Дэвид Бекхэм рицарлик унвонини олди
Спорт
−
14 Июнь 4225 2 дақиқа
Британиялик афсонавий футболчи Дэвид Бекхэмга қирол Чарльз III томонидан спорт ва хайрия ишларидаги хизматлари учун рицарлик унвони берилди. Бу ҳақда Буюк Британия ҳукуматининг расмий сайтида эълон қилинди.
“У британиялик спортчиларнинг жамиятдаги ролини қайта талқин этди, хайрия, миллий хизмат ва глобал тарғибот борасида мисли кўрилмаган стандартларни ўрнатди. У олти йил давомида Англия терма жамоаси сардори бўлган ва тўрт мамлакатда чемпионлик унвонларини қўлга киритган илк инглиз футболчисидир”, дейилади баёнотда.
Шунингдек, Бекхэмнинг 2012 йилги Лондон Олимпиадасини ўтказиш бўйича муваффақиятли ариза топширилишига қўшган ҳиссаси ҳам алоҳида таъкидланган.
Ушбу ютуқ муносабати билан собиқ сардорини “Манчестер Юнайтед” клуби ҳам ўзининг Х’даги саҳифасида табриклади.
“Сер Дэвид Бекхэм. “Манчестер Юнайтед” жамоаси номидан ушбу алоҳида ютуқ билан чин юракдан табриклаймиз, Бекс – сен бунга ҳақиқатдан ҳам лойиқсан”, дейилади клуб баёнотида.
Маълумот учун, Дэвид Бекхэм футболчилик фаолиятини 2013 йилда якунлаган. У фаолияти давомида жами 718 ўйин ўтказиб, 127 та гол урган ва 214 та голли узатма берган. Фаолиятини якунлагач, у ўзининг атирлар линиясини йўлга қўйди, мода брендлари билан ҳамкорлик қилди. 2018 йилда Бекхэм АҚШнинг Юқори Лига жамоаси “Интер Маями”нинг президенти бўлди.
Live
Барчаси