Рекордчи Руслан. Ла лигага йўл олган ўзбек
Таҳлил
−
22 Декабрь
2595Йил якунланиб бораркан ўзбекистонлик профессионал боксчи Муроджон Аҳмадалиев ва япониялик P4P етакчиси Наоя Иноуэ ўртасидаги ҳикоя ўз кульминациясига яқинлашди. Ўзбекистонлик футболчи Абдуқодир Ҳусановни энди Испания ва Англиянинг гранд жамоалари ўз сафига қўшиб олмоқчи. Олтин тўпдан маҳрум бўлган Винициус эса жамоаси билан мавсумни Жаҳон чемпиони сифатида якунлайдиган бўлди.
Ассалому алайкум. Шу ва бошқа ҳафта давомида трендда турган спорт воқеликлари ҳақда бугунги дайжестимизда батафсил сўз юритамиз. Биз бошладик.
Руслан Нуриддинов рекорд ўрнатиб, жаҳон чемпиони бўлди
Баҳрайнда бўлиб ўтаётган оғир атлетика бўйича жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси Руслан Нуридинов жаҳон рекордини ўрнатиб, чемпион бўлди.
Чемпионатда -109 кг вазн тоифасида иштирок этган ўзбекистонлик атлет даст кўтариш машқида 182 кг билан бешинчи ўринни банд этган бўлса ҳам, силтаб кўтариш дастурида 242 кг билан 3 йил аввал Тошкентда ўзи ўрнатган жаҳон рекордини янгилади. Шу тариқа унинг умумий ҳисобда қайд этган 424 кг натижасини бошқа спортчи янгилай олмади ва Нуриддинов учинчи бор икки кураш бўйича жаҳон чемпионлигига эришди.
Даст кўтариш йўналишида олтин медалга эга чиққан Шарофиддин Амриддинов силтаб кўтаришда 212 кг билан олтинчи, умумий ҳисобда эса 396 кг билан бешинчи бўлди. Шундан бўлса ҳам, барча йўналишлардаги олтин медаллар Ўзбекистон терма жамоаси вакилларига насиб этди.
Шу тариқа, Ўзбекистон терма жамоаси ушбу дунё биринчилигини 3 та олтин, 1 та кумуш ва 2 та бронза медаллари билан якунлади.
Аҳмадалиев вақтинчалик WBA камарига эга чиқди
15 декабрга ўтар кечаси Монакода профессионал бокс кечаси ўтказилди ва турнир доирасида ўзбекистонлик Муроджон Аҳмадалиев ҳам рингга кўтарилиб, рақибини нокаутга учратди.
WBA Интерим камари учун кечган тўқнашувда 30 ёшли Аҳмадалиев мексикалик Рикардо Эспиноса Франкони аяб ўтирмади. Ўн икки раундлик жангнинг учинчи раундидаёқ ўзбекистонлик боксчи рақибини нокаутга учратди.
Шундай қилиб, Аҳмадалиев профрингдаги 13-ғалабасини расмийлаштирди. Энди у вазннинг мутлақ чемпиони япониялик Наоя Иноуэ билан жанг қилиши керак. Томонлар 2025 йилда ўзаро жанг қилиш борасида келишиб олиши ва WBA буйруғига биноан мажбурий жанг ўтказиши лозим.
Винисиус “The best” совринини қўлга киритди
Кеча, 17 декабрь куни Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида FIFA томонидан “The best” совринини тақдирлаш маросими ўтказилди.
Маросимда ҳар бир номинацияси бўйича ғолиблар номи эълон қилинди. “Реал Мадрид” ва Бразилия терма жамоаси ҳужумчиси Винисиус Жуниор 2024 йилнинг энг яхши футболчисига аталган совринга эга чиқди.
“Қаймоқранглилар” бош мураббийи Карло Анчелотти эса 2024 йилнинг энг яхши мураббийи, деб эълон қилинди.
“Реал”нинг Қатарга сафари ҳали ниҳоясига етмади. Бугун, 18 декабрь куни “Реал” FIFA қитъалараро кубоги финалида иштирок этади.
“Қироллик клуби” турнир финалида Мексиканинг “Пачука” жамоасига қарши тўп тепади.
Испания клуби ўзбекистонлик футболчи трансферини эълон қилди
Аввалроқ, Ўзбекистон U-17 ва Тошкентнинг "Локомотив" клуби аъзоси Лазизбек Мирзаев Испаниянинг “Леганес” жамоасига кўчиб ўтгани хабар қилинганди.
17 декабрь куни “Леганес” Мирзаев трансферини расман эълон қилди.
“Бу трансфер “Леганес” ўз лойиҳасини кучайтириш мақсадида халқаро истеъдодларга эътибор қаратганини яна бир бор исботлайди”, дейилади клуб хабарида.
Мирзаев “Леганес”нинг ёшлар жамоаси “Ювенил А” сафига бориб қўшилади. У янги жамоасида 10-рақам остида тўп тепади. Шунингдек, Мирзаевнинг ўсмирлар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида ўзини кўрсатгани ва Англия дарвозасини ишғол қилгани алоҳида таъкидланди. Ҳозирча трансфернинг молиявий томонлари аниқ эмас. “Transfermarkt”га кўра, 18 ёшли Мирзаевнинг қиймати 350 минг еврони ташкил этади.
Саудия Арабистонида бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионатида спиртли ичимликлар сотилмайди
2034 йилда Саудия Арабистонида бўлиб ўтадиган футбол бўйича Жаҳон чемпионати вақтида мухлисларга стадионларда спиртли ичимликлар ичиш тақиқланад. Бу ҳақда “The Guardian” хабар берди.
Манбага кўра, FIFA 2022 йилда Қатарда бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионати вақтида пиво сотиш ҳуқуқини қўлга киритиш бўйича муваффақиятсиз уринишдан кейин турнир ташкилотчилари билан бу борада музокара ўтказмоқчи эмас.
Халқаро футбол федерациясининг Саудия Арабистони ҳукуматига ўз қонунларини юмшатиш ва Жаҳон чемпионати вақтида стадионларда спиртли ичимликлар сотишга рухсат бериш учун босим ўтказиш нияти ҳам йўқ. Бошқа кўплаб мусулмон давлатларидан фарқли ўлароқ, Саудия Арабистонида ҳатто ҳашаматли меҳмонхоналарда ҳам спиртли ичимликларни сотиш тақиқланган. Спиртли ичимликлар сотадиган ягона дўкон 2024 йил январь ойида очилган ва фақат мусулмон бўлмаган дипломатларга хизмат кўрсатади.
FIFA манбаларига кўра, Саудия Қатарда бўлиб ўтган 2022 йилги Жаҳон чемпионатидан намуна олган.
Қайд этиш жоиз, 11 декабрь куни 2034 йилги футбол бўйича Жаҳон чемпионати Саудия Арабистонида ўтказилиши расман эълон қилинган эди. Мамлакат мусобақани ўтказишга ягона номзод бўлди. Жаҳон чемпионати 38 кун давом этади, чунки 2026 йилдан бошлаб турнирда 48 та жамоа иштирок этади. Оммавий ахборот воситаларида чемпионат ёзда эмас, кучли жазирама ва Рамазон байрами муносабати билан январда бўлиб ўтиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқатмоқда.
Маълумот учун, ЖЧ-2026 АҚШ, Канада ва Мексикада бўлиб ўтади. 2030 йилги Жаҳон чемпионатининг асосий мезбонлари Испания, Португалия ва Марокаш бўлади. Сўнгги жаҳон чемпионати 2022 йилда Қатарда бўлиб ўтган.
Ҳусанов учун курашга “Манчестер Сити” ҳам қўшилди
Франциянинг “Ланс” клуби ва Ўзбекистон терма жамоаси ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусановга Европанинг учта гранди даъвогарлик қилмоқда. Бу ҳақда “L’Equipe” хабар берди.
Манбага кўра, футболчи учун “Манчестер Сити”, ПСЖ ва “Атлетико” даъвогарлик қилмоқда. Французлар ўз футболчисини қишда фақат бир шарт билан қўйиб юборишга тайёр. Қизиқиш билдирган клублар камида 30 миллион евро таклиф қилишлари керак.
Жорий мавсумда Абдуқодир Ҳусанов “Ланс” сафида 15 та ўйин ўтказди. Ўзбекистонлик футболчининг Франция клуби билан тузилган шартномаси 2027 йилнинг ёзига қадар амал қилади. “Transfermarkt” футболчини 12 миллион еврога баҳоламоқда.