маҳаллий кенгашларнинг ошиб бораётган ваколати мактаблар очилиши бўйича тўғри қарор қабул қилишларига имкон беради. Лекин аслида ҳам шундайми? Ҳақиқатда ҳам амалиётда Маҳаллий Кенгашларда шундай қарор қабул қилиш ваколати борми?
Ҳаммамиз яхши биламизки Маҳалллий кенгашлар раислари ўша ҳудудларнинг ҳокимлари ҳисобланади. Ҳокимлар учун эса Маҳаллий Кенгаш қарори асосида иш ташкил этиш эмас, балки юқоридан келган топшириқ ижросини таъминлаш муҳимроқ ҳисобланади. Шундай экан, фарзандларимиз ҳаёти, соғлиғига оид муҳим қарорни аслида ҳеч қандай ваколати, таъсир кучи йўқ Маҳаллий кенгашлар ҳал қилади деб кимни алдаяпсиз, жаноб вазир? Ўзингизними ё жамоатчиликними?”, дейди Дониёр Ғаниев.
У вазирнинг бу ҳаракатини масъулиятдан қочиш ва эҳтимолий эпидемиологик хавфни инкор қилиб бўлмаслигини таъкидлаган. Мактаб очилишини Маҳаллий кенгашларга юклаш эса жавобгарликни ўзидан соқит қилиш бўлади.
“Менга бу кўпроқ Халқ таълими вазирлиги томонидан масъулиятдан қочиш, эҳтимолий хатони олдиндан суғурталаш учун ўйлаб топилган бир тактикадек туюлмоқда. Чунки бугунги ноаниқ эпидемиологик вазиятда ўқув йилини анъанавий шаклда бошлаш ниҳоятда хавфли (рискли) қарор эканлиги ҳамда катта эҳтимол билан бу қарор ўзини оқламаслигини тахмин қилиш қийин эмас.
Шу боис, Халқ таълими вазирлиги ақлли “юриш” қилиб, масъулиятни ўз зиммасидан соқид қилиб, уни Маҳаллий кенгаш депутатлари зиммасига юклашни маъқул кўрмоқда”, дея вазирнинг ҳаракатига баҳо берган у.
Депутат ер участкаларини олиб қўйиш, бюджет тасдиқлаш каби муаммоли вазиятларда қарор чиқариш Маҳаллий кенгашларга юклаб қўйилаётганини ҳам айтиб ўтган. Бу усул муаммоларнинг катталашиб кетишига сабаб бўлиши қайд этилган. Шунингдек, ҳокимлар Маҳаллий кенгаш раиси бўлиб қолаётгани ҳам танқид қилинган.
“Умуман олганда, охирги пайтларда гўёки Маҳаллий кенгашлар ваколатини ошириш фонида аҳоли эътирозларига энг кўп сабаб бўладиган муаммоли масалалар бўйича қарор қабул қилиш (масалан, ер участкаларини олиб қўйиш, маҳаллий бюджетни тасдиқлаш) ваколатини “қоғозда” Маҳаллий Кенгашларга бериш тенденцияси кузатилмоқда. Гарчи бу ўзгаришлар демократик жиҳатдан тўғри қадам бўлса-да, лекин амалиётда бу муаммоларни ечилишидан кўра, уларни баттар газзаклаб кетишига хизмат қилади, холос. Токи ҳокимлар бир пайтни ўзида Маҳаллий кенгаш раиси вазифасини бажариш амалиётига чек қўйилмас ҳамда уларга ижро ҳокимияти органлари вакиллари бўлмаган номзодлар сайланмас экан, Маҳаллий кенгаш ваколатларини ошириш бўйича амалга оширилаётган барча ҳаракатлар фақат қуруқ, баландпарвоз гап бўлиб қолаверади”, дейди Ғаниев.
Депутатнинг фикрича, эпидемиологик вазият юқори чўққисига чиққан ёки чиқиб келаётган ҳудудлар (ҳозирда асосан водий вилоятлари)да бу қарор бироз кечиктирилиши, ҳеч бўлмаса ушбу ҳудудларнинг марказий, катта шаҳарларида мактаблар фаолияти ҳозирча йўлга қўйилмай туриши керак.
“Чунки коронавирус ва пневмония инфекцияси билан касалланиш кескин ошиб бораётган бир пайтда, фарзандларимиз ҳаётини ёки улар инфекция ташувчи сифатида ёши катта, ҳамроҳ касалликлари бор оила аъзоларининг ҳаётини хавф остига қолдириш эҳтимоли мактабларни шошиб очишга арзимайди”, дея сўзини якунлаган депутат Дониёр Ғаниев.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда жорий йилнинг 7 сентябрь куни 329 та мактаб очилди. Қолган мактаблар эса 14 сентябрдан очилиши кутиляпти. Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, мактабларнинг очилиши 28 сентябрга кўчирилиши мумкин.
LiveБарчаси