“Бузрук” қамоқдан чиқариб юборилдими?
3-саҳифа
−
07 Май 8869 2 дақиқа
2023 йил охирида Ўзбекистонда кўча безориларига қарши ўтказилган “Долзарб 40 кун” рейд тадбирларида кўплаб жиноий гуруҳ фаоллари қаторида “Бузрук” номи билан танилган Бузрук Акмалович Бузруков қўлга олингани, 2024 йилнинг август ойида унга суд ҳукми ўқилиб, 13 ярим йил озодликдан маҳрум қилинганидан хабарингиз бор.
Шу кунларда Бузрук Бузруков ижтимоий тармоқдаги саҳифасида янги сурат пайдо бўлди.

Сурат жорий йилнинг 9 апрель куни Instagram’га жойлаштирилган бўлиб, у Туркиянинг Истанбул шаҳрида, денгиз соҳилида олинган. Суратга қолдирилган изоҳларда Бузрук Бузруковнинг аксарият кузатувчилари уни қамоқдан озод қилингани билан табриклаб изоҳ ёзган.
QALAMPIR.UZ’нинг ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбаси маълум қилишича, Бузрук Бузруков озодликка чиқмаган ва айни вақтда Навоий вилоятининг Қизилтепа туманида жойлашган 5-сон жазони ижро этиш колониясида сақланмоқда.
Маълумот учун, Бузрук Бузруков Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми “а” банди, 165-моддаси 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, кодекснинг 59-моддаси тартибида тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 13 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Тайинланган жазо умумий тартибли колонияларда ўтаттирилиши белгиланган. Унинг жазо муддати 2023 йил 4 декабрдан бошлаб ҳисобланади.