Чигит можароси: Аксилмонополия Қашқадарё ҳокимлиги ва ИИБ қонунни бузганини маълум қилди
Жамият
−
08 Февраль 2022
8366Аввалроқ, Қашқадарё вилояти ҳокими Муроджон Азимовнинг буйруғи билан пахта чигитини ҳудуддан олиб чиқиб кетиш тақиқлаб қўйилганди. Бу кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси мазкур ҳолат юзасидан ўтказилган ўрганиш бўйича ўз хулосасини эълон қилди.
Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитасига ўтган йил 23 декабрь куни Самарқанд вилоятида фаолият юритаётган “Pet agro oil” ҳамда “Oil extraction” МЧЖнинг мурожаатлари келиб тушган.
Мазкур мурожаатларда, “Pet agro oil” МЧЖтомонидан тегишли тартибда биржа савдолари орқали Қашқадарё вилоятида жойлашган “Koson Baxt Tekstil” МЧЖдан пахта чигити сотиб олгани, бироқ ушбу чигитни Қашқадарё вилоятидан олиб чиқиб кетишда вилоят ҳокимининг топшириғи билан вилоятнинг “Умакай” мунтазам ЙПХ масканида ҳеч қандай асословчи ҳужжатларсиз Қашқадарё вилояти Ички ишлар бошқармаси ЙҲХБ ходимлари томонидан ушлаб туриш каби тақиқлар мавжудлиги билдирилиб, ушбу масалада амалий ёрдам бериш сўралган.
Ушбу ҳолат юзасидан Қўмита томонидан вилоятнинг тегишли ташкилотлари билан биргаликда дастлабки ўрганишлар ўтказилди. Ўрганиш жараёнида Ўзбекистон Республикасининг “Рақобат тўғрисида”ги ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 12 октябрдаги 225-сонли қарори билан тасдиқланган Низомга асосан Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ҳамда Қашқадарё вилояти Ички ишлар бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси “Рақобат тўғрисида”ги Қонуннинг 12-моддаси талаблари бузилган деб топилиб, уларга нисбатан жорий йилнинг 6 январь куни иш қўзғатилган.
Қўзғатилган иш жараёнида Қашқадарё вилояти ҳокимлиги, Қашқадарё вилояти Ички ишлар бошқармаси масъуллари ва Қўмита ходимлари бир неча маротаба онлайн учрашувлар ўтказиб, суриштирув ишлари олиб борган.
Юқоридагиларга асосан Қашқадарё вилояти ҳокимлигига ҳамда Қашқадарё вилояти Ички ишлар бошқармасига қонунбузилиш ҳолатлари бўлгани, тадбиркорлик субъектларининг чигит маҳсулотларини Қашқадарё вилоятидан олиб чиқиб кетишига тўсқинлик қилмаслик ҳамда ушбу қонунбузилиш ҳолатларига келгусида йўл қўймаслик чораларини кўриш бўйича 12 январь куни 11/2-сонли иш Қўмита кўрсатмаси берилган.
Шундан сўнг юқорида кўрсатилган тадбиркорлар томонидан жорий йил 20 январь куни ўзларига тегишли бўлган чигит махсулотларини Кашқадарё вилояти худудидан олиб чиқиб кетилган. Тадбиркорлар томонидан Қўмитага эътироз йўқлиги, улар ўз маҳсулотларини айнан Қўмитанинг аралашувидан сўнг олиб чиқиб кетилгани хақида маълум қилишган.
Қўмита Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаевнинг “Тақиқ қўйганлар иқтисодиётга ва тадбиркорларга етказган зарари учун қандай жазоланди? Чунки бу орада чигит янги махсулотга айланиб, аллақачон савдо расталарида турган бўларди. Қўмита буни ҳам оҳиригача олиб бориши керак. Зеро қонун устувор-жазо муқаррар”, деган фикрига ҳам муносабат билдириб ўтган.
“Қўмита томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Рақобат тўғрисида”ги қонун талаблари бузилган ёки бузилмаганлиги аниқланиб, иш қўзғатилади ва қонун бузилишига йўл қўйганларга нисбатан (Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ва Қашқадарё вилояти ИИБ га) кўрсатма хати юборилади (Қўмита жазога тортиш, жарима қўллаш ёки бошқа жавобгарлик белгилаш ваколатига эга эмас)”, дейилади расмий муносабатда.
Қайд этилишича, агар давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва улар мансабдор шахсларининг рақобат тўғрисидаги қонунчиликни бузувчи ҳаракати (ҳаракатсизлиги) туфайли хўжалик юритувчи субъектга ёхуд бошқа шахсга зарар етказилган бўлса, у ҳолда мазкур зарарнинг ўрнини қоплаш юзасидан қонунчиликда белгиланган тартибда тадбиркор судга мурожаат этиши мумкин.
LiveБарчаси