Кетмони учган абитуриентлар, нафратга учраган Лепс, 51 ёшни қаршилаган GooGoosha, “самолёт олган” Усмонова – Ҳафта таҳлили
Таҳлил
−
08 Июль 2023
18102Эртага Ўзбекистонда навбатдан ташқари Президент сайлови. Шундай бўлса-да, одамларнинг кўпчилиги хонанда Муниса Ризаеванинг турмушга чиқаётганию Юлдуз Усмонованинг шахсий самолёт олгани ҳақидаги ўзи ўйлаб топган миш-мишларни муҳокама қилиш билан банд. Мен 2015 йилгача 5 йил давомида “Даракчи” газетасида ишлаганман. Ўшанда одамлар сиёсатни муҳокама қилолмас эди. Журналистлар эса соҳада жон сақлаб қолиш учун артистлар ҳақида ёзишга маҳкум қилинганди. 2016 йилдан кейин эса мамлакат сиёсий ҳаёти ҳамин қадар очилди. Бугун уни муҳокама қилиш, элакдан ўтказиш, жараёнларнинг иштирокчисига айланиш мумкин. Бироқ кўпчиликнинг диққат марказида ҳамон маиший масалалар. Одамларимиз қанчалик сиёсат билан қизиқяпти, мамлакат тақдири улар учун қанчалик муҳимлиги эса эртанги сайловда кўринади.
51 ёшни қаршилаган Гулнора Каримованинг “дача”си сотилмайдиган бўлди
Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова 8 июль куни яна бир ёшини панжара ортида нишонлади. У 51 ёшга тўлди.
Жорий ҳафтада эса унга тегишли бўлган “Сижжак” ва “Чотқол” дам олиш масканлари, тўғрироғи Гулнора Каримованинг “дача”лари хусусийлаштириладиган объектлар рўйхатидан чиқарилди. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёевнинг 14 июндаги “Болаларнинг дам олишларини тизимли ташкил этиш ва соғломлаштириш ишларини янада такомиллаштиришга доир” қарори билан хусусийлаштириш режалаштирилаётган объектлар рўйхатига киритилган ўзгартиришларда келтирилган.
“Сижжак” дам олиш маскани 2022 йил октябрь ойида сотувга қўйилганди. Маскан бундан олдин ҳам икки марта: 2020 йил июнь, 2021 йил апрель ва 2022 йил апрелда сотувга қўйилган. Бино 7 миллиардга баҳоланган.
Гулнора Каримовага тегишли бўлган ушбу “дача”да меҳмонхона, бир нечта ҳовуз, амфитеатр, коттеж ва бошқа иншоотлар мавжуд. Оромгоҳга 2017 йил 10 февралда Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти суди томонидан санкция қўйилган.
Кейинроқ оромгоҳ Ўзбекистон Триатлон федерациясига машғулот базаси сифатида фойдаланиш учун берилиши режалаштирилганди. Бу бўйича Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори лойиҳаси ишлаб чиқилганди.
Мирзиёев Қуръонни ёқишни ёвузлик деб атади
Маълумки, жорий йилнинг 28 июнь куни Швецияда муқаддас Қуръони Карим ёқиб юборилган эди. Ушбу ҳолат бутун дуёни ғазаблантирди. Путиндан Эрдўғангача, Рим папасидан, АҚШ расмийларигача ушбу ҳолатни қоралади. Одатда Ўзбекистон дунёда содир бўладиган бундай воқеаларга муносабат билдирмайди. Бироқ бу сафар жим турилмади. Ўзбекистон Республикаси Президентилигига номзод Шавкат Мирзиёев тошкентлик сайловчилар билан бўлган учрашувда ушбу масала ҳақида ҳам сўз очиб, буни ёвуз ҳаракат деб атади ва кескин қоралади.
“Айни вақтда биз радикализм ва экстремизмнинг ҳар қандай кўринишларига, турли миллат ва халқларнинг диний қадриятларига нисбатан ҳурматсизлик кўрсатишга мутлақо қаршимиз. Жумладан, яқинда Швецияда содир этилган, муқаддас Қуръони каримни ёқиб юборишдек ёвуз ҳаракатларни кескин қоралаймиз. Ер юзидаги миллионлаб инсонларнинг дину диёнати, эзгу ҳиссиётларини ҳақорат қиладиган бундай ҳолатларга асло йўл қўйиб бўлмайди”, дейди Мирзиёев.
Жорий ҳафтада Қуръоннинг ёқилишини қоралаган бир Мирзиёев бўлмади. Қаторда Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ҳам бор. Унинг айтишича, Қуръони Каримнинг ёқиб юборилиши ва таҳқирланиши, бу ҳаракатларнинг сўз эркинлиги ниқоби остида оқланиши мутлақо масъулиятсизликдир.
“Биз исломофобия ва ксенофобиянинг кучайиши, шунингдек, Исломни зўравонлик ва террор билан тенглаштиришга уринишлардан хавотирдамиз. Дания, Нидерландия, Швецияда Қуръони Каримнинг ёқиб юборилиши ва таҳқирланиши, бу ҳаракатларни сўз эркинлиги ниқоби остида оқланиши мутлақо масъулиятсизлик, қабул қилиб бўлмайдиган нарса ва қораланиши керак”, дейди Илҳом Алиев.
“Уруш ҳомийси”нинг Ўзбекистондаги концерти бекор қилинди
Жорий ҳафтада россиялик қўшиқчи Григорий Лепс нафақат Ўзбекистонда, балки қўшни Қирғизистон ва Қозоғистон жамоатчилиги орасида ҳам диққат марказида турди. У ҳафта бошида немис танки Leopard'ни йўқ қилган ҳарбийга миллион рубль мукофот пули берганини маълум қилди. Бу эса урушни очиқдан очиқ ҳам маънан, ҳам моддий қўллаб-қувватлаётган хонанданинг Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистонда эълон қилинган концертларига нисбатан норозилик кайфиятини янада кучайтирди.
Энг аввало Лепснинг жорий йил 8 июль куни Қозоғистоннинг Олма ота вилоятидаги казинода ўтиши режалаштирилган концерти бекор қилинди. Одамлар Лепснинг Украинадаги босқинни моддий қўллаб-қувватлаши ҳақидаги баёнотидан кейин ушбу концертга нисбатан норозилик билдира бошлади, ҳатто, концерт учун зал ажратаётган тадбиркорларни ҳам уруш ҳомийси сифатида айблади.
Кўп ўтмай, Қозоғистондаги норозилик Қирғизистонга ҳам ёйилди. Лепснинг 2 август куни Қирғизистоннинг Иссиқкўл вилояти Чўлпонота шаҳрида ўтиши белгиланган концерти сабаблар кўрсатилмай ва ҳеч қандай изоҳсиз бекор қилинди. Гап шундаки, концерт эълон қилинганидан сўнг Қирғизистондаги кўплаб ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари Россиянинг Украинага ҳарбий босқинини қўллаб-қувватловчи санъаткорнинг келишига қарши чиққан.
Ушбу ҳаракатга Ўзбекистон ҳам қўшилди. Лепснинг жорий йилнинг 23 октябрь куни Тошкент шаҳридаги "Халқлар дўстлиги" санъат саройида бўлиб ўтиши режалаштирилган концерти бекор қилингани ҳақидаги хабарни расман Маданият ва туризм вазирлиги эълон қилди. Вазирлик концертнинг бекор қилинишига техник ҳолатларни сабаб қилиб кўрсатган.
Бу орада эса Украинанинг Тошкентдаги элчихонаси Ўзбекистон Республикаси ҳудудида Россиянинг қуролли тажовузини қўллаб-қувватлаган санъаткорларнинг концертлари ўтказилаётгани юзасидан мамлакатдаги ваколатли органларга мурожаат юборгани маълум бўлди.
Элчихона урушни қўллаб-қувватловчи россиялик санъаткорларнинг Ўзбекистондаги чиқишлари уларнинг Ўзбекистон Республикаси обрўсига таҳдид соладиган урушни қўзғатишга қаратилган жиноий фаолиятини қўллаб-қувватлашнинг сохта кўринишини яратиши мумкинлигига эътибор қаратган.
“Россиялик ижрочилар томонидан олинган маблағлар улар томонидан уруш, терроризм ва Украина халқининг геноцидини молиялаштириш учун ишлатилиши мумкин”, дейилади элчихона баёнотида.
Шунингдек, элчихона урушни қўллаб-қувватловчи россиялик санъаткорларнинг чиқишлари учун Ўзбекистоннинг концерт майдонларидан фойдаланишга қарши чиққани учун ўзбек жамоатчилигига ўз миннатдорлигини билдирган.
Ички ишлар ходими 13 яшар қизни зўрлагани айтилди
Тошкент вилоятида Ички ишлар ходими 13 ёшли қизни зўрлаганликда гумон қилинмоқда.
Ушбу ҳолат шу йили май ойининг охирида содир бўлгани айтилмоқда. 13 ёшли қиз дугонаси билан кўчада кетаётган бўлган. Уларнинг қўшниси қизларни машинага ўтириб, сайр қилиб келишни таклиф қилган. Қиз қўшнини яхши танигани учун машинага ўтирган.
Шундан сўнг, қўшни эркак ўсмир қизларни ижарага олинган “дача”га олиб кетган ва қизни зўрлаган. Қизлар яна маҳаллага олиб келиб ташлаб кетилган.
Қайд этилишича, бир ҳафта давомида қиз ўзини яқинларидан узоқ тутган ва онаси кейинчалик бу ишдан хабар топган. Қизнинг онаси дарҳол Ички ишлар органларига мурожаат қилган. Бир ҳафта ўтгач, текширув тайинланган, аммо натижалар жуда узоқ вақт давомида эълон қилинмаган.
Ҳолат юзасидан қизларни олиб кетаётганини кўрган гувоҳлар, шунингдек, “дача” эгаси кўрсатма берган. Гумонланувчининг шахси жабрланувчи томонидан аниқланган. Онанинг сўзларига кўра, у Яшнобод тумани ИИБ ходими бўлиб чиққан. Шундан сўнг, эркак ишдан бўшатилган.
Онанинг сўзларига кўра, гумонланувчи ва унинг яқинларига эркак томонидан таҳдидлар, дўқ-пўписалар қилинган. Аёл таҳдидлар факти ҳақида ҳам ариза ёзган.
Маълум қилинишича, мазкур ҳолат юзасидан эркакка нисбатан Жиноят кодексининг 118-моддаси 4-қисми (14 ёшга тўлмаган шахсни зўрлаш) билан иш очилган. Ушбу моддага кўра, у 15 йилдан 20 йилгача қамалиши мумкин.
Ёдингизда бўлса, жорий йилнинг апрель ойида 2022 йилда Хоразмда амалдорлар томонидан Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари зўрлангани ҳақидаги хабарлар мамлакатни ларзага келтирганди. Ҳатто, бу воқеа хорижда ҳам муҳокамаларга сабаб бўлди. Оммавий ахборот воситалари, халқаро ташкилотлар бонг ураётган бундай воқеаларни одамлар ўқимаяпти, эшитмаяпти, кўрмаяптими ё шу даражада нафс ботқоғига ботганми? Саволлар кўп, жавоб берадиган одам йўқ. Қолаверса, Ички ишлар ходими билан ҳақиқатан ҳам шундай воқеа содир бўлган бўлса, эй жаноблар, етар энди, қачон бир этагингингизни қоқиб, кетма-кет бу хатолардан хулоса чиқарасизлар, шарманда бўлиб кетяпмиз-ку деган гапни айтаман.
ДХХнинг собиқ биноси кимларнинг қўлига ўтди
Тошкентда Давлат хавфсизлик хизматининг собиқ биноси бузилаётгани ҳақидаги хабар бу ҳафта диққат марказида турди.
Гап шундаки, ДХХнинг собиқ [“Марказий бино”] биноси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4 октябридаги 846-сонли қарорига кўра, архитектура ёдгорлиги сифатида рўйхатга олинган ҳамда ушбу қарорда мазкур бино бадиий ёки ўзга маданий қимматлилиги туфайли унга гаров ва ипотека қўлланилиши мумкин эмаслиги қайд этилган.
“Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонуннинг 23-моддасида Давлат мулкида турган моддий маданий мерос объектлари давлат тасарруфидан чиқарилиши ва хусусийлаштирилиши мумкин эмаслиги ҳам белгилаб қўйилган.
ДХХнинг собиқ биноси аукционда 210 миллиард сўмга “Мetropol Group” компаниясига сотилган. Ер участкасининг умумий майдони 2,2 гектарни, бино ва иншоотлар майдони ҳудуди эса 40 243 квадрат метрни ташкил этади. Мазкур ҳудудда инжинерлик алоқа тармоқлари (сув, газ, электр, иссиқлик таъминоти) мавжуд.
Хўш, Аукционда ғолиб бўлган компания кимга тегишли деб ўйлайсиз? ДХХ биносига эгалик қилган “Мetropol Group” компаниясининг 100 фоиз улушга эга таъсисчиси Дониёр Абдулазизович Комилов. Шарифи сизга таниш бўлган шахс 2012 йилдан 2022 йилнинг апрель ойига қадар Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири, 2022 йилнинг апрелидан бошлаб Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ташқи сиёсат бўйича махсус вакили Абдулазиз Комиловнинг ўғли ҳисобланади.
Комиловлар оиласига оид яна бир хабаримиз бор. Шу ҳафта Дониёр Комилов Россиядаги Урал кон-металлургия компаниясининг бенефициар эгаси бўлгани ҳақидаги хабарлар матбуотга сизди.
Жорий ҳафтада QALAMPIR.UZ ДХХ биносининг бузилиши ва унинг ўрнида нима қад ростлаши ҳақида алоҳида суриштирув тайёрлаган. Уни YouTube каналимизда томоша қилишингиз мумкин.
Ҳибсланган журналистлар иши судга юборилди
Кейинги ҳафтадан жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туман судида “Kompromat uzb” Telegram каналига оид жиноят иши кўриб чиқилади.
Келтирилишича, мазкур иш бўйича 1984 йилда туғилган “Human” ахборот портали асосчиси ва муҳаррири Хуршид Далиев, 1983 йилда туғилган “Ўзбекнефтгаз” АЖ матбуот котиби Сиёвуш Ҳошимов, 2004 йилда Андижон вилоятида туғилган Аҳмадулло Аҳмаджонов ҳамда 1973 йилда туғилган Меҳнат муносабатлари ва бандлик вазирлиги матбуот котиби Мавжуда Мирзаева жалб қилинган. Олий судга кўра, Аҳмадулло Аҳмаджонов Жиноят кодексининг 139-моддаси 2-қисми, 165-моддаси 3-қисми “а” ва 25,165-моддаси 3-қисми “а” банди билан, Сиёвуш Ҳошимов юқоридаги моддаларга қўшимча равишда ЖКнинг 243-моддаси билан, Хушид Далиев эса худди шу моддалар ва ЖКнинг 184-моддаси 3-қисми билан, Мавжуда Мирзаева эса Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми “а”, “б”, “в” бандлари билан айбланмоқда.
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташановнинг айтишича, Ўзбекистон Республикаси ДХХ Тергов бошқармаси томонидан олиб борилган тергов ҳаракатлари даврида жиноят ишининг бошқа иштирокчиларига оид қисми Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал кодекси (ЖПК) талаблари асосида алоҳида иш юритувига олинган.
Олий суд берган маълумотга кўра, мазкур жиноят иши бўйича 19 нафар жабрланувчи ва 10 нафар фуқаровий даъвогар мавжуд бўлиб, жиноят оқибатида уларга жами 5 млрд 138 млн сўм миқдорида моддий зарар етказилгани аниқланган.
Маълум қилинишича, ушбу жиноят иши жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судининг иш юритувига келиб тушган бўлиб, айни пайтда у “E-XSUD” электрон ахборот тизими орқали судьялар ўртасида тақсимланиш жараёнида турибди.
Эслатиб ўтамиз, юқоридаги номлари саналган шахслар жорий йилнинг январь ойида ҳибсга олинган эди.
Журналист ва адвокатни ўласи қилиб дўппослатган Қодировми?
Тугаётган ҳафтада Россия Федерацияси таркибига кирувчи Чеченистоннинг Грозний шаҳрида “Новая газета” журналисти Елена Милашина ва адвокат Александр Немовга ҳужум қилинди. Улар ўтирган автомобиль аэропортдан Грознийга, чеченистонлик собиқ судьянинг рафиқаси ва ҳуқуқ фаоллари, таъбир жоиз бўлса Қодировнинг ашаддий мухолифлари Абубакр ва Иброҳим Янгубоевларнинг онаси, Зарема Мусаевага нисбатан фирибгарлик айблови бўйича суд ишида қатнашиш учун кетаётган эди.
Йўлда ниқобли одамлар уларни тўхтатган. Журналист ва адвокат дубинкалар билан калтакланган ва тепилган. Уларнинг телефонлари олиб қўйилиб, блокдан чиқаришлари талаб қилинган. Шунингдек, бошқа жиҳозлари ва ҳужжатлари йўқ қилинган.
Милашина ва Немов олган жароҳатлари оқибатида таниб бўлмайдиган аҳволга келиб қолган. Адвокат Немовга пичоқ билан ҳужум қилинган.
Журналист ва адвокат Россия омбудсмани Татьяна Москалькованинг ёрдами билан хавфсизлиги таъминлаши ва зарур тиббий ёрдам олиши учун Беслан шаҳрига юборилган. Кейинроқ Москвага олиб келинган.
Россия Федерацияси Президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков журналист Елена Милашина ва адвокат Александр Немовга қилинган ҳужумни таъсирчан чоралар кўришни талаб қилувчи жиддий воқеа деб атади. У Владимир Путин аллақачон ҳужум ҳақида хабардор қилинганини билдирди.
Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров эса ҳуқуқ-тартибот идораларига журналист Елена Милашина ва адвокат Александр Немовга ҳужум қилганларни аниқлашни топширганини хабар қилди.
Чеченистонда Қодировнинг хабарисиз журналистларга ҳужум қилиниши тугул қуш ҳам учиб ўтмаслигига ишонмаётган журналист Милашина, оммавий ахборот воситаларига берган интервьюларида ҳужумни уюштирилган деб атамоқда.
АҚШ элчиси Нукус воқеалари учун ҳисоб сўрамоқда
Америка Қўшма Штатларининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Жонатан Ҳеник жорий ҳафтада Нукус воқеаларига бир йил тўлиши муносабати билан ўзининг Twitter саҳифасига ўзбек тилида твит ёзди. Унда гарчи орадан бир йил вақт ўтган бўлса-да, Нукусдаги фожиали қурбонларни унутмаслик кераклиги айтилган.
“Биз ўша воқеалар учун, жумладан, мустақил Нукус комиссияси томонидан тўлиқ ҳисобдорлик зарурлигини таъкидлашда давом этаверамиз", дейди у.
Шунингдек, у сўнгги пайтларда айрим мустақил сайтлардан Нукус фожиаларига оид мақолаларнинг ўчириб ташланаётганини ҳам танқид остига олган.
“Бу борада оммавий ахборот воситалари муҳим роль ўйнайди. Мақолаларни сайтлардан олиб ташлаш учун қилинадиган босим матбуот эркинлиги ва Янги Ўзбекистон тамойилларига тўғри келмайди”, деган АҚШ элчиси.
Бироқ Жонатан Ҳеникнинг кўплаб ўзбек кузатувчилари уни Ўзбекистоннинг ички ишларига аралашишда айбламоқда.
“Афғонистон, Эрон, Ироқ, Ливан, Сурия ва бошқа шунга ўхшаш мамлакатлар учун ҳам АҚШда комиссия тузиб, ҳисоб сўранг. Бизнинг ички ишларимизга аралашманг. Сизнинг Ўзбекистондаги миссиянгиз мамлакат ички сиёсатига аралашиш эмас, балки икки мамлакат ўртасида кўприк ҳосил қилишдир”, дея ёзган унга жавобан кузатувчилардан бири.
Путин Пригожин исёнини бостирган Президентларга раҳмат айтди
Россия Президенти Владимир Путин Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатларга 24 июнь куни мамлакатда исён кўтаришга уриниш пайтида Россия Федерацияси конституциявий тузумини ҳимоя қилишда кўрсатган ёрдами учун миннатдорлик билдирди. Бу ҳақда у 4 июль куни ШҲТнинг Ҳиндистон раислигидаги 23-саммитида сўз очди.
Путин Россия томони ташкилотга аъзо давлатларнинг позициясини юқори баҳолашини ва улар билан алоқаларни янада чуқурлаштириш ниятида эканини билдирди. Унга кўра, ШҲТга аъзо бўлган давлатларнинг муносабатлари тобора кўп қиррали ва мустаҳкам бўлиб бормоқда.
Саммитда Эрон расман Шанхай ҳамкорлик ҳашкилотига аъзо бўлди. Пекиндаги ташкилот котибиятида Эрон байроғини кўтаришга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.
Йиғилишда Эрон Президенти Иброҳим Раисий Ғарб таъсиридан чиқиб кетиш учун АҚШ долларидан воз кечишга чақирди.
“Ғарбнинг гегемонлигига АҚШ долларининг гегемонлиги ёрдам беради. Янги иқтисодий тизим яратиш учун ундан воз кечиб, давлатлар ўртасидаги ҳисоб-китобларда миллий валюталардан фойдаланиш керак”, дейди Эрон раҳбари.
Раисийнинг айтишича, мамлакат минтақада транспорт йўлакларини яратиш бўйича Россия билан ҳамкорликни кенгайтириш ниятида. Шунингдек, Эрон раҳбари ШҲТга аъзолик республикага иқтисодий ривожланиш имкониятини беришини қўшимча қилган.
Хитой Раиси Си Цзиньпин эса саммит давомида “совуқ уруш”ни қўзғатишга уринишларга, шунингдек, гегемонизм ва куч сиёсатига қарши туриш зарурлиги ҳақида гапирган.
Саммит тугагач, “Толибон” бошқарувидаги Афғонистон Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг Қозоғистонда бўлиб ўтадиган навбатдаги саммитида қатнашиш таклифи билан чиқди.
“Толибон” минтақада тотувлик ва хавфсизликни таъминлаш, ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун бундай учрашувлар ўтказилишини олқишлаган. Шунингдек, ШҲТ саммитининг якуний декларациясида кўзда тутилган эркин, барқарор, бирлашган, урушларсиз ва наркотиклардан ҳоли Афғонистонни қўллаб-қувватлаш ҳақидаги бандни ҳам эътироф этган.
Бундан ташқари, Афғонистон Ташқи ишлар вазирлиги афғонларга гуманитар ёрдам кўрсатиш ва қочқинларнинг қайтишига кўмаклашишни давом эттириш зарурлигини билдирган.
Зеленский Грузиядан Саакашвилини беришни талаб қилди
Грузиянинг собиқ президенти Михаил Саакашвили бу ҳафта озиб-тўзиб кетган кўриниши билан халқаро матбуотнинг диққат марказида бўлди. У Тбилиси шаҳар судининг 2007 йилдаги митингни тарқатиб юбориш бўйича иши юзасидан бўлиб ўтган суд мажлисида видеоалоқа орқали иштирок этди.
Саакашвили видеоалоқада жисмоний ҳолатини кўрсатиш учун кўйлагини кўтариб, у жисмонан заиф бўлсада, руҳан жуда кучлилигини айтган.
Украина Президенти Владимир Зеленский 3 июль куни Ташқи ишлар вазирлигига Грузия элчисига қўнғироқ қилиб, Саакашвили масаласи бўйича маслаҳатлашиш учун 48 соат ичида мамлакатни тарк этиш ҳақида буйруқ беришни топширди. У яна Тбилисини Украина фуқароси бўлган Саакашвилини даволаниш учун Киевга ўтказишга чақирди. Зеленскийнинг фикрича, Украинанинг шериклари Саакашвилини сақлаб қолиш учун уни ҳимоя қилишлари керак.
4 июль куни Украина Ташқи ишлар вазирлиги Грузиянинг Киевдаги элчисини маслаҳатлашиш учун Тбилисига қайтишга таклиф қилди. Департаментнинг хабар беришича, дипломатга Грузия собиқ президентининг аҳволи сезиларли даражада ёмонлашгани муносабати билан кескин норозилик билдирилган.
Шундан сўнг, Украинадаги элчиси Георгий Закарашвили Киевни тарк этди. Грузия Ташқи ишлар вазирлиги Зеленскийнинг Саакашвилини топшириш бўйича маслаҳатлашиш учун Грузия элчисини ватанига юбориш тўғрисидаги қарорини "ички ишларга аралашиш" деб атади.
Грузия Ташқи ишлар вазири Илья Дарчиашвили Зеленскийнинг талабига кўра Тбилисига қайтиб келаётган элчи билан ҳеч қандай маслаҳатлашув ўтказишни режалаштирмаётганини айтди.
Саакашвили 2013 йилда Грузияни тарк этган, шундан сўнг мамлакатда унга қарши тўртта жиноий иш очилган, шундан иккитасида сиёсатчи сиртдан уч ва олти йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган. 2021 йил октябрт ойида Саакашвили Грузияга яширинча келганида ҳибсга олинган. 2022 йил май ойида соғлиғи ёмонлашгани сабабли у Тбилисидаги "Вивамед" хусусий клиникасига олиб ўтилган ва у шу кунгача ўша ерда қолмоқда. Грузия расмийларининг фикрича, Саакашвили қамоқдан чиқиш учун ўзини оғир аҳволда деб кўрсатишга уринмоқда.
Урганчнинг собиқ ҳокими 3 йилга қамалди
Тугаётган ҳафтада 2018-2020 йилларда Хоразм вилояти Урганч шаҳар ҳокими лавозимида ишлаган Шуҳрат Абдуллаев 3 йилга озодликдан маҳрум этилди.
4 июль куни жиноят ишлари бўйича Хива туман судида судланувчи Шуҳрат Абдуллаевга оид жиноят ишини кўриб чиқилган. Суд ҳукми билан, Абдуллаев Жиноят кодексининг 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) 2-қисми “а” банди ва 229-4-моддаси 2-қисми “а”, “б” (ер бериш тартибини бузиш) бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган. У давлат ва давлат иштирокидаги ташкилот ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида мансабдор ва моддий жавобгар шахс лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан 2 йилга четлатилган ва унга 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Маълумот учун, Шуҳрат Абдуллаев 1967 йилда Хоразм вилоятида туғилган, муқаддам судланмаган, 2018-2020 йиллар мобайнида Урганч шаҳар ҳокими бўлиб ишлаган. Ҳозирда бу лавозимда Боғот тумани ҳокими сифатида ишлаб келаётган Ойбек Холбоев фаолият олиб бормоқда.
Абитуриентларга тушда кўрилмайдиган енгиллик берилди
2024/2025 ўқув йилидан бошлаб ОТМга кириш имтиҳонларини топшириш “аввал тест, сўнг танлов” тамойили асосида ташкил этилади ҳамда абитуриентларга тест синови натижасида тўплаган балидан келиб чиқиб, олий таълим муассасаси, таълим йўналиши ва шаклини танлаш имкониятига эга бўлади. Бу бўйича Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Маъмурий ислоҳотлар доирасида олий таълим, фан ва инновациялар соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги имзоланди.
Шунингдек, умумтаълим фанларидан халқаро имтиҳон натижалари бўйича сертификатлар ҳам давлат ОТМга қабул қилишда инобатга олинади.
Қарорда келтирилишича, 2023/2024 ўқув йилидан абитуриентларга “давлат гранти” ёки “таълим йўналиши” устуворликларидан бирини танлаш ва танлаган устуворлиги бўйича бакалавриат таълим йўналишлари кетма-кетлигида танловда иштирок этиш ҳуқуқи берилади.
Шунингдек, 2023/2024 ўқув йилидан академик лицейларга ўқувчиларни қабул қилишда ёзма имтиҳон асосида дастлабки саралаш босқичи бекор қилинади, коллеж ва техникумларнинг таълим дастурларига давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари 2 бараварга оширилади.
LiveБарчаси
Путин Тўқаевга ҳам ҳамдардлик билдирди.
28 Декабрь