ChatGPT’да овоздан матн яратиш имконияти янгиланди
Олам
−
16:30 176 2 дақиқа
OpenAI ChatGPT’га фойдаланувчи нутқини реал вақт режимида матнга айлантириш имконини берувчи Live Dictation функциясини қўшди. Янги функция орқали фойдаланувчи гапираётган вақтдаёқ унинг сўзлари экранда матн кўринишида пайдо бўлади. Бу ҳақда “The Verge” нашри хабар берди.
Маълум қилинишича, аввал ChatGPT овозли сўровларни фақат ёзиб олиш жараёни тугаганидан кейин матнга айлантирарди. Энди эса нутқ жараёнининг ўзида транскрипция амалга оширилади. Функциядан фойдаланиш учун овоз ёзиш ойнасидаги тўлқин белгисини босиш кифоя. Ёзув якунлангач, ҳосил бўлган матнни юборишдан олдин таҳрирлаш ҳам мумкин.
Шунингдек, OpenAI битта овозли ёзув учун белгиланган 10 дақиқалик чекловни олиб ташлади. Компания янги функция ишончлилиги ҳам оширилганини таъкидламоқда. Live Dictation ҳозирда дунё бўйлаб ChatGPT’нинг барча тариф режаларидаги фойдаланувчилар учун тақдим этилмоқда. Функция веб-версия, компьютер дастури, шунингдек, iOS ва Android қурилмаларида ишлайди.
Бундан ташқари, ChatGPT’да учрашувлар ва аудио қайдларни транскрипция қилиш учун мўлжалланган алоҳида ёзиб олиш режими ҳам мавжуд. Бироқ, ушбу режим ҳозирча бета-версияда бўлиб, фақат Plus, Pro, Business, Enterprise ва Edu тарифлари фойдаланувчилари учун очиқ.
Маълумот учун, жорий йил бошида OpenAI ChatGPT’нинг овозли режимини жонли мулоқот учун қайта ишлаб чиққан эди. Октябрь ойида эса ChatGPT овозли режими яна олтита янги тилни қўллаб-қувватлай бошлаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ChatGPT шахсий суҳбатларни PIN-код билан қулфлаш имкониятини тақдим этганганлиги ҳақида хабар берилган эди. “Locked chats” деб номланган функция фойдаланувчиларга босқичма-босқич тақдим этилмоқда.
Live
Барчаси