Centrum Air йўловчиларининг 100 га яқин багажи Истанбулда қолдириб кетилди (видео)
Local
−
12:33 2178 2 minutes
Кеча, 4 октябрь куни Centrum Air авиакомпаниясининг C6 316 Истанбул–Фарғона рейсида учган йўловчиларнинг 99 та багажи Истанбулга ташлаб кетилди. Бу ҳақда ижтимоий тармоқларда йўловчиларнинг мурожаатлари тарқалди. Ҳолат бўйича авиакомпания муносабат билдирди.
Қайд этилишича, ҳаво кемасига юк ортишда эксплуатацион чекловлар жорий этилган. Қарор парвозлар хавфсизлиги талабларига қатъий мувофиқ равишда қабул қилинган. Авиакомпания юзага келган вазият сабаб йўловчилардан узр сўраган ва багажларни имкон қадар тезроқ етказиб бериш бўйича иш олиб бораётганини билдирган.
“Ушбу вазият таъсир қилган барча йўловчилардан чин дилдан узр сўраймиз. Багажсиз учиб келиш қанчалик ноқулай ва ёқимсиз эканини тушунамиз”, дейилади расмий муносабатда.
Дастлабки маълумотларга кўра, йўловчиларнинг багажлари бугун, 5 октябрь куни соат 22:00 да Фарғона аэропортига етказилади.
Авиакомпания йўловчилардан багаж биркаларини сақлаб қўйишни сўраган. Барча саволлар бўйича Фарғона аэропортининг багаж бўлимига мурожаат қилиш мумкин.
Эслатиб ўтамиз, бу Centrum Air авиакомпанияси билан кузатилаётган илк муаммо эмас. Жорий йилнинг 17 сентябрь куни авиакомпаниянинг C6 302 Истанбул–Тошкент рейси 3 соатдан ортиқ кечиккани ҳақида хабар берилган эди. Ундан олинроқ эса актриса Баҳора Арслонова ушбу компаниядан чипта олиб, манзилига уча олмаганини айтиб чиққан эди. Бундан ташқари, Centrum Air авиакомпаниясига тегишли самолётда юзага келган техник носозлик туфайли Қозон – Тошкент йўналиши бўйича учиши керак бўлган рейс 27 соатга кечиктирилганди. Шу билан бирга, Centrum-Air хусусий авиакомпанияси бир ўринга икки чипта сотганлиги ҳам аниқланганди.
Live
All