Деновдаги портлаш бўйича уч киши қамоққа олинди
Жамият
−
16 Декабрь 2021
12777Кеча, 15 декабрь куни Деновдаги савдо мажмуасида юзага келган чақнаш ҳодисаси бўйича тергов қилинаётган жиноят иши доирасида уч киши қамоққа олинди. Бу ҳақда Бош прокуратура Матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди.
Унга кўра, Денов шаҳар газ бўлими бошлиғи, Ҳудудгаз Сурхондарё газтаъминотининг 2 нафар ходимлари жами 3 нафар шахсга Жиноят кодексининг 116, 214-моддалари билан айб эълон қилиниб, "қамоққа олиш" эҳтиёт чораси қўлланилган.
Аввалроқ Деновдаги портлашга савдо мажмуаси остидан ҳокимлиги қозонхонасини газ билан таъминловчи ўрта босимли қувур ўтгани аниқлангани ҳақида хабар берган эдик. "Инденим" савдо мажмуаси газ қувурининг айнан ўзида қурилгани сабабли ер остидаги коммуникациялар созлигини текшириш учун кириш йўли бўлмаган. Ўтказилган текширувларда мажмуа остида ҳосил бўлган дайди токлар металл қувурларнинг ташқи коррозиясига ва газ қувурида нуқсонлар пайдо бўлишига олиб келган. Бу эса ўз навбатида газ сизиб чиқишига ва газ-ҳаво аралашмасининг портлашига сабаб бўлган.
Маълумот ўрнида, портлаш 7 декабрь куни соат 03:57да Денов шаҳри Мустақиллик кўчасида жойлашган 2 қаватли “Инденим” савдо мажмуаси биносида содир бўлган. Портлаш натижасида савдо мажмуаси биноси деворлари қулаб тушган.
Ёнғин-қутқарув бўлинмалари соат 04:02 да воқеа жойига етиб бориб, чақнаш натижасида содир бўлган ёнғинни соат 04:25 да ўчирган.
Ҳодиса жойига Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов бошчилигидаги Ҳукумат комиссияси сафарбар этилган.
Ҳукумат комиссияси таркибига ИИВ, ФВВ, Миллий Гвардия, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва бошқа идоралар вакиллари киритилган.
Воқеада 9 киши жароҳатланди. Вайроналар остидан икки кишининг жасади топилган.
Савдо мажмуасида юзага келган портлаш бўйича Бош прокуратура томонидан Жиноят кодексининг 257 (Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш) ва 259 (Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 14 декабрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида ўтган ҳафта Деновда бўлган портлашга эътибор қаратиб, бу воқеадан ҳамма кўзини очиши кераклигини таъкидлади.
“Деновдаги бўлган нохуш воқеа ҳамманинг кўзини очиши керак.
Ҳар бир ҳоким, прокурор, ички ишлар, Миллий гвардия, фавқулодда вазиятлар ва қурилиш, саноат хавфсизлиги бошқармалари раҳбарлари ўз ҳудудида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, техник стандартларга амалга қилиш, пала-партиш қурилишларга йўл қўймаслик, ерости тармоқлар ҳисобини юритиш устидан қатъий назорат тизимини ўрнатиши шарт”, деган давлат раҳбари.
LiveБарчаси