Давлат тўнтаришига уриниш: Озарбайжонда амалдорларга оғир айбловлар қўйилди
Олам
−
12 Февраль 5901 4 дақиқа
Озарбайжонда давлатга хиёнат, давлат ҳокимиятини зўрлик билан эгаллаб олишга қаратилган ҳаракатлар ва бошқа қатор айбловлар билан ҳибсга олинган Озарбайжон Республикаси Президенти Администрациясининг собиқ раҳбари, 87 ёшли “кулранг кардинал” Рамиз Меҳдиев, Озарбайжон Халқ фронти партияси раиси Али Каримли Озарбайжон Республикаси Бош вазирининг собиқ биринчи ўринбосари Аббос Аббосов ва бошқа шахсларга оид жиноят иши тафсилотлари ошкор қилинди. Бу ҳақда Озарбайжон Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, хорижий махсус хизмат органларининг Озарбайжон хавфсизлиги, миллий манфаат ва ўзлигига қарши олиб борган бузғунчи фаолиятининг олдини олиш мақсадида Давлат хавфсизлик хизмати томонидан амалга оширилган комплекс тадбирлар натижасида Рамиз Анвар ўғли Меҳдиев, Аббос Ойдин ўғли Аббосов, Али Амирҳусайн ўғли Каримли ва бошқаларнинг ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллаш ҳамда давлатнинг конституциявий тузумини зўрлик билан ўзгартиришга қаратилган ҳаракатлар содир этганига асосли шубҳалар юзага келган.
.jpg)
Жиноят иши бўйича айбланувчиларга қўйилган айбловга кўра, хорижий давлатнинг махсус хизмат органлари томонидан Озарбайжондаги сиёсий жараёнларга аралашиш мақсадида тузилган ва 2012 йил 4 июль куни хорижда “Россия-Озарбайжон ташкилотлари иттифоқи” номи билан рўйхатдан ўтказилган, “Миллиардерлар иттифоқи” деб аталган ташкилотнинг муассислари ва раҳбарлари бўлган Аббос Аббосов ва Рустам Иброҳимбоев, шунингдек Рамиз Меҳдиев, Али Каримли, Озарбайжон Халқ фронти партияси аъзолари – Фуад Қаҳрамонли, Ғанимат Зайидов ва бошқалар давлат ҳокимиятини зўрлик билан эгаллаш ҳамда амалдаги конституциявий тузумни зўравонлик билан ўзгартириш бўйича тил бириктирган.
Таъкидланишича, улар 2013 йилги президент сайловларида хорижий давлат фуқароси Рустам Иброҳимбоев номзодини илгари сурган “Демократик кучлар миллий кенгаши”ни тузгач, хорижий махсус хизматларнинг молиявий ва ташкилий кўмагида оммавий тартибсизликлар уюштириш, ҳокимият вакилларининг қонуний талабларига бўйсунмаслик, жамоат тартиби ва муассасалар фаолиятини издан чиқаришга қаратилган ҳаракатлар олиб борган. Бу мақсадлар учун 933 828 манат (549 млн 310 минг доллар) миқдоридаги маблағ, жумладан, Рамиз Меҳдиев ва Аббос Аббосовдан олинган молиявий воситалар сарфлангани айтилади.
Материалларга илова қилинган техник далилларга кўра, “Миллиардерлар иттифоқи” аъзоларига 2013 йилги сайловлар пайтида хорижда яшаётган ва уларнинг таъсири остидаги Озарбайжон фуқароларини мамлакатга юбориш, уларнинг қариндошларини жалб этиш ва митинг ҳамда тартибсизликларда фойдаланиш бўйича топшириқлар берилган.
Шунингдек, “Миллий кенгаш” 2013 йилда тегишли хорижий давлат раҳбариятига махфий мактуб йўллаб, фаолиятини қўллаб-қувватлашни сўрагани ва Озарбайжонга босим ўтказишни таклиф қилгани қайд этилган.
Айбловга кўра, Ғанимат Зайидов 2013 йил бошидан Али Каримли номидан хорижий махсус хизмат вакиллари билан яширин музокаралар олиб борган, Каримлини ҳокимиятга олиб келиш учун ташкилий ёрдам сўраган ва эвазига хорижий давлатнинг стратегик манфаатлари таъминланишини ваъда қилган.
Бундан ташқари, Али Каримли 2020 йил июль ойида Бакуда ўтказилган юриш чоғида тартибсизликлар уюштириш, парламент ва телевидение биноларини эгаллаш ҳамда ҳокимиятни эгаллашни эълон қилиш бўйича топшириқлар бергани билдирилган.
Маълумотга кўра, Рамиз Меҳдиев 2025 йил август-сентябрь ойларида “Давлат бошқарув тизимини қайта қуриш бўйича таклифлар” номли ҳужжат тайёрлаб, уни Россия махсус хизмат вакилларига етказган. Бу ҳаракатлар давлатга хиёнат ва конституцион тузумни зўрлик билан ўзгартиришга қаратилган деб баҳоланган.
Шунингдек, у 2025 йил 13 октябргача бўлган даврда жиноят йўли билан олинган 17 миллион манатдан ортиқ маблағни легаллаштиргани айтилади.
Мазкур иш доирасида бир қатор шахслар Озарбайжон Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан жавобгарликка тортилган. Айрим шахслар мамлакат ҳудудидан ташқарида бўлгани сабабли қидирувга берилган ва суд томонидан сиртдан қамоқ эҳтиёт чораси танланган. Жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Меҳдиевнинг давлат тўнтариши режаси 2025 йилнинг 9 октябрь куни Душанбедаги саммитда Россия томонидан Илҳом Алиевга фош қилингани ўртага чиққан эди. Унга нисбатан танланган уй қамоғи эҳтиёт чораси муддати 4 ойга узайтирилган.
Live
Барчаси