Чирчиқда 17 ёшли мактаб ўқувчиси 600 минг долларлик гашиш билан ушланди
3-саҳифа
−
09:50 1286 1 дақиқа
Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида 17 ёшли мактаб ўқувчиси Россиядан юборилган 852,2 грамм гашишни қабул қилиб олаётган вақтда қўлга олинди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси хабар қилди.
Қайд этилишича, Божхона қўмитасининг Контрабандага қарши курашиш бошқармаси Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар вазирлигининг тезкор тузилмалари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказган. Унда 2009 йилда туғилган, яъни вояга етмаган шахс Россиядан юборилган жўнатмани қабул қилиб олаётган вақтида қўлга олинган.
Жўнатма холислар иштирокида очиб кўрилганида, унинг ичидаги 4 дона консерва қутиларига 852,2 грамм гашиш гиёҳвандлик воситаси яширилгани аниқланган.
Шунингдек, ўсмирнинг яшаш хонадони кўздан кечирилганда, у ердан электрон тарозилар, наркотик моддаларни тарқатишга мўлжалланган “зип“ пакетчалари ҳамда изолентлар топилиб, ашёвий далил сифатида олиб қўйилган.
Божхона қўмитаси маълумотига кўра, 852,2 грамм гашиш ўрта ҳисобда 60 минг дозадан ошади. Ушбу ҳажмдаги наркотик модданинг қора бозордаги қиймати салкам 600 минг АҚШ долларини ташкил қилади.
Ҳозирда ҳолат юзасидан Божхона қўмитаси томонидан жиноят иши қўзғатилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида ўтказилган назорат тадбирлари давомида 10 та ҳолатда жами 339 квадрат метр ер майдонида 48 туп каннабис гиёҳвандлик ўсимлиги етиштирилаётгани аниқланган эди.