Чирчиқ ҳокимлигидан кетган Ҳидоятов “Ўзавтосаноат” раисига ўринбосар бўлди
Олам
−
18 Март
5736Чирчиқ шаҳрининг собиқ ҳокими Даврон Ҳидоятов “Ўзавтосаноат” АЖ бошқаруви раисининг ўринбосари этиб тайинланди. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ манбаси хабар берди.
Олдинроқ Даврон Ҳидоятов бошқа вазифада иш бошлаётгани сабабли ўз хоҳиши билан Чирчиқ шаҳри ҳокими лавозимидан кетиши бўйича ариза ёзган.
Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев Даврон Ҳидоятов бошқа ишга ўтаётгани муносабати билан унинг келгуси фаолиятига омад тилаган ва унга вилоят ҳокимлигининг фахрий ёрлиғини топширган.
Маълумот учун, Даврон Ҳидоятов 1976 йилда Тошкентда туғилган. 1998 йилда Тошкент давлат иқтисодиёт университетини, 2001 йилда Банк-молия академиясини тамомлаган.
2009 йилдан 2012 йилгача GM Uzbekistan компаниясининг молия бўйича ижрочи директори, 2012 йилдан 2014 йилгача MAN Auto-Uzbekistan бош директори лавозимида ишлаган. 2014−2017 йилларда Ўзбекистон Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни кучайтириш давлат қўмитаси раиси бўлган.
2017-2018 йилларда Чилонзор тумани ҳокими, 2018-2021 йилларда Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари, 2021 йилнинг январидан ноябригача Тошкент вилояти ҳокими лавозимида фаолият кўрсатган.
2021 йилнинг ноябрь ойида вилоят ҳокимлигидан олиниб, Чирчиқ шаҳри ҳокими лавозимига тайинланган.
Эслатиб ўтамиз, 15 март куни Халқ депутатлари Чирчиқ шаҳар Кенгашининг қарори билан Муроджон Абдураҳимов шаҳар ҳокими лавозимига тасдиқланганди.