Чўчқахонага айлантирилган масжидлар (фото+видео)
Олам
−
04 Май 2022
13798Шуша – Озарбайжоннинг маданий пойтахти. У нафақат Озарбайжон ёки Қорабоғ, балки Кавказ маданиятининг бешиги, десак хато бўлмайди. Қарийб 300 йиллик тарихга эга мазкур шаҳар 2020 йил ноябрь ойида 44 кун давом этган ҳарбий ҳаракатлардан сўнг арман истилосидан озод этилди. Бу тарихий адолат тантанаси эди. Озарбайжон халқи ва Туркий дунё учун алоҳида аҳамиятга эга бўлган ушбу шаҳар 2023 йил Туркий дунё маданий пойтахти мақомини олди.
Қарийб 30 йил босқиндан азият чеккан Шушада фойдаланишга яроқли иншоот деярли топилмайди. Бу шаҳарда ҳатто Ислом динида муқаддас саналган масжидлар ҳам оёқости қилинган. Қорабоғ ҳудида 30 дан ортиқ тарихий масжидлар бўлган. Уларнинг аксариятида чорва моллари боқилган, мадрасалар вайрон қилинган. Шундай масжидлардан бири 1874 йилда бино қилинган Қуйи Гавҳар оға масжидидир (Aşağı Gövhər ağa məscidi).
QALAMPIR.UZ Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият маркази ташаббуси билан Қорабоғга бориб, 1768 йилда қурилган Юқори Гавҳар оға масжиди (Yuxarı Gövhər ağa məscidi) билан танишди. Ушбу масжидлар орасида фақатгина Юқори Гавҳар оға масжиди бус-бутунлигича сақлаб қолинган.
Мутахассисларнинг қайд этишича, арманлар Юқори Гавҳар оға масжидини хорижий ёрдам маблағлари эвазига кўзбўямачилик учун авайлаб келган. Гўё бу ерда диний бағрикенглик бўлган, тарихий обидаларга зиён етмаган. Умумий тасвирлар эса бунинг аксини кўрсатади.
Йиллар давомида шаҳардаги Қорабоғ тарихига доир ҳайкаллар бузиб ташланган, баъзилари сотиб юборилган. 2020 йил тарихий ҳақиқат қарор топиб, Қорабоғ Озарбайжон назоратига ўтгач, Грузияга сотиб юборилган ҳайкаллардан бир нечтасини сотиб олиниб, ўрнига қайтарилди.
Шаҳардаги абгор аҳволга келтирилган яна бир бино – бу Қорабоғнинг сўнгги маликаси Хуршидбону Нотавоннинг уйи. Маликанинг уйидан деворларгина қолган, холос. Мухтасар қилиб айтганда, бу ерларда бир мамлакат ва миллатнинг бутун бошли тарихи, урф-одат ва қадриятлари, эътиқоди йўққа чиқарилган, оёқости қилинган, таҳқирланган.
Айни вақтда ушбу тарихий қадамжоларни тиклаш ва реставрация қилиш, уларни UNESCO’нинг жаҳон маданий мероси рўйхатига киритиш учун ҳаракатлар бошланган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь