Дамашқда комендантлик соати жорий қилинди
Олам
−
08 Декабрь
7586Сурия қуролли мухолифат қўмондонлари Дамашқда маҳаллий вақт билан соат 16:00 дан бошлаб эрталаб соат 5:00 гача давом этадиган комендантлик соати жорий этди. Бу ҳақда “The Times of Israel” хабар берди.
Ҳарбий операциялар бошқармаси комендантлик соати сабабини айтмаган. Комендантлик соати қанча давом этиши ҳам аниқ эмас.
Яқин кунларда Дамашқ ҳудудида мухолифат кучлари томонидан қўшимча хавфсизлик чоралари қўлланиши мумкин. Комендантлик соати ва давомийлиги ҳам қисқа вақт ичида ўзгартирилиши мумкин.
ОАВ маълумотларига кўра, Суриянинг Дамашқ ва Ҳалаб шаҳарларидаги иккита йирик аэропорт 18 декабрга қадар ўз фаолиятини тўхтатган.
Бугун, 8 декабрь куни “Ҳаят Таҳрир аш-Шом” гуруҳи бошчилигидаги исёнчи кучлар Сурия пойтахти Дамашққа кирди ва мамлакат раҳбари Башар Асад режими ағдарилганини эълон қилди. Маҳаллий аҳоли AFP агентлигига шаҳарда кучли отишма овозлари ҳақида маълум қилган. Исёнчилар коалицияси ижтимоий тармоқларда Асад қочиб кетгани ва мамлакат пойтахти озод қилинганини эълон қилган. Сурия армиясининг икки юқори мартабали зобити “Reuters” агентлигига мамлакат президенти Башар Асад Дамашқдан номаълум томонга жўнаб кетгани ҳақида хабар берган. Бу ҳақда аввалроқ CNN тарқатган маълумотни Сурия Инсон ҳуқуқлари обсерваторияси ҳам тасдиқлаган. Ташкилот раҳбари Рами Абдел Раҳмонга кўра, Асад Дамашқ халқаро аэропортидан учиб кетган. “Reuters”га кўра, Башар Асад самолёт ҳалокатида вафот этган бўлиши мумкин.
Сурия бош вазири Муҳаммад Ғози ал-Жалолий Facebook’да эълон қилинган видеода ҳукумат ваколатларини Сурия халқи томонидан маъқулланган ҳар қандай раҳбариятга топширишга тайёрлигини айтган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Ташқи ишлар вазирлиги Суриядаги сўнгги воқеаларга муносабат билдирганди. Унга кўра, Сурия президенти Башар Асад ва қуролли можаро иштирокчилари ўртасидаги музокаралар туфайли у ҳокимиятни тинч йўл билан топшириш бўйича кўрсатмалар бериб, президентлик лавозимини тарк этишга қарор қилган ва мамлакатни тарк этган. Россия бу музокараларда иштирок этмаган. Вазирликнинг Дамашқ қуролли можаро вакиллари томонидан босиб олинганидан кейин берган баёнотида Россия Суриядаги мухолиф гуруҳларнинг барча аъзолари билан алоқада экани маълум қилинган. Шунингдек, Суриядаги Россия фуқароларини таъминлаш чоралари кўрилмоқда. Россия томони, шу билан бирга, Сурия жамиятининг барча этно-конфессионал кучларининг фикрларини ҳурмат қилишга чақирган.
LiveБарчаси