Чилидаги ўрмон ёнғинларида 18 киши ҳалок бўлди

Олам

image

17 январдан буён Чилида давом этаётган кенг кўламли ўрмон ёнғинлари оқибатида 18 киши ҳалок бўлди, қарийб 20 минг нафар аҳоли эвакуация қилинди. Шунингдек, кўплаб бедарак йўқолганлар бор. Бу ҳақда маҳаллий ОАВларга таяниб “Reuters” хабар берди.

Қайд этилишича, 18 январь куни тонгга қадар ўт ўчирувчилар мамлакат бўйлаб 24 та фаол ёнғинни ўчириш билан шуғулланган. Энг йирик ёнғинлар Нубле ва Био-Био минтақаларида кузатилган. Ушбу ҳудудлар пойтахт Сантягодан тахминан 500 километр жанубда жойлашган.

“Давом этаётган жиддий ўрмон ёнғинлари сабабли Нубле ва Био-Био ҳудудларида фалокат ҳолатини эълон қилишга қарор қилдим. Барча зарур ресурслар сафарбар этилган”, деди Чили Президенти Габриэл Борич Х (собиқ Twitter) ижтимоий тармоғидаги саҳифасида.

Ҳозирга қадар икки минтақада ёнғинлар қарийб 8 500 гектар (21 минг акр) майдонни қамраб олган. Шу боис расмийлар аҳолини мажбурий эвакуация қилиш тўғрисида қарор чиқарган.

Чилининг табиий офатларга қарши кураш агентлиги – “Senapred” маълумотларига кўра, қарийб 20 минг киши эвакуация қилинган, камида 250 та уй бутунлай вайрон бўлган.

Расмийлар кучли шамол ва юқори ҳаво ҳарорати каби ноқулай об-ҳаво шароитлари ёнғинларнинг тез тарқалишига сабаб бўлаётганини, бу эса ўт ўчирувчиларнинг вазифасини янада мураккаблаштираётганини айтди. Айни пайтда Чили ҳудудининг катта қисми жазирама иссиқдан азият чекмоқда.

Маълумот ўрнида, Чили ва Аргентина йил бошидан буён рекорд даражадаги иссиқлик тўлқинларини бошдан кечирмоқда. Жорий ой бошида Аргентинанинг Патагония минтақасида ҳам вайронкор ўрмон ёнғинлари бошланган эди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Гонконг тарихидаги энг ҳалокатли ёнғин ҳақида хабар берилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

ёнғин эвакуация Аргентина Чили

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг