Ўзбекистондаги 3 та ОТМ дунёнинг энг яхши университетлари рейтингига кирди
Жамият
−
17:55
5753Ўзбекистоннинг учта олий таълим муассасаси Британиянинг “Times Higher Education” ташкилоти талқинига кўра, илк бор дунёнинг энг нуфузли университетлари рўйхатига киритилди. Бу ҳақда “Дунё” хабар берди.
Рейтингда “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” Миллий тадқиқот университети Табиий фанлар, математика ва статистика йўналишида 301–400, Муҳандислик йўналишида 501–600 ўринлар оралиғида қайд этилган.
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети эса Табиий фанлар, математика ва статистика йўналишида 601–800 ўринлар оралиғида ўз ўрнини топган. Тошкент ахборот технологиялари университети Таълим йўналишида 601+, Компьютер илмлари ва дастурлаш технологиялари йўналишида 1001+ ўринни эгаллаган.
“Бу ютуқлар сўнгги йилларда олий таълим тизими, жумладан муҳандислик, аниқ ва табиий фанларга берилаётган эътибор самараси ўлароқ нафақат юртимиз балки халқаро даражада тан олинаётганидан далолатдир", дейилади хабарда.
Дунёдаги энг нуфузли табиий фанлар университетлари рўйхатида Калифорния университети, Гарвард, Стенфорд ва Массачусетс технология институти етакчилик қилмоқда. Энг яхши IT университетлар рейтингида Оксфорд, Кембриж ва Массачусетс технология институти эътироф этилган.
Маълумот учун, “Times Higher Education” рейтинги 11 тоифани қамраб олади. Ташкилот экспертлари университетларни ўқитиш сифати, талабалар ва битирувчиларнинг истиқболлари ва бошқа параметрлар асосида баҳолайди.
LiveБарчаси