Давлат активларини бошқариш агентлиги биноси сотувга қўйилди
Жамият
−
04 Июнь 2046 2 дақиқа
Бугун, 4 июнь куни Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманида жойлашган Давлат активларини бошқариш агентлигининг маъмурий биноси “E-auksion” электрон савдо платформасига 165,5 миллиард сўм бошланғич нархда сотувга қўйилди.
Маълумотларга кўра, объект Тошкент шаҳрининг Амир Темур шоҳ кўчаси 6-уй манзилида жойлашган бўлиб, тўққиз қаватли бино ва унга туташ иншоотлардан иборат. Умумий майдони 11 008 квадрат метрни ташкил этади. Шунингдек, объект билан бирга 0,67 гектар ер майдони ҳам берилади, бироқ у доимий мулк сифатида эмас, ижара асосида тақдим этилади.
Дастлаб белгиланган тартибга кўра, савдода иштирок этиш учун аризалар бугун, 4 июнь куни соат 09:00 да якунланган ва аукцион шу куни соат 10:00 да ўтказилиши режалаштирилган эди. Бироқ кейинчалик савдолар ўтказилмаган деб топилган.
Лот шартларига мувофиқ, бино сотилган тақдирда ҳам дарҳол янги эгасига топширилмайди. Объект уч йил ичида бўшатилиши белгиланган бўлиб, бу жараён давлат идораларининг босқичма-босқич янги биноларга кўчирилиши билан боғлиқ бўлиши мумкин. Янги мулкдор бинодан фақат амалда топширилгандан сўнг фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлади.
Бинода сув таъминоти, канализация ва электр энергияси мавжуд, аммо газ тармоғи йўқ.
Шунингдек, ҳужжатларда харидор бинодан функционал йўналишини ўзгартира олмаслиги қайд этилган. У фақат шаҳарсозлик нормаларига мувофиқ офис ва хизмат кўрсатиш фаолияти учун ишлатилиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Universal Mobile Systems” МЧЖ (MobiUz) устав капиталидаги 100 фоиз давлат улушини сотиш бўйича ўтказилган халқаро очиқ савдо жараёнлари муваффақиятли якунланди ва компания расман сотилганди. “MobiUz” компаниясининг қиймати 351 млн АҚШ доллари даражасида баҳоланган.
Live
Барчаси