Чехияда оғир вазиятга тушиб қолган ўзбекистонлик мамлакатга қайтарилди
−
09:41 602 1 minute
Ўзбекистон элчихонаси кўмагида Чехияда қийин ҳаётий вазиятга тушиб қолган ўзбекистонлик мамлакатга қайтарилди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.
Маълум бўлишича, фуқаро З.Ҳ. 2022 йилда ишлаш мақсадида Польшага бориб, вақтинчалик яшаш рухсатномасини расмийлаштирган. Бироқ доимий иш топа олмагани сабабли 2024 йилда Чехияга йўл олган.
У Чехияда турли кунлик ишлар, жумладан, фаррошлик билан шуғулланган. Аммо ҳуқуқий мақомини расмийлаштира олмагани ва даромади етарли бўлмагани сабабли оғир моддий аҳволга тушиб қолган.
Ўзбекистонга қайтиш учун етарли маблағи бўлмагани сабабли у элчихонанинг консуллик бўлимига мурожаат қилган. Элчихона томонидан ўз вақтида кўрсатилган амалий ёрдам натижасида ўзбекистонлик аёл жорий йилнинг 17 ноябрь куни Прага–Истанбул–Самарқанд йўналиши орқали Ўзбекистонга қайтиб келган.
“Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари оғир вазиятга тушиб қолган фуқароларимизни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг Ватанга қайтишига кўмаклашиш борасидаги саъй-ҳаракатларини изчил давом эттирмоқда”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Францияда оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган ўзбекистонлик мамлакатга қайтарилганди.
Live
All