“Давлат қарзи тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилди
Жамият
−
02 Август 2021
4680Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Ўзбекистон Республикаси “Давлат қарзи тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси муҳокамага жойлаштирилди.
Қонун лойиҳасини ишлаб чиқишдан асосий мақсад – қонун даражасида давлат қарзи ва унга хизмат кўрсатиш харажатларининг устуворлиги, давлат қарзининг чекланган ҳажмлари ҳамда давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг давлат қарзини бошқаришдаги ваколатларни белгилаш, шунингдек давлат қарзини бошқаришда Парламент ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш бўйича самарали ва яхлит тизимни яратиш.
Кутилаётган натижалар
Ушбу Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши натижасида:
1) давлат қарзини бошқариш жараёнининг фрагментациялашувини олдини олиш;
2) давлат қарзи ва давлатнинг шартли мажбуриятлари бўйича хатарларни бошқариш;
3) давлат қарзи бўйича мажбуриятларни ўз вақтида ва тўлиқ бажарилиши;
4) давлат қарзини барқарор даражада сақлашга қаратилган қонуний механизмларнинг яратилишига эришилади.
Шунингдек, Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтинглардаги ўрнини яхшилашга, хорижий кредитор ва инвесторларнинг мамлакатнинг қарзларни тўлай олиш салоҳиятига бўлган ишончининг ортишига ҳамда давлат томонидан қарзларнинг қулай шартларда ва паст нархларда жалб қилинишига ижобий таъсир кўрсатади.
Ўзбекистон Республикасининг “Давлат қарзи тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси ўн бобдан ва 55 та моддадан иборат.
Биринчи бобда умумий қоидалар, ушбу қонун лойиҳасининг қўлланилиш соҳаси ва асосий тушунчалар келтирилган.
Қонун лойиҳасининг иккинчи бобида давлат қарзини бошқариш соҳасини давлат томонидан тартибга солишга оид қоидалар акс эттирилган. Бунда, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг давлат қарзини бошқаришдаги ваколатлари белгиланган.
Хусусан, ушбу бобнинг 10-моддасида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги давлат қарзини бошқариш соҳасида ягона ваколатли орган эканлиги белгиланмоқда.
Учинчи боб давлат қарзини бошқариш, давлат қарзини бошқаришнинг асосий принциплари, мақсадлари ва стратегиясига бағишланган.
Унга кўра, давлат қарзини бошқариш давлат қарзи бўйича стратегияни ишлаб чиқиш, давлат томонидан маблағ жалб қилиш, давлат томонидан жалб қилинган маблағларни бошқариш, давлат қарзи билан боғлиқ хатарларни бошқариш, давлат қарзини реструктуризация қилиш, давлат томонидан жалб қилинган маблағларни қайтадан кредитлаш, давлат кафолатини расмийлаштириш ва тақдим этиш, давлат қарзи шартномаларининг асл нусхаларини сақлаш, давлат қарзи шартномалари ва давлат кафолатлари, шу жумладан бекор қилинган давлат кафолатларининг рўйхатини юритиш, давлат қарзига хизмат кўрсатилишини таъминлаш ва давлат кафолати бўйича мажбуриятларни бажариш, давлат қарзининг ҳисоби ва ҳисоботини юритишга оид операцияларни амалга оширишдан иборатдир.
Тўртинчи бобда давлат қарзининг устуворлиги, давлат томонидан маблағ жалб қилиш, давлат томонидан маблағ жалб қилиш учун шартлар, давлат қарзини қайтадан кредитлаш ва реструктуризация қилиш, давлатнинг шартли мажбуриятлари, шунингдек Қорақалпоғистон Республикаси ва маҳаллий ҳокимият органлари томонидан қарз жалб қилиш ва молиявий кафолатларни беришга оид қоидалар келтирилган.
Бешинчи бобда давлат қарзининг чекланган ҳажмларини ва давлатнинг шартли мажбуриятлари бўйича йиллик лимитларни белгилашга оид қоидалар келтирилган.
Унга кўра, давлат қарзи суммаси жорий йилдаги номинал ялпи ички маҳсулотнинг йиллик прогноз кўрсаткичига нисбатан 60 фоиздан ошмаслиги лозимлиги белгиланмоқда. Бунда, давлат қарзи суммаси ялпи ички маҳсулотга нисбатан 50 фоиздан ошганда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси давлат қарзи ушбу меъёрдан ошмаслигини таъминловчи чораларни ўрнатилган тартибда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига киритади.
Олтинчи бобда Ўзбекистон Республикаси номидан чиқариладиган давлат қимматли қоғозлари турлари, шунингдек уларни чиқариш ва жойлаштириш бўйича қоидалар келтирилган. Бунда, Ўзбекистон Республикаси номидан чиқариладиган давлат қимматли қоғозлари турлари сифатида давлат ғазначилик облигациялари ва Ўзбекистон Республикаси номидан чиқариладиган халқаро облигациялар кўрсатилган.
Еттинчи бобда давлат кафолатини бериш тартиби, давлат кафолати берилмайдиган ҳолатлар, қарз олувчи-резидентларнинг мажбуриятлари, давлат кафолатини бекор қилишга оид қоидалар акс эттирилган.
Саккизинчи ва тўққизинчи бобда давлат қарзига хизмат кўрсатиш, давлат қарзига хизмат кўрсатиш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш манбалари, қайтадан кредитланган қарзлар бўйича тўловлар, давлат кафолати бўйича мажбуриятларни бажариш, давлат қарзининг ҳисоби ва ҳисоботини юритиш ва маълумотлар очиқлигини таъминлашга оид қоидалар келтирилган.
Ўнинчи боб якуний қоидаларга бағишланган. Ушбу бобда давлат қарзи тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик, низоларни ҳал этиш, давлат қарзи тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан давлат назорати, Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, ушбу Қонуннинг ижросини, етказилишини, моҳияти ва яҳамияти тушунтирилишини таъминлаш ва ушбу Қонуннинг кучга киришига оид қоидалар акс эттирилган.