“Демократия даври бошланди”. Жапаров парламент сайловлари ҳақида гапирди 

Олам

image

Қирғизистонда бўлажак парламент сайловлари адолатли ва демократик нормалар асосида ўтади. Бу ҳақда Бишкекда ўтказилган Хавфсизлик кенгаши йиғилишида Республика Президенти Садир Жапаров маълум қилди.  

“Қирғизистонда демократия даври бошланди, шунинг учун бўлажак парламент сайловлари ҳалол, адолатли ва барча демократик тамойиллар асосида ўтади”, деган у. 

Жапаровнинг эслашича, ўтган йилнинг октябрь ойида олий қонун чиқарувчи органга бўлиб ўтган сайловлар мамлакатда ҳокимият алмашинуви билан якунланган, чунки сайловлар давомида турли оммавий қонунбузарликларга йўл қўйилган. 

“Буларнинг барчаси инқилобга олиб келди, халқимиз бундан кейин ҳам бу каби нарсаларга тоқат қилмаслигини яна бир бор исботлади”, деган давлат раҳбари. 

Унинг сўзларига кўра, айни пайтда мамлакатда фуқароларнинг овоз бериш жараёнида ўз танловини эркин амалга ошириши учун барча шароит яратилган. 

Маълумот ўрнида, Қирғизистон парламентига сайловлар жорий йилнинг 28 ноябрига белгиланган. Улар аралаш тизим бўйича ўтказилади: 54 депутат партия рўйхати бўйича, 36 нафари бир мандатли сайлов округлари бўйича сайланади. 

Олий қонун чиқарувчи органдаги депутатлик ўринлари учун 21 та сиёсий партия ва 300 га яқин номзодлар бир мандатли сайлов округлари бўйича кураш олиб бормоқда. Сайловда иштирок этаётган партияларнинг аксарияти илк бор қатнашмоқда. 

Республикада сайловчилар рўйхатига 3,7 миллиондан кўпроқ киши киритилган. Қирғизистон ва ундан ташқарида сайлов куни 2500 га яқин сайлов участкаси очилади. Сайловларни 730 га яқин халқаро кузатувчилар, жумладан МДҲ ва ЕХҲТ тузилмаларидан вакиллар ҳам кузатади.

Эслатиб ўтамиз, Қирғизистонда 2020 йилнинг 4 октябрь куни ўтказилган парламент сайловларидан кейин, 7 фоизлик минимум овозни тўплай олмаган партия тарафдорлари норозилик намойишларини бошлади. Бир неча кун давом этган намойиш ва тартибсизликлар ортидан Бош вазир Кубатбек Боронов ва унинг Ҳукумати истеъфога чиқди. Намойишчилар давлат идораларини эгаллаб олди. 

Намойишлар авж олган паллада Марказий сайлов комиссияси сайлов натижаларини тан олмаслик ҳақида қарор қабул қилди. 

Ўша вақтдаги Президент Сооронбай Жээнбеков Бишкекда фавқулодда ҳолат жорий қилди ва пойтахтга ҳарбийлар киритилди. Бунинг натижасида вазият бироз тинчиди. Аммо намойишчилар Президентдан истеъфога чиқишини талаб қилди. Натижада 15 октябрда Жээнбеков халқига қарата ўқ узиб, қон тўкмаслик учун истеъфо берди.  

Унинг вазифасини вақтинча бажариши керак бўлган парламент спикери Канат Исаев бундан бош тортди. Натижада давлат раҳбари ваколати намойишлар ортидан Бош вазир бўлган Садир Жапаровга ўтди. 

Садир Жапаров Қирғизистонда жорий йилнинг 10 январь куни муддатидан олдин ўтказилган президентлик сайловида ғалаба қозонди. У 28 январь куни қасамёд келтириб, расман Президент лавозимида иш бошлади.


Мақола муаллифи

Теглар

сайлов Жапаров

Баҳолаганлар

39

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг