“Челси” яна бир бор Европада тенгсиз бўлди!
Спорт
−
12 Август 2021
2881Кеча, 11 август куни Шимолий Ирландия пойтахти Белфаст шаҳрида ўтказилган ўйинда Чемпионлар Лигаси ғолиби “Челси” ва Европа Лигаси ғолиби “Вилярреал” клуби ўзаро баҳс олиб борди.
Ўйиннинг 27-дақиқасида Кай Хаверцнинг узатмасидан сўнг Ҳаким Зийеш ҳисобни очди. Биринчи бўлим давомида ҳимоя ва ҳужумда тартибли ўйин намойиш этган “Челси” ғалабани ушлаб қола олди.
Иккинчи бўлимда лондонликлар ўйин темпини пасайтириш учун қарши ҳужумларга таянган ҳолда ўйин олиб борди. “Вильярреал” рақибга босим ўтказишда давом этди. 73-дақиқада ҳимоячиларнинг хатосидан унумли фойдаланган Жерар Морено Булае Дианинг узатмасидан сўнг ҳисобни тенглаштирди. Учрашув асосий вақти шу тариқа ўз якунига етди.
Қўшимча бўлимларда айтарли хавфли ҳужумлар ташкил этилмади. Бироқ 119-дақиқада “Челси” бош мураббийи Томас Тухель жамоанинг энг кўп танқид қилинган дарвозабони Кепа Аррисабалагани майдонга туширди.
Пенальтилар сериясида Кепа иккита зарбани бартараф этиб, Лондон клубига мавсумдаги учинчи совринни қўлга киритишда ёрдам берди. Шу тариқа “аристократлар” Европанинг энг кучли клуби номига сазовор бўлди.
Маълумот учун, “Челси” сўнгги марта 2018 йилда UEFA суперкубоги учун “Ливерпуль” билан тўқнаш келган ва пенальтилар сериясида мағлуб бўлган эди. “Вильярреал” эса ўз тарихида илк бор суперкубок учун майдонга тушди.