Трейдерни шантаж қилиб, минг доллар ундирмоқчи бўлганлар ушланди
3-саҳифа
−
08:31 633 1 дақиқа
Тошкентда трейдинг билан шуғулланувчи фуқаронинг обрўсига путур етказиш мақсадида Telegram’да махсус гуруҳ очиб, уни ўчириб ташлаш эвазига 1 минг доллар талаб қилган икки нафар шахс ушланди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси хабар берди.
Маълум қилинишича, Андижон вилоятида туғилган икки нафар шахс Сергели туманида ўтказилган тезкор тадбир давомида қўлга олинган. Улар трейдернинг шахсини обрўсизлантириш мақсадида Telegram’да махсус гуруҳ ташкил этиб, гуруҳни ўчириб юбориш эвазига ундан пул талаб қилган.
Товламачилар жабрланувчидан сўралган 1 000 долларнинг дастлабки 200 долларини ўз номларидаги банк картасига ўтказдирган. Қолган 800 долларни эса нақд пул шаклида Шаҳрихон туманига олиб келиб беришини талаб қилган.
Тезкор тадбир давомида товламачилардан бири жабрланувчидан 800 долларни олаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Билдирилишича, ҳолат юзасидан унга нисбатан Жиноят кодексининг 165-моддаси (товламачилик) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманида фуқарони унинг шахсий ҳаётига оид суратлар ва ёзишмаларини интернет ҳамда қариндошларига тарқатиш билан қўрқитиб, ундан 9 миллион сўм талаб қилган шахс ушлангани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси