Деновдаги кучли портлаш сабаби аниқланди

Жамият 57459
image
-

Денов туманидаги портлаш бўлган савдо мажмуаси остидан тумани ҳокимлиги қозонхонасини газ билан таъминлайдиган ерости ўрта босимли газ қувури ўтказилгани аниқланди. Бу ҳақда “Инденим” савдо мажмуасида содир бўлган портлаш сабаблари муҳокамасига бағишланган йиғилишда айтиб ўтилди. 

“Hududgaz Surxondaryo" газ таъминоти филиали директори М.Мансуров ҳолат бўйича изоҳ бериб, ўтказилган текширувларда 2013 йилда қурилган “Инденим” савдо мажмуасининг остида Денов тумани ҳокимлиги қозонхонасини газ билан таъминлайдиган ерости ўрта босимли газ қувури ўтказилгани аниқланганини маълум қилган.

Унинг қўшимча қилишича, амалдаги қурилиш нормалари ва қоидаларига кўра, иншоотнинг хавфсизлиги ва ишончлилигини таъминлаш учун Савдо мажмуаси ўрта босимли газ қувурининг хавфсизлик зонасини ҳисобга олган ҳолда қурилиши керак. Шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига мувофиқ, ушбу муҳофаза зонаси бинонинг пойдеворидан 4 метр масофани ташкил этиши лозим бўлган.

Қайд этилишича, "Инденим" савдо мажмуаси газ қувурининг айнан ўзида қурилгани сабабли ер остидаги коммуникациялар созлигини текшириш учун кириш йўли бўлмаган. Ўтказилган текширувларда мажмуа остида ҳосил бўлган дайди токлар металл қувурларнинг ташқи коррозиясига ва газ қувурида нуқсонлар пайдо бўлишига олиб келган. Бу эса ўз навбатида газ сизиб чиқишига ва газ-ҳаво аралашмасининг портлашига сабаб бўлган.

Ҳоким вилоятдаги шу тартибда газ тармоғига уланган 25 та нотурар объектни газ тармоғидан узиш ҳамда вилоятдаги ижтимоий соҳа объектларини инвентаризациядан ўтказиб, ноқонуний ҳолатлар аниқланса, уларни ҳам газ тармоғидан узиш ва ҳавфсиз жиҳозларга алмаштириш юзасидан туман ҳокимининг қурилиш ишлари бўйича ўринбосарлари ва газ  идоралари раҳбарларига топшириқ берган.

Маълумот ўрнида, портлаш 7 декабрь куни соат 03:57да Денов шаҳри Мустақиллик кўчасида жойлашган 2 қаватли “Инденим” савдо мажмуаси биносида содир бўлган. Портлаш натижасида савдо мажмуаси биноси деворлари қулаб тушган.

Ёнғин-қутқарув бўлинмалари соат 04:02 да воқеа жойига етиб бориб, чақнаш натижасида содир бўлган ёнғинни соат 04:25 да ўчирган.

Ҳодиса жойига Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов бошчилигидаги Ҳукумат комиссияси сафарбар этилган.

Ҳукумат комиссияси таркибига ИИВ, ФВВ, Миллий Гвардия, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва бошқа идоралар вакиллари киритилган.

Воқеада 9 киши жароҳатланди. Вайроналар остидан икки кишининг жасади топилган.

Савдо мажмуасида юзага келган портлаш бўйича Бош прокуратура томонидан Жиноят кодексининг 257 (Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш) ва 259 (Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 14 декабрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида ўтган ҳафта Деновда бўлган портлашга эътибор қаратиб, бу воқеадан ҳамма кўзини очиши кераклигини таъкидлади.

“Деновдаги бўлган нохуш воқеа ҳамманинг кўзини очиши керак.

Ҳар бир ҳоким, прокурор, ички ишлар, Миллий гвардия, фавқулодда вазиятлар ва қурилиш, саноат хавфсизлиги бошқармалари раҳбарлари ўз ҳудудида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, техник стандартларга амалга қилиш, пала-партиш қурилишларга йўл қўймаслик, ерости тармоқлар ҳисобини юритиш устидан қатъий назорат тизимини ўрнатиши шарт”, деган давлат раҳбари.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 1710
Рейтинг: 3
t
×