Евромайдонни “ёндираётган” ўзбеклар

Таҳлил

Ортда қолаётган ҳафта ўзбек спорти учун жуда муҳим воқеаларга бой бўлди. Абдуқодир Ҳусанов том маънода “Манчестер Сити”нинг асосий фигураларидан бирига айланиб бораётганини исботлаб қўйди, профессионал боксчи Исроил Мадримов WBC камари учун жанг қилди, Тошкентда Диёра Келдиёрова номидаги спорт клуби иш бошлади, UFC чемпиони Ислом Махачев Ўзбекистонга келди. Ўзбекистон футбол бўйича катталар ўртасидаги Осиё кубоги мезбонлиги учун даъвогарлар сафига қўшилди.

Шу ва бошқа муҳим спорт мавзулари юзасидан бугун QALAMPIR.UZ’нинг спорт дайжестида сўз очамиз. 

Ўзбекистон Осиё кубогига мезбонлик қилиши мумкин

Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғиз Республикаси 2031 йилги Осиё кубогини биргаликда ўтказиш бўйича Осиё футбол конфедерациясига номзодлик таклифини юборди. Бу ҳақда Ўзбекистон футбол ассоциацияси матбуот хизмати хабар берди.

Манбага кўра, Осиё футбол конфедерацияси (ОФК) Осиё қитъасининг энг нуфузли футбол турнири ҳисобланган Осий кубоги мезбонлигига номзодларни кўриб чиқишни бошлади. Сўнгги йилларда амалга оширилаётган ишлар, яратилган шароитлар, халқаро майдондаги нуфузидан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғиз Республикаси футбол уюшмалари биргаликда Осиё кубоги мезбонлигини юқори савияда ўтказишга ишонч билдирган ҳолда, ўз қўшма номзодини илгари сурди. 

Айни дамга келиб, Тошкент, Наманган, Фарғона, Қарши каби шаҳарларда стадионлар халқаро стандартларга мос равишда тартибга келтирилган. Шу вақтга қадар Ўзбекистон Осиёнинг U-20, U-23 турнирларини ва Футзал бўйича Жаҳон чемпионатига мезбонлик қилган.

Мирзиёев Халқаро дзюдо федерацияси раҳбарини мукофотлади

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 27 февраль куни Халқаро дзюдо федерацияси раҳбари Мариус Визерга давлатимизнинг юксак мукофоти – "Дўстлик" орденини топширди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Билдирилишича, Ўзбекистон Президенти миллий дзюдо мактабини ривожлантиришга қўшган катта шахсий ҳиссаси учун Халқаро дзюдо федерацияси раҳбари Мариус Визерга давлатимизнинг юксак мукофоти – "Дўстлик" орденини топширган.

Қайд этиш жоиз, Мариус Визер нуфузли "Катта дубулға" халқаро турнири доирасида Ўзбекистонда бўлиб турибди. Халқаро дзюдо федерацияси билан Ўзбекистонда дзюдо мактабини ривожлантириш ва ушбу яккакураш турини оммалаштириш борасидаги самарали ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилган.

“Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон халқаро федерация фаолиятида фаол иштирок этмоқда. 2022 йилда мамлакатимизда катталар ўртасида жаҳон чемпионати, ўтган йили ҳарбий хизматчилар ўртасида жаҳон биринчилиги муваффақиятли ўтказилди. Париж шаҳрида бўлиб ўтган ёзги Олимпия ўйинларида Диёра Келдиёрова Ўзбекистон тарихида илк бор дзюдо бўйича олтин медални қўлга киритди”, дейилади хабарда.

Федерация раҳбари Мариус Визер Ўзбекистонда соғлом турмуш тарзини оммалаштириш ва спортнинг барча турларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ёшлар, айниқса, қизларни кенг жалб этиш, замонавий спорт инфратузилмасини яратиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни юқори баҳолаган.

Учрашувда спортчилар, мураббийлар ва ҳакамларни тайёрлашда федерациянинг техник кўмаги ва эксперт ёрдамини кенгайтириш, иқтидорларни саралашнинг самарали механизмини жорий қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон ҳудудларида дзюдо бўйича халқаро мусобақаларни мунтазам ўтказиб бориш таклифи билдирилган.

Шомуродов “Рома”да ойнинг энг яхши футболчиси бўлди

“Рома” клубининг ўзбекистонлик ҳужумчиси Элдор Шомуродов Рим жамоасида февраль ойининг энг яхши футболчиси бўлди. 

28 февралга қадар бўлиб ўтган овоз бериш жараёнларида Шомуродов 48 фоиз овоз тўплаб, шерикларини сезиларли фарқ билан ортда қолдирди. Шомуродовдан ташқари ойнинг энг яхши футболчиси бўлишга Дибала, Челик, Анхелиньо ва Соул каби футболчилар даъвогарлик қилди.

Февраль ойида 29 ёшли ҳужумчи “бўрилар” сафида 5 та ўйинда майдонга тушиб, 1 та гол урди ва 2 та голли узатмани амалга оширди. Шомуродовнинг “Рома” билан амалдаги шартномаси кейинги йил ёзида ниҳоясига етади.

Ўзбекистон U-20 терма жамоаси Жаҳон чемпионати йўлланмасидан бебаҳра қолди 

Ўзбекистон U-20 терма жамоаси Осиё кубоги чорак финал баҳсида Жанубий Кореяга пенальтилар сериясига кўра 3:1 ҳисобида мағлуб бўлди ва Жаҳон чемпионати йўлланмасидан қуруқ қолди. 

Хитойда бўлиб ўтаётган 20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё кубоги чорак финал баҳсида Ўзбекистон терма жамоаси Жанубий Кореяга пенальтилар сериясида мағлуб бўлди ва турнирдаги иштирокини якунлади. Асосий вақт 3:3 ҳисобида тугаган эди. 
Шу тариқа, Фарҳод Нишонов шогирдлари Осиё кубогидаги юришини чорак финалда якунлайдиган бўлди.

Исроил Мадримов профбоксдаги иккинчи мағлубиятини қабул қилди

23 февралга ўтар кечаси Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёд шаҳрида “Riyadh Season” томонидан навбатдаги профбокс кечаси ташкил этилди. Мусобақа доирасида ўзбекистонлик Исроил Мадримов америкалик Виржил Ортисга қарши рингга кўтарилиб, мағлубиятга учради.
Тўлиқ 12 раунд давом этган жангда ҳакамлар қарорига кўра Ортиснинг ғалабаси қайд этилди ва у ярим ўрта вазн тоифасида вақтинчалик WBC камарини ўзида сақлаб қолди.

Шундай қилиб, 26 ёшли Ортис профбоксдаги 23-ғалабасини тантана қилган бўлса, 30 ёшли Мадримов профбоксдаи 2-мағлубиятини қабул қилиб олди. 

Кечанинг марказий жангида икки россиялик профессионал боксчи Артур Бетербиев ва Дмитрий Бивол биринчи оғир вазн тоифада мутлақ жаҳон чемпионлиги учун жанг қилади.

Нурсултон Рўзибоевнинг жанги муддатидан аввал якунланди

23 февраль тонгида АҚШнинг Сиэтл шаҳрида UFC Fight Night турнири бўлиб ўтди ва мусобақа доирасида ўзбекистонлик Нурсултон Рўзибоев ҳам октагонга кўтарилиб, ғалабага эришди.

Америкалик Эрик Макконико билан жанг қилган Ўзбекистон вакили 2-раундда рақибига тинимсиз зарбалар бергач, Макконико ўзини ҳимоялолмай қолди ва ҳакам жангни тўхтатди.

“Мураббийларим билан масофада жанг қилишни режалаштиргандик. 77 ва 84 кг да жанг қилишга тайёрман”, дейди Рўзибоев.

Шундай қилиб, 31 ёшли Рўзибоев UFC'даги 4-жангида 3-ғалабасини қайд этди. Макконико эса ташкилотдаги дебютидаёқ мағлубиятга учради.


Мақола муаллифи

Теглар

спорт дайжести

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг