Ўзбекистоннинг давлат қарзи ҳақида маълумот берилди
Жамият
−
06 Ноябрь 2023
221102023 йил 1 январь ҳолатига Ўзбекистоннинг давлат қарзи 29,2 млрд долларни ёки ялпи ички маҳсулотга нисбатан 36,4 фоизни ташкил этган бўлса, 1 июль ҳолатига кўра, қарз миқдори 31,5 миллиард долларга етган. 2024 йилда ялпи ички маҳсулотга (ЯИМ) нисбатан 37 фоиз атрофида бўлиши кутилмоқда. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги тақдим этган 2024–2026 йилларга мўлжалланган бюджетномада маълумот берилди.
Шу билан бирга сўнгги ҳисоб китобларга қаралса, давлат қарзи ЯИМга нисбатан 36,8 фоизга тенг бўлган. Шундан давлат ташқи қарзи 25,9 миллиард доллар, ички қарзи 5,6 миллиард долларни ташкил этган. Бюджет қонунчилигида 2023 йилда 4,5 миллиард доллар ташқи қарз жалб қилиш белгиланган.
Дастлабки таҳлилларда макроиқтисодий ҳамда фискал кўрсаткичлар барқарорлиги таъминланса, давлат қарзининг ЯИМга нисбати 2024 йилда 37 фоиз, 2025 йилда 37,4 фоиз, 2026 йилда 37,9 фоиз атрофида бўлиши прогноз қилинган. Кутилмаларга қараганда, 2024 йилда мамлакат ялпи ички маҳсулоти ҳажми 100 миллиард доллардан, 2025 йилда 125 миллиард доллардан, 2026 йилда 140 миллиард доллардан ортиши мумкин.
Келгуси уч йилга мўлжалланган бюджет прогноз параметрларини ишлаб чиқишда давлат қарзининг ўрта муддатли даврда макроиқтисодий хавфсиз ҳисобланган ЯИМга нисбатан 60 фоизлик юқори чегараси бўйича киритилган “фискал қоида”га амал қилиш ва бунинг учун бюджет тақчиллигини 2024 йилда 4 фоиздан оширмаслик ҳамда ўрта муддатли даврда ўртача 3 фоиз миқдорида ушлаб туриш мақсад қилинган.
Шунингдек, "2024 йилда консолидациялашган бюджет тақчиллиги давлат дастурларини амалга ошириш учун жалб қилинадиган ташқи қарз маблағларини инобатга олган ҳолда 52,5 трлн сўм, ялпи ички маҳсулотга нисбатан 4,0 фоиз миқдорида прогноз қилинмоқда. Консолидациялашган бюджет тақчиллиги 2025 ва 2026 йилларда 3,0 фоизни ташкил этиши кутиляпти", дейилади бюджетномада.
Қайд этилишича, давлат қарзини хавфсиз даражада сақлаш ва самарали бошқариш мақсадида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан ўрта муддатли истиқболда бир қатор қуйидаги чоралар кўрилиши кўзда тутилган:
- давлат қарзи бўйича йиллик лимитларни белгилаш амалиётини давом эттириш;
- миллий валютада қарз маблағларини жалб қилиш орқали валюта хатарларини камайтириш. Бунда давлат ғазначилик облигацияларини чиқаришнинг чекланган соф ҳажмини 2024 йилда 25 триллион сўм этиб белгилаш;
- энг мақбул харажат ва хатар кўрсаткичларига эга давлат қарзи портфелини шакллантиришга қаратилган ўрта муддатли давр учун давлат қарзини бошқариш стратегияни ишлаб чиқиш ва тасдиқлатиш учун Вазирлар Маҳкамасига киритиш;
- давлат қарзини тўлашнинг ўртача муддатини узайтириш, шунингдек, давлат қарзини манбалар бўйича диверсификация қилиш;
- давлат ғазначилик облигациялари бозорига халқаро инвесторларни кенг жалб қилиш жараёнини жадаллаштириш;
- давлат қарзи бўйича хизмат кўрсатиш билан боғлиқ хатарларнинг олдини олиш, уларни бартараф этиш ёки камайтириш;
- давлат қарзига оид маълумотларнинг очиқлигини таъминлаш.