Чеченистонда Бош вазир ўзгарди
Олам
−
25 Май
8310Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Чеченистон парламентининг собиқ спикери Магомед Даудовни республика ҳукумати раиси лавозимига тайинлашни таклиф қилди. Даудов номзоди кеча, 24 май куни Чеченистон Вазирлар Маҳкамаси йиғилишида муҳокама қилинган. Бу ҳақда Қодировнинг Telegram-каналида хабар берилди.
“Айни пайтда Чеченистон ҳукумати раислигидан кетган Муслим Хучиев Россия Бош вазири Михаил Мишустиннинг ёрдамчиси сифатида фаолиятини давом эттиради”, дейилади Қодиров баёнотида.
ОАВнинг ёзишича, Россия Бош вазирининг ёрдамчиси ҳақиқий ваколатларга эга бўлмаган юқори мақомли лавозимдир. Чеченистоннинг бошқа Бош вазирлари ҳам истеъфога чиққанидан кейин худди шундай лавозимларга эга бўлган.
“Функционал ва юқори мақомли лавозимлар мавжуд. Мишустиннинг ёрдамчиси – юқори мақомли лавозим ва афтидан, Қодиров Бош вазирининг ўрнини бўшатишга мажбур бўлган ва у "федерал компенсация" тўғрисида келишиб олган”, дейди Сиёсий ва географик тадқиқотлар маркази раҳбари Николай Петров.
Унинг сўзларига кўра, Хучиевнинг федерал ҳокимиятдаги фаолияти ҳақида гапиришнинг ҳожати йўқ, бироқ, бош вазирнинг янги ёрдамчиси Москвада Қодировнинг манфаатларини ҳимоя қилиш эҳтимоли бор.
Муслим Хучиев 2019 йилдан бери Чеченистонда инсон ҳуқуқлари бузилиши ва қийноқлар туфайли АҚШ санкциялари остида ва Россиянинг Украинага тўлиқ миқёсли бостириб кириши бошланганидан кейин у украиналик болаларни Россияга ноқонуний депортация қилишда иштирок этган шахс сифатида Украина ва Европа Иттифоқи томонидан санкциялар остида қолди. Хучиев кетганидан кейин ҳукумат раҳбари ўринбосари ва автомобил йўллари вазири Исо Тумҳажиев Чеченистон ҳукумати раиси вазифасини бажарувчи этиб тайинланди. ОАВ хабарларига кўра, у Қодировнинг қариндошининг эри. Вазир сифатида Исо Тумҳажиев Рамзан Қодировнинг маслаҳатчиси бўлган отаси Абубакар ўрнини эгаллади.
Янги лавозимга Магомед Даудов номзоди, қонунга кўра, Чеченистон парламенти томонидан тасдиқланиши керак бўлса-да, Қодиров аллақачон уни “масъул лавозимга тайинлангани” билан табриклаган. Кўп ўтмай Чеченистон парламенти ҳам Даудовнинг ҳукумат раиси лавозимига номзодини бир овоздан қўллаб-қувватлади.
Магомед Даудов республика раҳбари Рамзан Қодировга ишонч учун миннатдорлик билдириб, Чеченистон Бош вазири лавозимини катта шараф ва масъулият деб атади. Даудов "юкланган вазифаларни сифатли ҳал қилиш учун барча саъй-ҳаракатларни амалга оширишга" ваъда берди.
Оммавий ахборот воситалари Даудовни Қодировнинг эҳтимолий меросхўрларидан бири деб атамоқда, унинг соғлиғи ёмонлиги ҳақидаги миш-мишлар бир йилдан ортиқ вақтдан бери тинмаяпти. Айрим маълумотларга кўра, Чеченистон раҳбари панкреатик некрозга учраган бўлиши мумкин, бу касалликни тўлиқ даволаб бўлмайди.
Даудов сиёсий лавозимларга тайинланишидан олдин Чеченистоннинг собиқ президенти Аҳмад Қодировнинг хавфсизлик хизматида ишлаган, Ички ишлар вазирлиги ва ОМОНнинг минтақавий бўлимларида масъул лавозимларда ишлаган.
2012 йилда у Чеченистон Республикаси раҳбари ва ҳукумати маъмурияти раҳбари лавозимига тайинланган. 2015 йил июль ойида Даудов аъзоси бўлган "Ягона Россия" партияси унга Чеченистон парламенти депутати сифатида мандат бериш ғоясини маъқуллади. Шундан сўнг дарҳол Рамзан Қодиров Даудовни Чеченистон парламенти спикери этиб тайинлашни таклиф қилди.
Магомед Даудов россиялик журналистлар ва мухолифатчиларга нисбатан кўплаб таҳдид ва ҳақоратлар билан танилган. “Новая газета”нинг ёзишича, у Қодиров ва Чеченистондаги вазият ҳақида салбий фикр билдирган блогерларни таъқиб қилишда иштирок этган. Шу билан бирга, жабрланувчиларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига бир неча бор мурожаат қилишларига қарамай, Даудовга нисбатан тергов ҳаракатлари олиб борилмаган.
Россиянинг Украинага қарши уруши бошланганидан сўнг, Магомед Даудов Чеченистон Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардия билан ўзаро ҳамкорлик бўйича тезкор штаб бошлиғи бўлди. У Чеченистондан урушга "кўнгиллилар" юборилишини назорат қилди. Хучиев сингари, Даудов ҳам Чеченистондаги қийноқларга алоқадорлиги сабабли бир қатор Ғарб давлатларининг санкциялар рўйхатига киритилган ва Украина хавфсизлик хизмати ҳам уни Россиянинг Украинага қарши урушида қатнашган шахс сифатида сиртдан айблаган.
LiveБарчаси