Давлат хизматчилари бўлган вертолёт қулаб тушди. Қурбонлар бор

Олам

image

Кеча, 29 июль куни Аргентинанинг Сан Хуан провинциясида фавқулодда хизматлар вакиллари бўлган вертолёт ҳалокатга учради. Фожиа оқибатида бортдаги 7 киши ҳаётдан кўз юмди. Бу ҳақда провинция губернатори Марсело Оррего ўзининг X’даги саҳифасида маълум қилди.

Маълум қилинишича, ҳалокат ўрмон ёнғинларини бартараф этиш бўйича ўқув машғулотлари давомида юз берган.

“Провинциямизда содир бўлган вертолёт ҳалокати оқибатида 7 нафар инсоннинг вафот этгани ҳақидаги хабарни чуқур қайғу билан қабул қилдик”, деган Оррего.

Губернаторнинг билдиришича, ҳалок бўлганлар орасида Сан Хуан Фуқаро муҳофазаси хизмати директори, провинция полицияси бошлиғининг ўринбосари, Ёнғин хавфсизлиги хизмати бошлиғи ва унинг ўринбосари, шунингдек, Федерал фавқулодда вазиятлар агентлигининг икки нафар бригада аъзоси бўлган. Вертолётни бошқарган учувчи ҳам ҳодиса оқибатида ҳалок бўлган.

“Бу оғир дамда ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига самимий ҳамдардлик билдираман. Ҳукумат зарур ёрдам кўрсатиш учун барча тегишли идоралар билан ҳамкорлик қилмоқда”, дея қўшимча қилган губернатор.

Маълумотларга кўра, Bell 412 русумли вертолёт билан парвоз вақтида алоқа узилган. Орадан кўп ўтмай унинг қолдиқлари маҳаллий тоғ-кон компаниясига қарашли вертолёт экипажи томонидан топилган. Воқеа тоғли ҳудудда юз бергани ва ҳудудга транспортда бориш имкони бўлмагани сабабли қутқарувчилар ҳалокат жойига пиёда етиб борган.

Маълумот учун, Сан Хуан Аргентинанинг Чили билан чегарадош ғарбий провинцияларидан бири бўлиб, Куйо минтақасига киради. Ҳудуд мамлакатнинг муҳим тоғ-кон марказларидан саналади. Провинцияда олтин, кумуш ва мис қазиб олиш ишлари олиб борилади, шунингдек, йирик мис конларини ривожлантиришга қаратилган лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 28 июнь куни Саудия Арабистонида вертолёт қулаши оқибатида мамлакатнинг 14 нафар фуқароси ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг