Давлат органлари томонидан етказилган зарарни қоплаш тартиби белгиланди
Local
−
28 July 2847 3 minutes
Ўзбекистонда давлат органи ёки унинг мансабдор шахси томонидан етказилган зарарни қоплаш тартиби белгиланди. Бу ҳақда кеча, 27 июль куни эълон қилинган “Давлат органининг ёки унинг мансабдор шахсининг қонунга хилоф қарори, ҳаракати ёхуд ҳаракатсизлиги туфайли етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисида”ги қонунда сўз боради.
Ҳужжат қонунчилик палатаси томонидан 2025 йил 19 августда қабул қилинган бўлиб, Сенат томонидан 2026 йил 7 апрелда маъқулланган.
23 моддадан иборат мазкур қонун давлат органлари, уларнинг таркибий ва ҳудудий бўлинмалари ҳамда мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги натижасида етказилган зарарни қоплаш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солади.
Қонунга мувофиқ, агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида зарарни қоплашга оид бошқача қоидалар назарда тутилган бўлса, халқаро шартнома нормалари қўлланилади.
Ҳужжатда зарарни қоплаш соҳасидаги асосий принциплар сифатида қонунийлик, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлиги, манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик, очиқлик ва шаффофлик белгиланган.
Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузурида жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш бўйича ҳудудий мақсадли компенсация жамғармалари ташкил этилади.
Қонунга кўра, зарар миқдори суд қарори асосида белгиланади. Суднинг қонуний кучга кирган қарори билан аниқланган моддий ва ёки маънавий зарар дастлаб ҳудудий компенсация жамғармаси маблағлари ҳисобидан пул шаклида қопланади.
Агар зарар етказилишида муайян шахс айбдор деб топилган бўлса, ушбу маблағлар кейинчалик давлат органи орқали регресс тартибида айбдор шахсдан ундирилади. Бунда зарар ҳудудий компенсация жамғармаси томонидан қоплангунига қадар айбдор шахс уни ихтиёрий равишда тўлаб берган ҳолатлар бундан мустасно ҳисобланади.
Қонунга мувофиқ, зарар компенсация жамғармаси ҳисобидан қопланганидан сўнг ва регресс ҳуқуқи юзага келган тақдирда, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари айбдор шахс ишлаётган ёки аввал ишлаган давлат органига талабнома юборади.
Талабномани олган давлат органи уч иш куни ичида маблағни ўзининг бюджетдан ташқари жамғармаси ҳисобидан тегишли компенсация жамғармасига тўлиқ ўтказиши ҳамда кейинчалик ушбу маблағни айбдор шахсдан регресс тартибида ундириш чораларини кўриши шарт.
Агар давлат органининг бюджетдан ташқари маблағлари етарли бўлмаса, у харажатлар сметасига тегишли ўзгартиришлар киритиб, белгиланган муддатда маблағни ўтказиб беради. Айбдор шахс маблағни ихтиёрий равишда қайтармаган тақдирда, давлат органи уни суд тартибида ундиради.
Қонунда давлат органи ёки унинг мансабдор шахсининг қонунга хилоф қарори, ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги туфайли етказилган зарарни қоплаш тўғрисидаги қонунчиликни бузган шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлиши ҳам белгиланган.
Шу билан бирга, мазкур қонун айрим ҳолатларга нисбатан татбиқ этилмайди. Хусусан, Миллий гвардия, ички ишлар ва божхона органлари ходимлари, ҳарбий хизматчиларнинг ғайриқонуний ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги туфайли етказилган зарар, давлат нотариал идоралари нотариуслари фаолияти оқибатида юзага келган зарар, терроризмга қарши операциялар, фавқулодда вазиятлар ҳамда фавқулодда ҳолатлар муносабати билан етказилган зарарларни қоплаш, шунингдек, ер участкаларини жамоат эҳтиёжлари учун компенсация эвазига олиб қўйиш билан боғлиқ муносабатлар алоҳида қонунлар билан тартибга солинади.