Дания аскарларини Украинага ўқишга юборади

Олам

image

Бир неча гуруҳ даниялик аскарлар учувчисиз техникалардан фойдаланишни ўрганиш учун Украинага юборилади. Бу ҳақда кеча, 16 апрель куни Даниянинг қуруқликдаги қўшинлари қўмондони генерал-майор Петер Бойсен TV 2 телеканалига берган интервьюсида сўз очди.

Қўмондоннинг сўзларига кўра, юбориладиган аскарлар сони ва курс формати аниқ белгиланмаган. Ўқиш шу йилнинг ёз мавсумида бошланиши режалаштирилган. Дания ҳарбийлари Украина ғарбидаги ўқув марказларига юборилиши мумкин.

“Биз украиналиклар қандай тажриба орттирганини шахсан кўриш учун бир нечта гуруҳларни юбормоқдамиз”, деган Петер Бойсен.

Россиянинг Даниядаги элчиси Владимир Барбиннинг сўзларига кўра, даниялик ҳарбийларнинг Украинага, жумладан, Украина Қуролли кучларининг жанговар тажрибасини ўрганиш учун юборилиши катта хатодир.

“Бу Данияни можарога янада чуқурроқ тортади ва назорат қилиб бўлмайдиган кескинлашувни келтириб чиқаради. Қўмондоннинг бу қарори Украинадаги можарони сиёсий-дипломатик йўл билан ҳал қилишга қаратилган ҳозирги уринишларга зиддир”, деган Россия вакили.

Унинг қўшимча қилишича, Украина ҳудудининг ичкарисида ҳам, фронт чизиғида ҳам ҳарбий объектлар, жумладан, штаблар, ўқув ва таълим марказлари, шунингдек, ҳарбий хизматчилар ва ҳарбий техникалар жойлашган жойлар Россия Қуролли кучлари учун қонуний нишондир ва Даниядан аскарлар юборилган тақдирда улар ҳам Россиянинг нишонига айланиб қолиши мумкин.

Маълумот учун, Дания 1949 йилдан бери НАТО аъзоси ва ўз иқтисодиёти ҳажми бўйича Украинага ҳарбий ёрдамнинг энг йирик донорларидан бири ҳисобланади. Мамлакат, шунингдек, Голландия ва АҚШ билан биргаликда Украина ҳаво кучларини қўллаб-қувватлашга қаратилган коалицияни бошқаради. 

Эслатиб ўтамиз, 2024 йилнинг охирида Дания F-16 қирувчиларининг иккинчи партиясини Украинага етказиб берганди. Уларнинг биринчи партияси ўша йилнинг ноябрь ойида амалга оширилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Украина Дания

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг