Алламжоновга суиқасд. Ҳафта таҳлили
Таҳлил
−
27 Октябрь
820627 октябрь куни маҳаллий кенгашлар ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасига депутатлар сайловини кутаётган ўзбекистонликлар 26 октябрь куни Ўзбекистонда деярли учрамайдиган, камдан-кам ҳолатда асосан оддий одамлар билан кузатиладиган шов-шувли хабар билан тонг оттирди. Бу ҳам бўлса Ўзбекистон Президентининг собиқ матбуот котиби, Президент Администрациясининг собиқ амалдори, кўплаб муаммоли вазиятларнинг марказида турувчи Комил Алламжоновга суиқасд уюштирилиши билан боғлиқ воқеа.
Ўзбекистон Президенти Администрациясининг собиқ мулозими Комил Алламжоновга суиқасд уюштирилди
26 октябрь куни Тошкент вилояти Қибрай туманидаги уйи яқинида Комил Алламжонов қуролли ҳужумга учраган. Икки номаълум шахс у ўтирган машинага бир неча бор ўқ узиб, ҳодиса жойидан яширинган. Алламжоновга ҳам, унинг ҳайдовчисига ҳам зарар етмаган. Маълумотларга кўра, Алламжонов уйи яқинидаги поезд йўлидан ўтаётганда унинг автомобилини кутиб турган мотоциклдан тўппонча орқали бир неча бор ўқ узилган.
Алламжоновга нисбатан суиқасдни Бош прокуратура ҳам тасдиқлади. Прокуратурага кўра, Комил Алламжонов кетаётган Range Rover русумли автомашина Қибрай тумани, Ифор кўчаси бўйлаб ҳаракатланган вақтида 2 нафар номаълум шахслар мазкур автомашинага ўқотар қуролдан бир неча маротаба ўқ узиб, номаълум томонга яширинган.
Ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 25,97-моддаси (Қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш) билан жиноят иши қўзғатилди.
Айтилишича, гумон қилинувчи шахсларни аниқлаш ва ушлаш юзасидан тезкор-қидирув тадбирлари амалга оширилмоқда. Ҳозирда тегишли идораларнинг малакали ходимларидан иборат тезкор-тергов гуруҳи тузилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Алламжонов ўтган ой Президент Администрацияси Ахборот сиёсати департаментининг раҳбари лавозимидан кетиб, хусусий секторда фаолиятини давом эттиришини эълон қилганди.
7 яшар қизчага ўгай отаси жинсий зўравонлик қилгани айтилди
Жорий ҳафта ижтимоий тармоқ яна вояга етмаган қизга уятсиз, шаҳвоний ҳаракатлар қилингани ҳақидаги етарли далиллар бор маълумот билан ларзага келди. Қарши шаҳрида яшовчи вояга етмаган қизалоқнинг ўгай отаси томонидан жинсий зўравонликка учрагани ҳақидаги ҳикояси ёлғон эмас, уни исботловчи фотосуратлар ҳам бор.
Аниқланишича, 12 октябрь куни Қарши шаҳрида яшовчи (аёл) Қашқадарё вилояти ИИБга мурожаат қилиб, 2021 йилдан у билан бирга яшаб келаётган турмуш ўртоғи аёлнинг 2017 йилда туғилган қизига нисбатан жинсий зўравонлик ҳаракатларини қилгани тўғрисида хабар берган.
Ҳолат юзасидан Қарши шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими дарҳол терговга қадар текширув бошлаб, кечиктириб бўлмайдиган тергов ҳаракатларини олиб борган. Болага нисбатан эса тегишли суд-тиббиёт экспертизаси тайинланган.
Мазкур ҳолат бўйича Болалар омбудсмани бола манфаатлари нуқтаи назаридан ўз кузатувини давом эттирмоқда. Иш бориши юзасидан қўшимча тарзда маълумот берилиши баён қилинди.
Гулнора Каримовага яқин бўлган собиқ мансабдор Туркияда қўлга олинди
Бир вақтлар Ўзбекистоннинг биринчи Президентининг Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовага яқин бўлган ва у бошчилигидаги лойиҳаларда фаол қатнашган, Аёллар кенгаши республикаси жамоат бирлашмаси раиси лавозимида фаолият юритган Ҳадича Мусаевна Жафарова Туркияда қўлга олиниб, Ўзбекистонга депортация қилинди.
Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консуллигидан хабар қилинишича, Жафарова Туркия ва Ўзбекистон Ички ишлар вазирликлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида Туркияда қўлга олинган. 73 яшар собиқ мансабдор 2011-2013 йилларда банк-молия хусусий секторида юқори лавозимларда ишлаган.
Жафарова жиноий уюшма ташкил этиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, ўзгаларнинг мулкини жуда кўп миқдорда ўзлаштириш, фирибгарлик, сохта тадбиркорлик каби бир қатор жиноятларни содир этганликда айбланиб, 2014 йилдан, айнан Гулнора Каримова ва унга тегишли корхона-ташкилотлар устида тергов ишлари бошлангандан буён қидирувда бўлган.
Ўзбекистон Бош консуллиги Жафарованинг хатти-ҳаракатларидан жабр кўрган фуқаролардан Ички ишлар вазирлиги ёхуд унинг қуйи тизимларига мурожаат қилишни сўраган, жиноий жавобгарликдан қочиб, хорижий давлатларда яшириниб юрган ҳар бир шахсга нисбатан жиноий таъқиб изчил равишда давом эттирилиши ва жиноят учун жавобгарлик принципи қатъий таъминланишини эслатган.
BRICS саммитида нималар бўлди?
Тугаётган ҳафтанинг 24 октябрь куни Россия Федерациясининг Татаристон Республикаси Қозон шаҳрида Россия бошчилигидаги BRICS саммити бўлиб ўтди ва у биринчи марта 24 та давлат раҳбари ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерришнинг иштироки билан ёдда қолди. Ушбу тадбир 2022 йилда Россия қўшинлари тинч Украинага бостириб кирганидан буён ташкил этилган энг йирик халқаро анжуман бўлди.
Саммитда BRICS’га аъзо давлатларнинг аксарият етакчилари иштирок этди. Улар орасида Россия Президенти Владимир Путин, Хитой раҳбари Си Цзиньпин, Миср Президенти Абдул Фаттоҳ ас-Сиси, Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди, Жанубий Африка Президенти Сирил Рамафоса, Эфиопия Бош вазири Абий Аҳмад Али ҳам бор.
Саммитда Саудия Арабистони томонидан Ташқи ишлар вазири Файсал бин Фархон Ол Сауд иштирок этди. Унинг баёнотига кўра, Саудия томони йиғилишда таклиф этилган давлат сифатида қатнашди. Шунга қарамай, ташкилотчилар Саудия Арабистонини альянснинг тўлақонли аъзоси сифатида қабул қилди ва Қозондаги саммит ўтказиладиган жойларда Саудия Арабистони байроғи BRICS’га аъзо бошқа давлатлар байроқлари билан бирга ўрнатилди.
BRICS мамлакатлари етакчиларидан бири, Бразилия Президенти Лула да Силва жароҳати сабаб Россияга ташрифини тўхтатишга мажбур бўлди ва саммитда видеоалоқа орқали иштирок этди.
Саммитга Куба Коммунистик партиясининг биринчи котиби Мигель Диас-Канель таклиф қилинган, бироқ электр станциясининг носозлиги ва мамлакатда электр токи бутунлай ўчиб қолгани сабабли Кубада қолган. Сербия Президенти Александр Вучич Европа Иттифоқи вакилларининг Сербияга бир вақтнинг ўзида бўлиб ўтган ташрифи туфайли саммитда иштирок эта олмади.
BRICS’га аъзо давлатлар делегацияларидан ташқари саммитда Озарбайжон, Беларусь, Венесуэла, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон ва Туркия, Фаластин Президентлари ҳам иштирок этди.
Россия Украинага уруш бошлаб, дунё тартиботини бузиб юборган бир пайтда Қозондаги саммитда Ғазодаги Исроил қирғини муҳокама қилинди. BRICS мамлакатлари делегациялари Яқин Шарқдаги воқеалардан чуқур хавотир билдирди.
“Биз босиб олинган Фаластин ҳудудидаги вазиятнинг ёмонлашуви ва инсонпарварлик инқирози, хусусан, Исроил ҳарбий амалиёти оқибатида Ғазо сектори ва Ғарбий Соҳилда оммавий ўлим ва жароҳатларга олиб келган зўравонликларнинг мисли кўрилмаган кучайиши, тинч аҳолининг мажбурий кўчирилиши ва фуқаролик инфратузилмасининг кенг миқёсда вайрон бўлишидан жиддий хавотиримизни яна бир бор билдирамиз. Биз Ғазо секторида кенг қамровли ва доимий ўт очишни тўхтатишни зудлик билан амалга ошириш, ҳар икки томоннинг барча гаровга олинган ва ноқонуний асирда ушлаб турилган маҳбусларни ҳеч қандай шартларсиз зудлик билан озод қилиш ва Ғазо секторига гуманитар ёрдамни тўсиқсиз, барқарор ва кенг миқёсда етказиб бериш, шунингдек, ҳар қандай тажовузкор ҳаракатларни тўхтатиш зарурлигини таъкидлаймиз”, дейилади BRICS якуний декларациясида.
BRICS давлатлари 1967 йил июнь ойидаги халқаро тан олинган чегараларга мос келадиган, пойтахти Шарқий Қуддус бўлган, Исроил билан тинчлик ва хавфсизликда ёнма-ён яшайдиган суверен мустақил ва ҳаётга қодир Фаластин давлатини барпо этишни назарда тутадиган халқаро ҳуқуқ, шу жумладан БМТ Хавфсизлик Кенгаши ва Бош Ассамблеясининг тегишли резолюциялари ва Араб Тинчлиги асосидаги икки давлат ечимига қатъий содиқлик контекстида БМТнинг тўлақонли аъзоси сифатида қабул қилинишини қўллаб-қувватлашларини тасдиқлади. Бундан ташқари, BRICS мамлакатлари Жанубий Ливандаги вазиятдан хавотир билдирди.
“Биз Исроилнинг Ливандаги тураржой ҳудудларига уюштирган ҳужумлари оқибатида тинч аҳолининг ўлими ва фуқаролик инфратузилмасига етказилган катта зарарни қоралаймиз ва ҳарбий ҳаракатларни зудлик билан тўхтатишга чақирамиз. Биз Ливан суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини сақлаб қолиш ва Яқин Шарқда тинчлик ва барқарорликни сақлаш учун сиёсий-дипломатик ечим учун шарт-шароит яратиш зарурлигини таъкидлаймиз, шу билан бирга БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 1701 (2006) ва 2749 (2024) резолюцияларига қатъий риоя қилиш муҳимлигини таъкидлаймиз. Биз БМТ ходимларига қилинган ҳужумларни ва уларнинг хавфсизлигига таҳдидларни кескин қоралаймиз ва Исроилни бундай ҳаракатларни зудлик билан тўхтатишга чақирамиз”, дейилади декларацияда.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев эса кенгайтирилган доирада ўтган муҳокамаларда Исроил-Фаластин муаммосининг ягона ечими – “икки халқ учун икки давлат” тамойили асосида можарони тинч йўл билан ҳал қилиш эканини айтди. У сўзида, айниқса, болалар ўлимига эътибор қаратди.
“Яқин Шарқдаги тобора кескинлашиб бораётган можаро бизни ҳам ташвишга солмоқда. Бу минтақа қўшни мамлакатлар ва йирик давлатларнинг бу можарога тортилиши билан глобал инқирознинг йирик ўчоғига айланиб бормоқда.
Биз Ғазо ва Ливандаги мисли кўрилмаган гуманитар фожиани қалбимиздаги оғриқ ҳисси билан қабул қиляпмиз. Тинч аҳоли, айниқса, болаларнинг бегуноҳ қурбон бўлишини ҳеч қандай сиёсий мақсадлар оқлай олмайди”, деди Мирзиёев.
Шунингдек, Мирзиёев саммит иштирокчилари эътиборини Афғонистонга қаратиб, йиғилганларни Афғонистонни яккаламасдан, унинг халқига ва “Толибон” ҳукуматига ижтимоий-иқтисодий ривожланиш, тинч қурилиш ва тараққиётнинг долзарб муаммоларини ҳал этишда ёрдам кўрсатишга чақирди.
Россия раҳбари Владимир Путин эса BRICS дон биржасини ташкил этиш ташаббуси билан чиқди.
“Бир қатор BRICS давлатлари дон, дуккакли ва ёғли ўсимликлар етиштириш бўйича дунёдаги энг йирик давлатлар қаторига киради. Шу муносабат билан улар озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашдаги алоҳида ролини ҳисобга олган ҳолда маҳсулот ва хомашё учун адолатли ва прогноз қилинадиган нарх кўрсаткичларини шакллантиришга ёрдам берадиган BRICS дон биржасини очишни таклиф қилишди”, деди Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин.
Россия Федерацияси Президентининг сўзларига кўра, ушбу ташаббуснинг амалга оширилиши миллий бозорларни салбий ташқи аралашувдан, чайқовчиликдан ва озиқ-овқат маҳсулотларининг сунъий танқислигини келтириб чиқаришга уринишлардан ҳимоя қилишга ёрдам беради.
БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Россия Президенти Владимир Путин билан гаплашар экан, уни Украинада “адолатли тинчлик” ўрнатишга чақирди.
“Бизга Украинада тинчлик керак. Адолатли дунё – БМТ Низоми, халқаро ҳуқуқ ва Жаҳон ташкилоти Бош Ассамблеяси резолюциясига мувофиқ бўлади”, деган Гутерриш.
Киев эса Гутерришни BRICS саммитида қатнашгани учун кескин танқид қилди.
“БМТ Бош котиби Украинанинг Швейцарияда бўлиб ўтган биринчи Глобал тинчлик саммитига таклифини рад этди. Бироқ у ҳарбий жиноятчи Путиннинг Қозонга таклифини қабул қилди. Бу тинчлик ишини илгари сурмайдиган нотўғри танловдир. У фақат БМТнинг обрўсига путур етказяпти”, дейилади Украина ТИВ баёнотида.
Зеленский Гутерришдан жуда қаттиқ аразлаган чоғи БМТ Бош котибининг Украинага режалаштирган ташрифига рад жавобини берди.
Европа Иттифоқи ҳам BRICS саммитига жим қараб тургани йўқ. Иттифоққа кўра, Путин ўзининг сиёсий мақсадларига эришиш учун Қозондаги BRICS саммитини суиистеъмол қилган. Хусусан, у Россиянинг Украинага қарши уруши туфайли Ғарб томонидан киритилган санкцияларга қарамай, Россия ташқи сиёсатда яккаланиб қолмаганлигини кўрсатишга интилади.
Саммит якунида дунёнинг 13 мамлакати – Туркия, Қозоғистон, Ўзбекистон, Жазоир, Беларусь, Боливия, Куба, Индонезия, Малайзия, Нигерия, Таиланд, Уганда ва Вьетнам “BRICS ҳамкор давлатлари” мақомини олди. Фаластин Президенти Маҳмуд Аббос эса мамлакати BRICS гуруҳига қўшилиш истаги борлигини тасдиқлади.
Дарвоқе, BRICS саммитида иштирок этиш учун Қозонга борган Мирзиёев Татаристон Республикаси Раиси Рустам Миннихонов томонидан “Дўстлик” ордени билан мукофотланди.
ФЕТО етакчиси Фатҳуллоҳ Гулен АҚШда вафот этди
Туркияда террорчи ташкилот деб эълон қилинган ФЕТО етакчиси Фатҳуллоҳ Гулен жорий йилнинг 20 октябрь куни 83 ёшида АҚШнинг Пенсильвания штатидаги шифохонада вафот этди.
1999 йилдан буён АҚШда яшаб келаётган Гулен Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг асосий рақиби сифатида кўрилар эди. Туркия ҳукуматига кўра, у 2016 йилнинг 15 июль куни содир этилган ва 250 дан ортиқ кишининг ўлимига, яна 2,2 минг кишининг жароҳатланишига олиб келган давлат тўнтаришига уринишда айбдор.
2016 йилнинг 15 июль куни мамлакат хавфсизлик кучлари, ички ишлар, прокуратура, Миллий хавфсизлик хизмати, Куролли Кучлар, мудофаа тизимларига ўрнашиб олган Гулен тарафдорлари Эрдўған бошчилигидаги ҳукуматга қарши тўнтаришни амалга ошириб, Президентни ҳокимиятдан ағдаришни мақсад қилган эди. Тўнтаришга уринишлар халқнинг кўчаларга чиқиб, мамлакат демократиясини ҳимоя қилиши билан бостирилди.
Ушбу воқеадан сўнг Анқара АҚШдан Гуленни экстрадиция қилишни талаб қилди. Шунингдек, Туркия ҳукумати ФЕТО тарафдорларини охирги кишисигача жавобгарликка тортмагунча уларни таъқиб қилишини билдирди.
Фатҳуллоҳ Гулен 1970 йилларда Туркияда пайдо бўлган – Туркия ҳукуматига кўра, Фатҳулла террорчи ташкилоти ҳаракатига (ФЕТО) раҳбарлик қилган. Ташкилот ўзини тинчликсевар ва замонавий исломий қарашларни илгари сурувчи ҳаракат сифатида кўрсатган. Ҳаракатни сиёсий таъсирга эришишга интилишда айбланган. ФЕТО таркибига оммавий ахборот воситалари, мактаблар ва хайрия ташкилотлари киради.
Фатҳуллоҳ Гулен 1999 йилдан бери АҚШда яшаган. У, шунингдек, илоҳиёт ва педагогика бўйича илмий асарлар муаллифи сифатида танилган. 2013 йилда “Time” журналининг дунёнинг 100 та энг нуфузли шахслари рўйхатига кирган.
Туркия ҳукумати 2016 йилдан кейин ўзи билан яхши ҳамкорлик қилиб келаётган мамлакатларда Фатҳуллоҳ Гуленга тегишли турк мактаблари, лицей ва университетларини ёпишга эришди. Бунга мисол тариқасида Қирғизистонни келтириш мумкин. Ўзбекистон эса Гулен фаолиятидаги қинғирликларни биринчи бўлиб, ҳатто, Туркиядан 17 аввал пайқаган ва 1999 йилдаёқ унга оид таълим муассасаларига тақиқ қўйган, Туркиядаги ўзбекистонлик талабаларни эса чақириб олган.
Туркияда теракт содир бўлди
Тугаётган ҳафтанинг 23 октябрь куни Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Татаристоннинг Қозон шаҳрига бориб етмасидан Туркиянинг пойтахти Анқаранинг Қаҳрамонқозон туманидаги Турк аэрокосмик компанияси биносига террор ҳужуми уюштирилди.
Дастлаб компания атрофида отишма ва портлаш овозлари эшитилган. Қуролланган икки шахс – бир эркак ва бир аёл ичкарига кирган ва завод ходимларини ўққа тутган, кўплаб ходимларни асирга олган. Воқеа жойини эса зудлик билан турк хавфсизлик хизматлари ўраб олиб, икки террорчини йўқ қилган.
Теракт оқибатида 5 киши қурбон бўлди, 22 киши жароҳатланди. Қурбонлар орасида эса муҳандис аёл Зоҳида Гучлу ҳам бор ва туркиялик ҳамкасбларимизнинг у ҳақида айтганлари мени эътиборимни тортди.
Эндигина 36 ёшга кирган Зоҳида шу кунларда 6 яшар қизчасининг саратондан даво топганидан севиниб, уни бағрига босишига оз қолганди. Қолаверса, теракт содир этилган куни унинг турмуш қурган куни эди. Шу муносабат билан турмуш ўртоғи унга гуллар юборди. Хавфсизлик хизмати эса гулларни ичкарига киритмади, Зоҳидадан уларни ташқарига чиқиб олишини сўради. Гуллар киритилмаган бинога қуролланган террористлар эмин-эркин кириб борди ва мақсадига етди.
Расмий Анқаранинг маълум қилишича, террорчилик акти дунёнинг кўплаб мамлакатларида террорчи ташкилот сифатида тан олинган PKK, “Курдистон ишчилар партияси” террор ташкилоти томонидан амалга оширилган.
Хўш, нега айнан Туркия аэрокосмик саноати компанияси. Ушбу компания 1973 йилда ташкил этилган, Туркиянинг аэрокосмик соҳасида жуда муҳим саналади. Унда самолёт, вертолёт, дронлар ҳамда тижорий фойдаланиш ва ҳарбий эҳтиёжлар учун космик сунъий йўлдош воситалари ишлаб чиқарилади. 5-авлод KAAN қирувчи самолёти айнан шу завод муаллифлигида тайёрланади. Туркия томонидан Сурия ва Ироқ шимолидаги террористлар, хусусан PKK террористлари ҳам айнан шу завод қуроллари билан ўққа тутилган.
Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған эса воқеага шундай муносабат билдирди:
“Ҳамма билиши керакки, Туркияга чўзилган кир қўллар, албатта, синади. Ҳеч бир тузилма, ҳеч бир террор ташкилоти, ўз мақсадларига эриша олмайди.
Ҳар хил террор таҳдидлари ва уларни қўллаб-қувватловчиларга қарши қатъият билан курашишда давом этамиз. Хоин террорчилик ҳаракатида шаҳид бўлган биродарларимизга Аллоҳдан раҳмат, ярадорларимизга шифо тилайман”, деган Эрдўған.
Анқарада юз берган терактдан кейин Туркиянинг барча аэропортларида хавф даражаси тўқ сариққа кўтарилди. Маҳаллий нашрларнинг ёзишича, бу террористик гуруҳларнинг аэропортларда терактлар уюштириш режалари билан боғлиқ.
Қайд этилишича, аэропорт ҳудудига кираётган автомобиллар синчковлик билан текширилмоқда. Шунингдек, хавфсизлик ходимлари йўловчиларнинг ҳужжатларини ҳам кўздан кечиряпти.
Сабиҳа Гўкчен номли Истанбул халқаро аэропорти эса йўловчиларга аэропортдаги қўшимча текширувлар ҳақида огоҳлантириб, жўнашдан камида уч соат олдин етиб келишни тавсия қилмоқда.
Аэропортлардан ташқари, бутун мамлакат бўйлаб хавфсизлик чоралари кучайтирилди. Шу боис Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси ўзбекистонликларга огоҳлантириш билан чиқиб, жамоат жойларида хушёрликни ошириш ва эҳтиёт чораларини кўриш, айниқса аэропорт, темирйўл вокзали, автошоҳбекат, кемалар станцияларида, метро ва бошқа жамоат транспортида хавфсизлик қоидаларига амал қилишларини сўради.
Туркияда ўқувчи дўстини отиб ўлдирди
Яна Туркиядан узоқлашмаймиз. Мамлакатнинг Караман шаҳридаги Ҳаққи Теке спорт лицейининг 11-синф ўқувчиси спорт залида дўстини қурол билан отиб ўлдирди. Воқеа тугаётган ҳафтанинг 25 октябрь куни содир бўлди.
Маълум бўлишича, мактаб спорт залида 11-синф ўқувчилари ўртасида номаълум сабабга кўра жанжал келиб чиққан. Ўзаро жанжал муштлашувга айланганида, ўқувчи ўзи билан бўлган қуролни чиқариб, синфдошига қарата ўқ узган. Яраланган болага зудлик билан ёрдам кўрсатилишига қарамай, у шифохонада вафот этган.
Қуролланган ўқувчи қамоққа олинган. Воқеа юзасидан тергов давом этмоқда.
Текширувлар натижасида айбдор ўқувчининг ўзи билан олиб келган қуроли Анталья полиция бошқармасида ишлаган ва таътилда бўлган амакисининг хизмат қуроли экани аниқланган. Сўнгра унинг амакиси ҳам кўрсатма олиш учун полиция бўлимига олиб келинган.
Миронов урушга боришдан бош тортган ўзбекистонликларга виза режимини жорий қилишни таклиф қилди
Россиялик сиёсатчиларнинг Ўзбекистонга нисбатан дағдағалари, сизларни биз боқаяпмиз, деган иддаолари, мигрантлар Россияни ўз ватанидек кўриши ҳақидаги талаблари кундан кунга ортиб бормоқда. Навбатдаги дағдаға “Адолатли Россия – Ҳақиқат учун” партияси раиси Сергей Мироновдан бўлди.
Хабарингиз бор, ўтган ҳафта Россиянинг Қозон шаҳридаги Ўзбекистон Бош консуллиги мигрантларга огоҳлантириш билан чиқиб, яна бир бор хорижий давлатлар ҳудудида жиноий жавобгарлик белгиланган ҳарбий ҳаракатларда иштирок этишдан огоҳлантирганди. Ушбу огоҳлантириш Мироновга ёқмади. Нима эмиш, урушга боришдан бош тортган ўзбекистонликларга виза режимини жорий қилиш керакмиш.
“Ўзбекистоннинг Қозондаги Бош консуллиги ўзбекистонликларни Россия армияси сафларига қўшилмасликка чорлади. Нега бошқа имкониятлардан фойдаланмасликка чорламади? Шунда бошқа имтиёзлардан фойдаланмаслик керакми? Сизни боқаётган мамлакатни ҳимоя қила олмайсизми? Тушунарли, демак, виза режимини жорий қилишимиз керак. Виза режими билан ҳаммаси ҳал бўлади! Бундай “фуқаролар” (мигрантлар) бизга керак эмас”, деган Миронов.
Россия учун россияликларнинг ўзи урушга боришдан бош тортаётган, ёшлар Миронов каби эски авлод вакилларининг буюк ғояларига ишонмай, мамлакатни тарк этаётган, давлат ўзи ғояларига ўз халқини ишонтиролмаётган бўлса, айб мигрантлардами? Ҳамма мигрантлар Россияни ташлаб чиқиб кетса, ким ишлайди? Бошқа тарафдан нега Россия учун урушга мигрантлар бориши керак?
Бундай саволларни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари, “Миллий тикланиш” демократик партияси раиси Алишер Қодиров ҳам кўтарди.
“Ўзбеклар баракали халқ, ҳаққини меҳнат қилиб топади, одам ўлдириб эмас. Россияни эса Мироновнинг ўзи, ўғиллари, куёвлари, неваралари ҳимоя қилиши керак. Билишимча, руслар ҳам ватанни ҳимоя қилишни ўзбеклардек муқаддас бурч деб ҳисоблайдилар?” деди Қодиров.
Собиқ депутат Расул Кушербоевнинг фикрича, юқори мартабали сиёсатчининг бу гаплари Россия томони Ўзбекистон билан алоқаларни бузиш учун баҳона қидираётганини акс эттиради.
“Агар Ўзбекистон ўз ҳудудида ишлаётган рус фуқароларини Ўзбекистон манфаати учун қаергадир урушга жўнатганида Россия дипломатик ваколатхоналари индамай туришармиди? Кейин Ўзбекистонда ҳам қарши томонга нисбатан худди шундай виза режими жорий этиш имконияти борлигини унутмаслик керак. Менимча, Ўзбекистон учун номақбул шахслар рўйхатига Захаровадан сўнг ким киритилиши кераклиги кўпчиликка тушунарли бўлган бўлса керак”, деди Расул Кушербоев.
Миронов кичкина одам эмас. Бутун бошли партия раиси. Керак бўлса виза ҳақида айтганларини қонунчилик таклифи сифатида ҳам тақдим этиш эҳтимоли ва имконияти бор шахс. Шунга қарамай, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Мироновнинг айтганларини жиддий олмадими ё биз билмаган бошқа бир сабаб борми, бу дағдағаларга жавоб қайтаргани йўқ.
Бошқа томондан Россияда мигрантларга нисбатан босимлар янада кучайиб бормоқда. Эндиликда Россиядаги мигрант оилаларнинг болалари ногиронлиги бор шахсларга тенглаштириляпти. Россиянинг Свердловск вилоятидаги бола ҳуқуқлари бўйича вакил Игорь Мороков ОТB телеканалининг “Акцент” дастурда мактабларда таҳсил олаётган мигрант оилаларнинг фарзандларига ногирон сифатида қараш кераклигини айтди.
У Россия мактабларида ўқиётган, аммо рус тилини билмайдиган ўқувчиларнинг мавжудлиги билан боғлиқ муаммога шу тариқа “ечим” борлигини айтган. Омбудсман бу ўқувчилар сони кам бўлган синфларни ташкил этиш ва ўқитувчиларга қўшимча ҳақ тўлаш имконини беришини билдирган.
Бола ҳуқуқлари бўйича вакил бу мигрантларнинг фарзандларини алоҳида, кичикроқ синфларда тилни чуқурроқ ўрганиш билан ўқитиш имконини беришини таъкидлаган. Мороков Екатеринбургда “бу тоифадаги ўқувчилар сони анча кўп бўлган” иккита мактаб борлигини айтиб, 149-сонли мактабни мисол қилиб келтирди. У ўқувчиларнинг 90 фоизи “мигрант болалар” эканини айтган.
Мигрантларга нисбатан нафратни акс эттирувчи муносабатлар фақат бу билан тугаётгани йўқ. Бу ҳафта Тверь вилояти мигрантлар яшайдиган ётоқхона ёқиб юборилди.
Эркак хонага бензин сепиб, уни ёқиб юборган. Ёнғиндан қочган фуқаролардан бири иккинчи қават деразасидан сакраб тушиб, жароҳат олган. Ёнғин оқибатида хона вайрон бўлган, ётоқхона йўлаги шикастланган. Гумонланувчи қўлга олинган ва вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилган. У бу ишни моддий манфаатдорлик эвазига қилганини тан олган.
Унга нисбатан Россия Жиноят кодексининг 167-моддаси (Мулкни қасддан йўқ қилиш ёки шикастлаш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ушбу моддага асосан эркак беш йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.
Россияда 15 ёшли ўзбекистонлик ўсмир 42 ёшли ҳамюртини пичоқлади
Россияда юрган мигрантларимизнинг ўзи ҳам жуда авлиё эмас. Шарманда қилиб, бутун миллат номига доғ тушираётганлар чандон топилади.
Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида ўзбекистонлик 15 ёшли ўсмир 42 ёшли ҳамюртини пичоқлади. Ҳодиса жорий йилнинг 19 октябрь куни содир бўлган эса-да, унинг иси шу ҳафтада чиқди.
Ёш йигит рашк туфайли 42 ёшли Ўзбекистон фуқаросини пичоқ билан яралаган. Жабрланувчи оғир аҳволда шифохонага ётқизилган. Полиция ходимлари 20 октябрь куни гумонланувчини қўлга олган.
Маълумотларга кўра, жароҳатланган эркак ёш ҳамюрти, айтилишича, хотинининг ўғли билан тил топиша олмаган. Бола эса пичоқ билан ҳужум қилган.
Россия Ички ишлар вазирлигининг Санкт-Петербург ва Ленинград вилояти бўйича бош бошқармасининг хабар беришича, йигитча қасддан баданга оғир шикаст етказишда гумон қилиниб, вақтинчалик сақлаш изоляторига жўнатилган.
Яна бир ҳолатда эса Россияда 24 ёшли ўзбекистонлик энага 6 ойлик чақалоқнинг ўлимида айбланмоқда. Лекин бу бахтсиз ҳодиса, қасддан қилинган жиноят эмас. Воқеа жорий йилнинг 15 октябрь куни Санкт-Петербург шаҳрида содир бўлган.
Ота-она олти ойлик чақалоғини энага қарамоғига ташлаб кетган. Қиз болани чўмилтираётганда бола унинг қўлидан тушиб кетган ва бошини ваннага урган. Аввалига энага боланинг иситмаси борлигини айтиб, унга дори берган. Шундан сўнг чақалоқ талвасага туша бошлаган ва ҳушини йўқотган. Энага тез ёрдам чақирган, аммо шифокорлар клиник ўлим ҳолатида шифохонага ётқизилган болани сақлаб қола олмаган. Дастлабки маълумотларга кўра, фожиага бош ва бош суягининг тўмтоқ жароҳати сабаб бўлган.
Айни пайтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, айбланувчига нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўллаш масаласи кўриб чиқилмоқда.
Россиялик журналист Тошкентдаги меҳмонхонада ўлик ҳолда топилди
Рус тилидаги “Лента” нашри ва “Профиль” журналида фаолият юритган россиялик журналист 1977 йилда туғилган Инесса Паперная шу ҳафта Тошкент шаҳридаги меҳмонхоналардан бирида ўлик ҳолда топилди.
Журналист Ўзбекистонга дам олиш учун келган. У ҳамроҳи билан “Karaman Palace” меҳмонхонасига жойлашган.
20 октябрь куни кечқурун Инессага почта жўнатмаси келган. Меҳмонхона ходимлари эшикни тақиллатса ҳам ҳеч ким жавоб бермагач, хонани очишга қарор қилинган. Эшик очилиб, хонага кирилганда ичкарида иккита жасад – Паперная ва унинг дўсти 1979 йилда туғилган Максим Радченконинг жонсиз танаси топилган.
Дастлабки тахминларга кўра, марҳумлар вентиляция тизимига кириб қолган газдан заҳарланган. 20 октябрга ўтар кечаси меҳмонхонада ҳовуз тозаланган – чамаси, газ қувурдан кўтарилиб, Папернаянинг хонасига кириб қолган.
Ҳодиса юз берганидан сўнг “Karaman Palace” меҳмонхонаси муҳрланган, ҳозирда тергов ишлари олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов ҳолатни тасдиқлади.
Бундан ташқари, ушбу меҳмонхонадаги бошқа хонанинг ювиниш хонасидан Ўзбекистон фуқароси 1976 йилда туғилган шахснинг ҳам вафот этгани аниқланган.
Дастлабки суд-тиббий экспертизаси ташхисига кўра, марҳумларнинг ўлими номаълум этиологияли заҳарланишдан келиб чиққанлиги кўрсатилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 186-моддаси 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Газ портлаши оқибатида бир оиланинг 4 нафар аъзоси ҳалок бўлди
Ҳар баҳорда шу бўлар такрор деганларидек, совуқ тушди дегунча Ўзбекистонда из газидан заҳарланиб ёки газ чақнаши оқибатида вафот этиш ҳолатлари ортади. Галдаги ҳолат Самарқандда содир бўлди ва бу галги ҳолат ис гази билан эмас, балки табиий газ билан боғлиқ. Вилоятнинг Қўшработ туманидаги уйлардан бирида газ портлаши оқибатида бир оиланинг 4 нафар аъзоси ҳалок бўлди.
Ҳодиса Қўшработ тумани Ғафур Ғулом кўчаси 7-уй 6-хонадонда рўй берган. Ушбу хонадонда яшаган бир оиланинг 4 аъзоси табиий газдан заҳарланиш ва уйда келиб чиққан ёнғин оқибатида куйиш тан жароҳатлари билан вафот этган.
Туман прокуратураси томонидан вафот этган шахсларнинг ўлим сабабларини аниқлаш мақсадида суд-тиббий экспертизаси тайинланган. Ҳозирда ҳолат юзасидан прокуратура томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ушбу ҳолат ортидан туман газ таъминоти бўлими мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 207- (Мансабга совуққонлик билан қараш) ва 259- (Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилди.
Зокиржон Алматов тақдирланди
Собиқ ички ишлар вазири, 2018 йилдан эътиборан Ички ишлар вазири маслаҳатчиси лавозимида фаолият юритиб келаётган Зокиржон Алматович Алматов Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони билан Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси фахрий унвони билан тақдирланди.
Зокиржон Алматов 1949 йилнинг 10 октябрь куни таваллуд топган. Жорий йил у 75 ёшни қаршилади.
1991 йилнинг 16 сентябрь куни Ички ишлар вазири лавозимига тайинланган Зокиржон Алматов ушбу курсини 2006 йилгача, 15 йил давомида эгаллаб келди. 1992 йилда генерал-мойор, 1996 йилда генерал-лейтенант, 1999 йилда генерал-полковник ҳарбий унвонлари билан тақдирланди.
2005 йилнинг май ойида содир бўлган Андижон воқеаларидан кейин Зокир Алматовнинг саломатлигида муаммолар кузатилади. Шифокорлар бир муддат танаффус қилиш кераклиги, хасталикнинг олдини олиш учун операция зарурлигини айтади. Шу боис Зокиржон Алматов 2005 йилда ўз хоҳишига биноан истеъфога чиқади. 1999 йил воқеаларида кўрсатган қаҳрамонлиги учун “Шон шараф” ордени билан мукофотланган Алматов, 2006 йил истеъфога кетиш олдидан “Буюк хизматлари учун” ордени билан тақдирланади.
У 12 йил Ички ишлар вазирлиги тизимидан айри ҳаёт кечирди. Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президенти бўлгач, 2018 йилдан эътиборан Зокиржон Алматов Ички ишлар вазири маслаҳатчиси ўлароқ соҳага қайтди.
Путин Шимолий Корея аскарлари Россия учун урушга кираётганини тасдиқлади
Айни вақтда бутун халқаро ҳамжамият Шимолий Корея Украинага ҳарбийларини юборганини муҳокама қилаётган ва КХДРнинг ўзи буни буткул рад этаётган пайтда, кутилмаганда, Россия Президенти Владимир Путин Шимолий Корея аскарлари Россия учун урушга кираётганини тасдиқлади.
Путин BRICS саммити якунлари бўйича матбуот анжуманида мамлакатда Шимолий Корея қўшинлари борлигини акс эттирадиган сунъий йўлдош суратлари ҳақидаги саволга жавоб бериб, уларни “жиддий нарса” деб атади.
“Суратлар – бу жиддий нарса. Агар суратлар бўлса, улар ниманидир акс эттиради”, деди Путин.
У, шунингдек, НАТО ҳарбийлари аллақачон тўғридан тўғри Украина можаросида иштирок этаётганини ҳам қистириб ўтди.
Шимолий Корея ўз аскарларини Украинага қарши урушда қатнашиш учун Россияга жўнатгани ҳақидаги хабарларни рад этиб, бундай маълумотни “асоссиз миш-мишлар” деб аташда давом этмоқда.
Украина Бош разведка бошқармаси 24 октябрь куни КХДРдан аввалроқ Россия полигонларида тайёргарликдан ўтган биринчи ҳарбий қисмлар Курск вилоятига етиб келганини хабар қилди. Украина разведка хизматларининг ҳисоб-китобларига кўра, Шимолий Кореянинг 12 мингга яқин ҳарбий хизматчиси, жумладан, 500 офицер ва учта генерал Россияга ўтказилган. Уларни тайёрлаш ва мослаштириш учун Россия Мудофаа вазири ўринбосари Юнус-Бек Эвкуров масъул этиб тайинланган.
НАТО Шимолий Корея қўшинларининг Россияга ўтказилиши ҳақидаги маълумотларни тасдиқлади. Шунингдек, 23 октябрь куни Шимолий Корея қўшинлари Россия ҳудудида мавжудлигини АҚШ Мудофаа вазири Ллойд Остин ҳам тасдиқлаган.
“Бизда Шимолий Корея аскарлари... Россияга кетгани ҳақида далиллар бор. Улар у ерда аниқ нима қилишаётганини вақт кўрсатади. Агар улар бу урушда Россия томонида қатнашмоқчи бўлса, бу жуда жиддий муаммо. Ва бу нафақат Европа учун оқибатларга олиб келади. Бу Ҳинд-Тинч океани минтақасидаги вазиятга ҳам таъсир қилади”, деди Пентагон раҳбари.
Жанубий Корея Миллий разведка хизмати эса КХДРдан ҳозиргача Украинага қарши урушда уни қўллаб-қувватлаш учун Россияга 3000 га яқин аскар юборилгани ҳақида хабар берди. Қайд этилишича, декабрь ойигача Пхеньян ушбу мақсадлар учун Россияга жами 10 минг аскар юборишни режалаштирмоқда.
24 октябрь куни Россия Давлат Думаси мамлакат Президенти Владимир Путин ва Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин ўртасида жорий йилнинг июнь ойида Пхеньянда имзоланган икки давлат ўртасидаги кенг қамровли стратегик ҳамкорлик шартномасини бир овоздан ратификация қилди. Ҳужжат де-факто ҳарбий иттифоқни англатади. Хусусан, ушбу келишувнинг 4-моддасида агар томонлардан бири бир ёки бир нечта давлатнинг қуролли ҳужуми туфайли уруш ҳолатига тушиб қолса, иккинчиси зудлик билан унга мавжуд барча воситалари билан ҳарбий ёрдам кўрсатиши белгиланган.