“Реал” юлдузларини қийнаган Ҳусанов
Таҳлил
−
22 Февраль
12221Ўзбекистонни қашшоқ мамлакат деган таниқли футболчи, “Реал”га қарши 90 дақиқа ўйнаган Абдуқодир Ҳусанов ва ўзбек спортида сайловларга бой бўлган ҳафта спортига оид муҳим мавзулар билан QALAMPIR.UZ да яна спорт дайжести.
ДХХ раиси ЎФАга раҳбар бўлди
Давлат хавфсизлик хизмати раиси Баҳодир Қурбонов Ўзбекистон футбол ассоциацияси президенти этиб сайланди. 22 февраль куни Ўзбекистон футбол ассоциацияси биносида навбатдан ташқари сайлов конгресси бўлиб ўтди.
Ушбу конгрессда ташкилотга янги президент сайлаш масаласи кўриб чиқилди ва бир овоздан ДХХ раиси Баҳодир Қурбонов ЎФА президенти этиб сайланди. Ушбу сайловда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ҳам иштирок этди.
Маълумот ўрнида, бунга қадар мазкур лавозимда Ўзбекистон Республикаси Давлат Хавфсизлик Хизмати собиқ раҳбари Абдусалом Азизов ишлаб келаётган эди. Сўнгги ойда эса ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов бу вазифани бажараётганди.
Ирода Тўлаганова теннис федерацияси раисига ўринбосар бўлди
20 февраль куни Ўзбекистон теннис федерациясининг навбатдан ташқари сайлов конференция якунларига кўра, янги кадрлар қарори қабул қилинди. Бу ҳақда федерация матбуот хизмати хабар берди.
5 нафар спорт мутахассиси Ўзбекистон теннис федерацияси раиси ўринбосарлигига сайланди. Жумладан, ўзбек тенниси афсонаси Ирода Тўлаганова, шунингдек, Зелемхон Ҳайдаров, Нўмон Сатторов, Азиз Ҳамидов ва Сардор Комилов раис ўринбосари сифатида фаолият олиб боради.
Ҳусанов қашшоқ мамлакатдан келгани учун ҳаммани янчиб ташлашни истайди – Пети
Франция терма жамоаси ва “Челси” клуби собиқ футболчиси Эмманюэль Пети ўзбекистонлик ҳимоячи Абдуқодир Ҳусановни қашшоқ мамлакатдан келгани сабаб, кучли ўйин намойиш этишини айтди. Бу ҳақда “Manchester evening news” хабар берди.
“Абдуқодир жуда тез ва курашувчан футболчи. У ҳужумчилар учун қўрқинчли туш. Унинг кучли томонлари курашувчанлиги ва тезлиги саналади. Бу йигит қашшоқ мамлакатдан катта қийинчилик билан келгани туфайли ҳаммани янчиб ташлашни истайди”, дейди Пети.
Ҳусанов “Реал”га қарши ўйнаган энг ёш иккинчи футболчига айланди
Ўзбекистон терма жамоаси ва “Манчестер Сити” клуби ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов “Реал”га қарши дебют қилган иккинчи энг ёш футболчига айланди. Бу ҳақда “Opta” нашри хабар берди.
Манбага кўра, ўзбекистонлик футболчи Абдуқодир Ҳусанов Европа Чемпионлар лигаси доирасида Мадриднинг “Реал” клубига қарши дебют қилган иккинчи энг ёш футболчи бўлди. Ҳусанов 20 ёш-у 356 кунлигида бу натижани қайд этди. Бундан аввалги рекорд 2014 йилда қайд этилган ва ўшанда “Шальке” футболчиси Каан Айхан 19 ёш-у 128 кунлигида “Реал Мадрид”га қарши майдонга тушган.
Маълумот ўрнида, 20 февралга ўтар кечаси Европа Чемпионлар лигаси плей-офф босқичи жавоб ўйинида “Реал Мадри” ўз уйида “Манчестер Сити”ни 3:1 ҳисобида мағлуб этди. Ушбу баҳсда ўзбекистонлик футболчи Абдуқодир Ҳусанов асосий таркибда майдонга тушди ва тўлиқ 90 дақиқа ҳаракат қилди. Дастлабки баҳсда мадридликлар 3:2 ҳисобида ғалаба қозонган. Умумий ҳисоб 6:3 ва “қироллик клуби” кейинги босқичга йўл олди.
ЕЧЛ нимчорак финалида “Реал Мадрид” ва “Барселона” ўз рақибини билиб олди
21 февраль куни Европа Чемпионлар лигаси нимчорак финал босқичига қуръа ташланди.
Қуръа натижасига кўра, “Реал Мадрид” - “Атлетико” билан, “Бавария” - “Байер” билан тўқнаш келадиган бўлди.
Қуйида умумий қуръа натижалари:
- “Брюгге” – “Астон Вилла”;
- “Боруссия Дортмунд” – “Лилль”;
- “Реал” - “Атлетико”;
- “Бавария” - “Байер”;
- ПСВ - “Арсенал”;
- “Фейенорд” – “Интер”;
- ПСЖ - “Ливерпуль”;
- “Барселона” - “Бенфика”.
Маълумот ўрнида, ушбу босқичнинг дастлабки ўйинлари 4-5 март кунлари, жавоб ўйинлари эса 11-12 март кунлари бўлиб ўтиши режалаштирилган.
LiveБарчаси