“Чёрт побери”. Биз Бакудамиз
Бу қизиқ
−
13 Август 2022
21651Касбий денгизи бўйлаб сайр, баланд ва чиройли бинолар, Ўзбекистонда учрамайдиган ноодатий музейлар ва мазали дўлма. Англаганингиздек QALAMPIR.UZ'нинг галдаги саёҳат манзили Озарбайжоннинг гўзал Баку шаҳри.
Баку – Озарбайжон Республикасининг пойтахти ва Кавказ ортидаги муҳим иқтисодий, илмий-техникавий марказ. Шунингдек, Каспий денгизидаги йирик порт шаҳар. Баку шаҳрининг номи форс тилидан олинган бўлиб, “шамол зарби” деган маънони англатади.
Каспий денгизи қирғоғида жойлашган шаҳар тарихий биноларни бус-бутунлигича сақлаб қолгани ва замонавий иншоотлари билан диққатга сазовор.
“Чёрт побери” бу сўз сизга танишми? Бу сўзни айтишингиз билан кўпчиликни ёдига режиссёр Леонид Гайдайнинг ўша машҳур “Бриллиант қўл” фильми келади. Фильмнинг айнан ушбу саҳнаси Бакунинг қадимий ва навқирон маркази Ичкари шаҳарда суратга олинган.
1968 йилда суратга олинган фильмда Бакунинг Ичкари шаҳар ҳудудидаги ташландиқ ҳужрадан дорихона сифатида фойдаланилган. Фильм қаҳрамони кўчада кетаётиб, сирғалиб йиқилади ва “Чёрт побери” сўзини айтади. Қарабсизки, фильм орқали ушбу сўз тилдан тилга ўтади ва айниқса, постсовет мамлакатларда машҳурликка эришади. Кўпчилик айнан шу фильм суратга олинган жойни кўриш учун ҳам Бакуга келади. Бошқача қилиб айтганда, фильм Бакуни, Баку фильмни машҳур қилиб келмоқда.
Фильм суратга олинган саҳнада дорихона бўлган ҳужра ҳозирда сайёҳлар учун қўл меҳнати билан ясалган совғабоп буюмлар сотиладиган дўконга айланган. Агар сиз Бакуга борсангиз яқинларингиз учун айнан шу дўкондан совғалар харид қилишингиз мумкин.
Ҳужранинг ёнгинасида эса “Бриллиантовая рука” кафеси бор. Ушбу кафеда фильмнинг бош қаҳрамонлари ҳайкаллари ҳам ўрнатилган. Таомномада эса фильм ишлатилган энг машҳур сўзлар қўйилган таомларга кўзингиз тушади. Масалан, салатлардан бирининг номи “Чёрт побери”.
Булвар майдони
Баку бўйлаб сайр қиларкансиз эски шаҳар кўчалари сизни баланд ва замонавий бинолар қад ростлаган катта трассаларга олиб чиқади. Дунёнинг энг қимматбаҳо либослари, атторлик буюмлари сотиладиган дўконлар, халқаро ресторанлар тармоқлари, Германия, Францияда ишлаб чиқарилган автомобиллар дўконлари, бир кеча тунаш 1000 АҚШ долларидан ошадиган меҳмонхоналар...
Каспий денгизи қирғоқларида жойлашган Бакунинг ташриф белгиси ва рамзи ҳисобланган Булвар майдони сайёҳлар ва ёшларнинг энг асосий локацияси ҳисобланади.
Булвар майдони Бакунинг энг чиройли ва гавжум кўчаларидан бири. Бу ерда театр ва кинозалларидан тортиб, кутубхона, музей ва дўконларни учратасиз. Реконструкциягача булварнинг узунлиги 16 километрни ташкил қилган, тўлиқ реконструкциядан сўнг эса 25 километрга етди.
Амалда, Баку Денгиз бўйи булвари – бу Каспий денгизи кўрфази бўйлаб чўзилган сув бўйидаги кўчадир, лекин уни Бакунинг энг гўзал жойидаги дам олиш зонаси, десак тўғрироқ бўлади. Сув бўйидаги кўчанинг кенглиги 30 метрни ташкил этади, лекин ёнида яна сайр қилиш учун хиёбон, канал, кафе ва бошқа турли хил муассасалар мавжуд.
Булвар майдонида қайиқлар тўхташ жойи мавжуд, бу ерда дам олувчилар қайиқларга ўтириб, Баку денгиз бўйи булварида қурилган каналлар тизимида саёҳат қиладилар. Каналлар бўйлаб Венеция услубида қурилган уйлар бўлиб, улардан нафис кичик кўприклар ўтган. Хуллас, Бакунинг гўзаллигига қайиқ орқали саёҳатда ҳам гувоҳ бўласиз.
Гилам музейи
Булвар майдонида сайёҳлар энг кўп келадиган масканлардан бири Гилам музейидир. Озарбайжон Миллий гилам музейи Озарбайжон ССР Вазирлар кенгашининг 1967 йил ташкил этилган. 1967-1993 йилларда Озарбайжон гилам ва халқ амалий санъати давлат музейи, 1993-2014 йилларда Латиф Каримов номидаги Озарбайжон гилам ва халқ амалий санъати давлат музейи, 2014-2019 йилларда Озарбайжон гилам музейи, 2019 йилдан ҳозирги кунгача Озарбайжон гилами музейи деб юритилади. Унинг фаолиятини мамлакатнинг маданият ва санъат ҳомийси – биринчи вице-президент Меҳрибон Алиева назорат қилиб боради.
Озарбайжон миллий гилам музейининг биринчи экспозицияси 1972 йил 26 апрелда Эски шаҳарда жойлашган 19 аср меъморий ёдгорлиги Жума масжиди биносида очилган. Кўргазманинг очилиш маросимида музей ташкил этилганидан бери уни қўллаб-қувватлаб келаётган Озарбайжон халқининг миллий етакчиси Ҳайдар Алиев иштирок этган.
Музей бир нечта залардан иборат бўлиб, унда турли йилларга оид гиламлар, тарихий заргарлик буюмлари, Озарбайжоннинг тарихий либослари ва турли кўринишдаги экспонатлар ҳам жой олган.
Ширвоншоҳ музей-ресторани
Агар сиз кечки овқат тановул қилиш ва шу вақтнинг ўзида миллий ва тарихий атмосферага тушиб қолишни истасангиз Ширвоншоҳ музей-ресторанига боришингиз шарт. Бакунинг энг қадимий кўчаларидан бирида жойлашган ушбу ресторан, сизни эски Баку атмосферасига шўнғишга таклиф қилади. Ресторан XIX аср ўрталарида қурилган бинода жойлашган.
Бу ерда таниқли созандалар ва муғом усталари ижросидаги миллий ва этник мусиқалардан баҳраманд бўлишингиз, озарбайжонлик рассомлар томонидан турли йилларда яратилган санъат асарларини томоша қилишингиз, мисдан ясалган ҳунармандчилик, гиламчилик ва заргарлик санъати, уй-рўзғор буюмлари ва заргарлик буюмлари, шунингдек, бошқа санъат намуналари билан танишишингиз мумкин.
Биби-Ҳайбат масжиди
Бакудан 20 км масофада жойлашган Бибиҳайбат масжиди ХIII асрнинг иккинчи ярмида Ширвоншоҳлар томонидан бунёд этилган. У Элхонийлар давлати таркибида бўлган пайтда қурилган шу номдаги масжиднинг тикланган версиясидир. Маҳмуд ибн Саъд томонидан қурилган масжид 1936 йилда, СССР босқини остида большевиклар томонидан бутунлай вайрон қилинган.
Бибиҳайбат мажмуасида масжиддан ташқари, Саййидлар авлоди Ҳакима Хонум каби улуғворларнинг мақбаралари ва қабрлари мавжуд. Ушбу ёдгорлик Озарбайжонда ислом меъморий ёдгорликларининг энг муҳим намунасидир. Озарбайжон шоири Аббосгули оға Бакихонов, таниқли француз ёзувчиси Александр Дюма ва Хуршидбану Нотавон, Қорабоғ хонлигининг сўнгги ҳукмдори Меҳдигули хон Жаванширнинг қизи бу ерга ташриф буюришган. Ҳозирги кунда ҳам Озарбайжонга келган хорижий давлатларнинг вакиллари масжидни кўрмай кетмайдилар.
Масжид ходимининг айтишича, у биринчи қурилганда битта минора, учта гумбазли бўлган. 1937 йилда масжид бузилган, 1997 йилда эса Президент Ҳайдар Алиев фармони билан қайта қурилган.
Ҳайдар Алиев маркази
Озарбайжон умуммиллий лидери Ҳайдар Алиев номидаги марказ. Агар замонавий дунёмизнинг етти мўжизаси рўйхати тузилса эди, ушбу иншоот ўзининг ноодатий ва мураккаб меъморий ечими билан албатта, ушбу рейтингдан ўрин олар эди. Баку марказидаги иншоотга қараганингизда оппоқ мармар тошлар ёпинчиқ ёпгандек кўринади.
Марказ музей, кўргазма заллари, концерт зали ва маъмурий идораларни ўз ичига олган. У 2007 йилда архитектор Заҳа Ҳадид томонидан лойиҳалаштирилган ва дунёнинг энг мураккаб архитектура намуналаридан бири ҳисобланади.
Марказда озарбайжон тарихига оид кўплаб музейлар бор. Улардан бири миллий либослар музейи бўлса, иккинчисида миллий чолғу асбоблари намойиш этилади. Ундаги замонавий ёндашув шуки, чолғу асбобларининг ёнига борганингизда, улар ўзидан овоз чиқаришни бошлайди. Шу тариқа қайси мусиқа асбобидан қандай овоз чиқишини билиш мумкин.
Қўғирчоқлар музейи эса дунёдаги энг қимматбаҳо ва ҳайбатли қўғирчоқларни тўплагани билан аҳамиятли. Унда замонавий ҳайкалтрошларнинг юзлаб санъат асарлари, қимматбаҳо қўғирчоқлар сақланади.
Музейнинг -3 қавати эса эркакларни бирлаштирувчи нуқта. Бу ерда дунёда илк ишлаб чиқарилган автомобилдан тортиб, от араваларгача, энг машҳур автомобиль ишлаб чиқарувчиларининг кўп йиллик тарихга эга машиналари оригинал версияларини топишингиз мумкин.
Шунингдек, марказда Озарбайжоннинг марҳум Президенти Ҳайдар Алиев юрган автомобиль ҳам намойишга қўйилган.
Лойиҳа 2014 йилда "Design of the Year" тақдимотида дунёдаги энг яхши бино деб топилди.
Марказ фаолиятини бевосита Президентнинг тўнғич қизи Лейла Алиева ва рафиқаси Меҳрибон Алиева назорат қилиб боради.
“Сураханий” танкер-музейи
Юқорида айтганимиздек, Баку ўзининг музейлари билан ажралиб туради. Очиқ осмон остидаги Гобустон тош битиклар музейи, тарихий гиламларни ўзида жамлаган музей, дунёнинг энг қимматбаҳо ва ноёб автомобиллари сақланадиган классик автомобиллар кўргазмаси, шулар жумласидан. Саёҳатимиз давомида Озарбайжоннинг машҳур ва ноодатий музейидан бири – “Сурахани” танкер-музейи.
2021 йил 1 март куни Бакуда “Сураханий” танкер-музейи очилган. Уни ташкил этиш денгизчиликни ривожлантириш, шунингдек, денгизчилик анъаналарини муҳофаза қилиш, унинг тарихини тадқиқ этиш, ўрганиш ва сақлаш борасида амалга оширилаётган асосий лойиҳалардан биридир. Музей касбий денгизи қирғоғида жойлашган бўлиб, сиз унга киришингиз билан денгиз бўйлаб саёҳатга чиққандек бўласиз.
Танкерининг музей сифатида танланиши бежиз эмас. Бу кема ўз даврининг энг йирик ва энг замонавий танкерларидан бири эди.
Музейга ташриф буюрувчиларни капитан ва бош офицер кутиб олади ва уларни экипаж аъзоларининг вазифалари билан таништиради. Танкер-музейи қизиқарли экспонатларга бой. Музейда дунёга машҳур учта маёқ макетлари билан танишиш имконияти ҳам мавжуд. Музей-танкерининг қизиқарли экспозицияларидан бири океан ва денгизлардан тўпланган ўсимлик ва ҳайвонот дунёси намуналари намойиш этиладиган бурчакдир.
Саёҳат қилиш яхши, дўст орттирасиз, кўрмаган жойларингизни кўрасиз, дунёни кашф қиласиз. QALAMPIR.UZ'нинг Баку бўйлаб саёҳати шу зайлда якунига етди. Сизга қуйидаги видеоплеер ёки QALAMPIR.UZ'нинг YouTube'даги каналида мароқли саёҳатни томоша қилишни тавсия қиламиз.