Чўкаётган аёлни қутқармоқчи бўлган Миллий гвардия ходими ҳалок бўлди

3-саҳифа

image

Тошкент шаҳри Хотира хиёбони ёнидаги “Бўзсув” каналига ўзини ташлаган аёлни қутқаришга уринган Миллий гвардия ходими ҳалок бўлди. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ сўровига жавобан Миллий гвардия матбуот котиби Даврон Жуманазаров маълум қилди.

Қайд этилишича, Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари “Бўзсув” каналида сув оқими бўйлаб оқиб кетаётган аёлни кўриб қолган. Ҳарбий хизматчилардан бири фуқаронинг ҳаётини сақлаб қолиш мақсадида зудлик билан сувга тушиб, уни қутқариш чораларини кўрган. Бироқ каналдаги кучли сув оқими туфайли фуқарони қутқаришнинг имкони бўлмаган ва у сувга чўкиб кетган. Ҳарбий хизматчи эса кучли сув оқими ва гирдоб таъсирида қолиб ҳалок бўлган.

Ўзини сувга ташлаган аёл шу куннинг ўзида мутахассислар томонидан қидириб топилган ва унинг жасади яқинларига топширилган. Миллий гвардия ҳарбий хизматчисининг жасади эса тегишли қутқарув хизматлари ҳамда ҳамкор ташкилотлар иштирокида ўтказилган қидирув-қутқарув тадбирлари натижасида топилган.

Суриштирувлар натижасида Миллий гвардия ходими 2005 йилда туғилган йигит экани ва тез орада унинг тўйи бўлиши кутилгани маълум бўлган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилоятидаги “Бўзсув” каналида оқиб кетаётган эркак қутқарувчилар томонидан қутқариб қолинган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг