Чоралар юмшатилди: Туркияда тўйлар ўтказишга рухсат берилди
Олам
−
01 Июнь 2021
3777Туркияда кеча, 31 май куни коронавирус тарқалишини олдини олишга қаратилган баъзи чекловлар юмшатилди. Бу ҳақда “Anadolu” хабар бермоқда.
Мамлакат Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Туркияда комендантлик соати июнь ойининг иш кунлари ва шанба кунлари соат 22:00 дан 5:00 гача ўрнатилишини маълум қилди. Якшанба кунлари эса тўлиқ локдаун амалда бўлади.
Ресторан ва кафеларда соат 7:00 дан 21:00 гача хизмат кўрсатилади, етказиб бериш эса ярим тунгача давом этади. Шунингдек, қоидаларга амал қилган ҳолда ёпиқ ва очиқ жойларда тўй маросимлари ўтказишга рухсат берилади.
Эрдўғанга кўра, давлат идораларидаги мослашувчан иш соатлари янги фармон чиққунга қадар амалда бўлади. Унинг қўшимча қилишича, чекловлар вирус билан боғлиқ ҳолатлар ва ўлим сонига, шунингдек эмлаш жараёнига қараб олиб ташланиши мумкин.
Эрдўғаннинг таъкидлашича, июнь ойида Туркияга буюртма қилинган турли хил вакциналарни, масалан, BioNTech, Sinovac ва Sputnik V’ни етказиб беришга қизғин тайёргарлик кўрилмоқда.
“Умид қиламизки, шу йил охиригача ўз вакцинамизга эга бўламиз”, деган давлат раҳбари.
Сўнгги маълумотларга кўра, Туркияда шу пайтгача 5,24 миллиондан ортиқ кишида коронавирус аниқланган. 47 527 нафар бемор вафот этган. 5,1 миллиондан ортиқ одам касалликдан соғайган.
Январь ойининг ўрталарида оммавий эмлаш кампанияси бошланганидан бери Туркияда 29,06 миллиондан ортиқ киши эмланган. 16,58 миллиондан ортиқ киши биринчи вакцинани олган ва 12,47 миллиондан ортиқ киши тўлиқ эмланган.
Маълумот ўрнида, мамлакатда COVID-19 билан боғлиқ оғир вазият туфайли 29 апрелдан 17 майгача тўлиқ локдаун эълон қилинганди. Бу даврда мулкчилик шаклидан қатъи назар барча иш жойлари ўз фаолиятини тўхтатганди. Шунингдек, мактабгача таълим муассасалари ва мактабларда анъанавий таълим тўхтатилганди. Барча имтиҳонлар муддати узайтирилганди.
17 майдан бошлаб Туркия карантин чекловларини юмшатишни бошлаганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь