Давлат идораларига олган совғаларини очиқлаш мажбурий бўлиши мумкин

Жамият

image

Ўзбекистонда давлат идораларига совғалар ва ҳомийлик билан боғлиқ маълумотларни очиқлаш мажбурий бўлиши мумкин. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2021 йил 16 июндаги ПФ–6247-сон Фармони билан тасдиқланган “Очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхатига қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги фармони лойиҳаси эълон қилинди.

Ҳужжат билан “Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент фармони билан тасдиқланган очиқ маълумотлар шаклида жойлаштирилиши лозим бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхатига қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда.

Хусусан, ҳар ойда Қорақалпоғистон Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар қурилиш бош бошқармалари ҳузуридаги архитектура-шаҳарсозлик кенгашлари томонидан шаҳарсозлик фаолияти объектларини қуриш учун лойиҳаолди ва лойиҳа ҳужжатларини келишиш натижаларини очиқлаш лозим.

Шунингдек, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси томонидан қурилиш-монтаж ишларини бошлашга берилган рухсатномалар ҳамда қурилиши тугалланган объектларни фойдаланишга қабул қилиш ҳужжатлари тўғрисидаги маълумотлар ҳам очиқ бўлиши керак.

Шу билан бирга, ҳар чоракда давлат органлари ва ташкилотлари ходимлари томонидан хизмат сафарлари доирасида қабул қилинган совғалар тўғрисидаги маълумотлар (қонунчиликка мувофиқ ўз хоҳиши ва ихтиёрига кўра тасарруф этилиши белгиланган совғалар бундан мустасно) омма учун очиқ бўлиши талаб этилади.

Бундан ташқари, давлат органлари ва ташкилотлари томонидан ҳомийлик хайриялари тариқасида олинган пул маблағлари тўғрисидаги маълумотларга (мол-мулк, иш ва хизматлар ҳамда бошқа шаклда қўллаб қувватлаш) ҳам шундай талаб қўйилади.

Шу қаторда алоҳида тартибда, давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган хўжалик жамиятлари ҳамда давлат унитар корхоналари томонидан ҳомийлик хайрия ёрдами сифатида ажратилган маблағлар тўғрисидаги маълумотларни очиқ эълон қилиб борилиш шарт этиб белгиланмоқда.

Маълумот учун, давлат фуқаролик хизматчиларига хорижий хизмат сафарлари ва халқаро тадбирларда совғалар қабул қилишга рухсат берилган, бироқ уларнинг қиймати БҲМнинг 4 бараваридан (1 млн 648 минг сўм) кам бўлиши керак.

Юқоридаги фармон лойиҳаси бўйича жамоатчилик муҳокамаси 18 июнга қадар давом этади.


Мақола муаллифи

Теглар

ҳомийлик совға Давлат органлари

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг