Дебат-2024: кескин саволларга асосли жавоблар

Жамият

image

Ўзбекистонда Парламент сайлови бошланишига 6 кун вақт қолди. Бу кун яқинлашгани сари партиялараро рақобат ҳам жиддий тус олмоқда. Жумладан, 19 октябрь куни Ўзбекистоннинг сиёсий партиялари иштирокидаги теледебатда ҳам томонлар баҳсга киришиб, кўпчиликнинг эътиборини тортишди. Партия вакиллари ўз дастурларидаги масалалар устуворлигига урғу бериб, сайловчилар диққатини жалб эта олдилар. Улар ўртасидаги қизғин баҳс ва тортишувлар жараёнга драматик тус бериб, сиёсий курашни кучайтириш ва сайловчиларни танлаш имкониятларини кенгайтиришга сабаб бўлмоқда.

Партия вакилларининг ўзаро савол-жавоблари ушбу дебатнинг энг юқори нуқтаси бўлди, десак адашмаймиз. Айниқса, Ўзбекистон Либерал-демократик партияси (ЎзЛиДеП) вакилининг Халқ демократик партияси (ХДП) вакилига берган саволи жиддий мунозарага сабаб бўлди. Бу савол ХДП дастуридаги табақалаштирилган солиқ тизимини жорий қилиш, яъни, юқори даромадга эга бўлган фуқаролардан кўпроқ солиқ ундириш масаласи билан боғлиқ эди. ЎзЛиДеП вакили партия позициясидан келиб чиқиб, бундай ташаббуслар мулкдорлар ҳуқуқларини чеклаб қўйиши, мамлакатимизда тадбиркорлик ривожига путур етказиши мумкинлигини таъкидлади.

ХДП вакилининг жавоби ҳам ўринли бўлди ва партия таклифини етарлича асослади. Унинг таъкидлашича, табақалаштирилган солиқ тизимида мулкдорларнинг ҳуқуқлари чекланмайди, балки адолатли солиқ тизими жорий этилиб, ижтимоий барқарорлик ўрнатилади. Қолаверса, бундай солиқ тизими дунё тажрибасида мавжуд бўлиб, давлатлар шу орқали ижтимоий ҳимояни таъминлаётганликларини қайд этди. Партиянинг ушбу ташаббуси мамлакатнинг ҳар томонлама ривожланишига кўпроқ ҳисса қўшиши мумкинлиги билан асосланди.

Шунингдек, партиялар халқни қийнаётган кўплаб масалалар – солиқ юки, уй-жой етишмовчилиги, экологик муаммолар, тирбандлик, муҳожирларнинг шароитини яхшилаш кабиларни кўтариб чиқаётганлигини кузатиш мумкин. Кескин саволлар ва асосли жавоблар бир жиҳатдан сиёсий партияларга очиқ мулоқотлар натижасида ўз позицияларини яққолроқ намоён этиш имкониятини берса, бошқа томондан баҳсларда ҳақиқат яралишига замин яратиб, партиялар илгари сурган ташаббусларни яна бир бор чиғириқдан ўтказиб, сарагини саракка, пучагини пучакка ажратишга имкон бермоқда.

Масалани чуқурроқ таҳлил қиладиган бўлсак, солиқлар азалдан давлатчиликнинг молиявий асоси бўлиб келган. Шу нуқтаи назардан давлатлар шаклланиши билан солиқлар ҳам шаклланиб, одатда, мажбурийлик характерини касб этган. Бугунги кунгача адолатли солиқ тизимини жорий этиш масаласи доимо зиёлилар ва ҳокимиятни ўйлантириб келади. Бунда солиқ тўловчи билан давлатнинг манфаатларини уйғунлаштириш, уларнинг розилиги масаласи муҳим ҳисобланади. Бу эса анча мураккаб масала ҳисобланади. Зеро, буюк Соҳибқирон “Темур тузуклари”да таъкидлаганидек, “Солиқлар давлатнинг иқтисодий таянчидир”.

Умуман олганда, теледебатларда партияларнинг барқарорлик учун муҳим аҳамиятга эга масалаларни ана шундай қизғин баҳслар орқали муҳокама қилиши истиқболимиз учун ҳам муҳим аҳамият касб этади.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг