Чехиядаги сув тошқинлари оқибатида 260 мингга яқин уй электрдан узилди
Олам
−
24 Сентябрь
1494Чехиядаги сув тошқинлари оқибатида 260 мингга яқин уй электрдан узилди. Бу ҳақда Чехия Ички ишлар вазирлиги раҳбари Вит Ракушанга таяниб, “Blesk” нашри хабар берди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 13-18 сентябрь кунлари Чехиянинг деярли бутун ҳудудида узоқ муддатли ёғингарчилик кузатилди. Ноқулай об-ҳаво туфайли 260 мингга яқин уй электр таъминотисиз қолган, автомобиль ва темирйўл участкалари шикастланган. Сўнгги маълумотларга кўра, тошқинларда беш киши ҳалок бўлган, яна саккиз нафар фуқаро бедарак йўқолганлар рўйхатида.
“Армия вертолётлари ҳудудга 59,4 тонна гуманитар ёрдам етказди. Ҳаммаси бўлиб 21 488 киши эвакуация қилинди, 1 516 киши қутқарилди”, дейди Ракушан инқироз штаб-квартираси йиғилишидан сўнг.
Ҳозирда мамлакатда тошқиндан зарар кўрган инфратузилмани тиклаш ишлари давом этмоқда.
Чехия президенти Петр Павелнинг сўзларига кўра, тошқиндан зарар кўрган ҳудудларни тиклаш ойлар ёки йиллар давом этиши мумкин. Кучли шамол ва кучли ёмғир Австрия, Венгрия, Руминия ва Словакияда ҳам содир бўлган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Япониянинг Ишикава префектурасида рекорд даражадаги кўп ёғингарчилик туфайли олти киши ҳалок бўлиб, икки киши бедарак йўқолгани ва яна саккиз киши билан алоқа узилиб қолгани ҳақида хабар берилганди.
LiveБарчаси