Чирчиқда фуқародан пул талаб қилган сохта ИИО ходимлари ушланди (видео)
3-саҳифа
−
20 Декабрь 2672 2 дақиқа
Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида фуқаронинг уйига бостириб кириб ундан пул талаб қилган икки нафар сохта ички ишлар органи ходимлари ушланди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бош бошқармаси хабар берди.
Қайд этилишича, “Хавфсиз ва соғлом юрт” тезкор-профилактик тадбирининг учинчи босқичи доирасида Тошкент вилояти ИИББ ва унинг қуйи тизимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар давомида товламачилик билан боғлиқ жиноят фош этилган.
Хусусан, жорий йилнинг ноябрь ойида Чирчиқ шаҳрида икки нафар шахс фуқаро Р.Ҳ. га ўзларини ИИО ходими сифатида таништириб, уни жиноятда айблаш ҳамда иш жойига хабар бериш билан қўрқитиб, яшаш хонадонига бостириб кирган ва ундан пул талаб қилган. Улар жабрланувчидан банк картаси орқали дастлаб 2,5 млн сўм ва мобил телефонини олиб, кейинчалик уни қайтариш эвазига 200 АҚШ доллари олган. Шундан сўнг телефонидаги шахсий видеоларни тарқатиш билан таҳдид қилиб, яна 20 млн сўм талаб қилиб келган.
Ўтказилган тезкор тадбир натижасида 2003 йилда туғилган икки шахс – Б.Ш. ва М.У. жабрланувчидан олдиндан келишилган 10 млн сўмни олаётган вақтида ИИВ Шахсий хавфсизлик бош бошқармаси вилоят бошқармаси ҳамда тезкор ходимлар томонидан ашёвий далиллар билан ушланган. Суриштирув давомида уларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга алоқаси йўқлиги аниқланган.
Билдирилишича, мазкур ҳолат юзасидан Чирчиқ шаҳар Ички ишлар бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 165-моддаси (товламачилик) 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчиларга нисбатан “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Навоий вилоятида ўзини ички ишлар ходими сифатида таништириб, аёлни шахсий суратларини тарқатиш билан шантаж қилган эркак қўлга олинганди.