Давлат хизматчилари даромадини декларациялашга оид қонунни қабул қилиш вақти келгани айтилди
Жамият
−
05 Март
4890Ўзбекистонда давлат хизматчилари даромадини декларациялашга оид қонунни қабул қилиш вақти-соати келгани таъкидланди. Бу ҳақда бугун, 5 март куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтаётган коррупциянинг олдини олиш бўйича ишлар натижадорлиги ва келгусидаги устувор вазифаларга бағишланган кенгайтирилган йиғилишда маълум қилинди
Билдирилишича, бу борада жамоатчилик фикри жуда муҳим. Мутасаддиларга тез фурсатда ушбу қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйиб, 1 апрелгача киритиш топширилди.
Ноқонуний бойлик орттириш учун жавобгарлик масаласини ҳам ўйлаб кўриш зарурлиги таъкидланди. Қонунчиликка ноқонуний бойлик орттириш ҳақида модда киритиш таклиф қилинди. Яъни, давлат хизматчиси декларация қилган даромадига мос келмайдиган мол-мулкини қаердан олганини исботлаши керак бўлади.
Президент Шавкат Мирзиёев Миллий кенгашни, парламентнинг коррупцияга қарши курашиш қўмиталарини бу борада халқаро андозаларга мос таклифларни ишлаб чиқишга чақирди.
Йирик лойиҳаларни юқори даражадаги коррупцияга қарши стандартлардан келиб чиқиб баҳолаш лозимлиги таъкидланди. Мутасаддиларга бундай инвестиция лойиҳаларида халқаро коррупцияга қарши стандартларни жорий этиш, йирик аукцион шартларини рақобатдошлик экспертизасидан ўтказишни йўлга қўйиш топширилди.
Шунингдек, “Шаффоф қурилиш” платформаси қамрови оширилиши, халқаро ташкилотлар лойиҳаларига ҳам босқичма-босқич жорий қилиниши белгиланди. Бу ишлар халқаро молия ташкилотлари иштирокидаги қурилишларда субпудратчиларни ёллаш ва 1 миллион долларгача бўлган лойиҳалардан бошланади.
“Коррупцияни олдини олиш – давлат хизматига профессионал ва фидойи кадрларни танлаш ҳамда уларни “ҳалоллик вакцинаси” билан эмлашдан бошланади”, деди Президент.
Кадрларни ўқитиш, тарбиялаш ва жой-жойига қўйишда Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ва Давлат бошқаруви академиясининг етакчи сифатидаги роли сезилмаётгани қайд этилди.
Кадрларни баҳолашда эски намунадаги “объективка”дан воз кечиб, илғор IT технологиялар асосида ходимнинг малакаси ва салоҳияти, эришган натижаларини баҳолайдиган тизимга ўтилиши белгиланди.
Лавозимга қўйишда ходимнинг қайси олийгоҳни битиргани ёки қаерда ишлагани эмас, қандай билим-тажрибага эгалиги ва кўрсатган натижалари асосий мезон бўлади. Бу борада номзоднинг камчиликлари билан бирга яхши тарафларини ҳам холисона айтиш керак.
Бундан буён маҳаллада одамлар билан ишлаган, уларнинг муаммосини ўз кўзи билан кўриб, ҳал қилган ёшлар орасидан раҳбар кадрлар танлаб олиниши кераклиги таъкидланди.
Ишга қабул қилишни очиқ ва шаффоф ўтказиш, давлат хизматчилари реестрини белгилаш, кадрларни коррупцияга мойиллигини ўрганиш бўйича фармон лойиҳасини киритиш топширилди.