Давлат компанияларининг эксклюзив ҳуқуқлари бекор қилинди

Жамият

image

Кеча, 3 июнь куни Президент Шавкат Мирзиёев қатор давлат компанияларининг иқтисодий фаолият олиб бориш бўйича эксклюзив ҳуқуқларини бекор қилиш тўғрисидаги фармонга имзо чекди. Бу ҳақда Президентнинг тўнғич қизи – Президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева маълум қилди.

“Ушбу ҳужжат эркин бозор яратиш учун амалга оширилаётган чораларнинг узвий давоми бўлди. У мамлакат раҳбариятининг жиддий ва мураккаб ислоҳотлар йўлида шаҳдам қадам ташлаётганини кўрсатади”, деб ёзади Мирзиёева. 

Билдирилишича, фармон қора ва рангли металларни қайта ишлаш, кимё саноати, телекоммуникация ва энергетика каби қатор соҳаларда янги даврни бошлаб беради. 

“Биз Жаҳон Савдо Ташкилотининг энг асосий шартларидан бири – барча учун тенг ва эркин рақобат шароитини яратиш принципига амал қилган ҳолда, мамлакатимизнинг ушбу ташкилотга аъзо бўлиш борасида қарори қатъий эканини яна бир бор намойиш қилмоқдамиз”, дейди Мирзиёева.

Фармонга кўра, қонунчилик билан тақдим этилган қуйидаги махсус (эксклюзив) ҳуқуқлар бекор қилинди:

а) 2025 йил 1 январдан бошлаб:

  • “Ўзметкомбинат” АЖнинг республика ҳудудида қора металл ломи ва чиқиндиларини тайёрлаш (харид қилиш) ҳуқуқи;
  • “Ўзиккиламчиранглиметалл” АЖнинг республика ҳудудида рангли металл ломи ва чиқиндиларини тайёрлаш ва экспорт қилиш ҳуқуқи;
  • “Ўзтрейд” АЖнинг консигнация шартларида озиқ-овқат уни ва буғдойни, шунингдек, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, деҳқон ва фермер хўжаликлари маҳсулотларини банк кафолатлари ёки сиёсий ва тижорат хавфларидан экспорт шартномаларини суғурталаш полисларини тақдим этмасдан экспорт қилинадиган маҳсулотларни савдо уйлари манзилларига тушириш ҳуқуқи;
  • “Ўзкимёимпекс” МЧЖнинг “Ўзкимёсаноат” АЖ ташкилотлари кимёвий маҳсулотлари экспорти ҳамда уларнинг ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун ускуналар, эҳтиёт қисмлар, бутловчи буюмлар, хомашё ва материаллар импортини амалга оширишдаги ягона агент ҳуқуқи;

б) 2026 йил 1 июлдан бошлаб:

  • “UzGasTrade” АЖнинг табиий газни ягона экспорт қилувчи ва импорт орқали ташқи манбалардан марказлашган тартибда харид қилиш бўйича ягона оператор сифатидаги ҳуқуқи;
  • “Ўзэнергосотиш” АЖнинг электр энергиясининг экспорти ва импортини марказлашган тартибда амалга ошириш ҳуқуқи.

Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев эксклюзив ҳуқуқлар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг