“Буз, қоч, ур, ушла...” - “снос”ларда ИИО ходимлари ўзини қандай тутиши керак?

Жамият

image

Сир эмаски, сўнгги вақтлар уйи, ҳовли-жойи бузилаётган (гарчи у ноқонуний қурилган бўлса ҳам) одамларнинг норозиликлари акс этган, бу можароларда ички ишлар органлари билан аҳоли ўртасида зиддиятли ҳолатлар юзага келаётгани маълум қилинган хабарлар пайдо бўлди. Сурхондарё вилоятининг Олтинсой тумани ва Самарқанд вилоятининг Оқдарё туманидаги жанжалли ҳолатлар ҳам бунга мисол бўла олади.

Аслида, “снос”лар вақтида ички ишлар органлари ходимларнинг вазифаси нималардан иборат? Ички ишлар вазирининг матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов ушбу масалада эслатма билан чиқди. 

“ Маълум қиламанки, сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда айрим вилоятларда аҳоли томонидан суғориладиган ерлардаги ноқонуний қурилмаларни ҳокимлик органлари томонидан бузиш каби ишлар авж олаётгани, ушбу жараёнга жамоат тартибини сақлаш учун жалб этилган ички ишлар органлари ходимлари томонидан фуқаролар ва ҳокимият вакиллари ўртасидаги зиддиятларнинг олдини олиш вақтида юзага келган низоли вазиятлар акс этган видеотасвирлар тарқалаётгани кузатилмоқда.

Бу эса, ўз навбатида, кенг жамоатчиликда айнан ички ишлар органлари ходимларининг хатти-ҳаракатларига нисбатан норозилик кайфияти уйғонишига сабаб бўлмоқда”, дейилади баёнотда.

Таъкидланишича, мазкур келишмовчиликлар, асосан, ҳокимият вакилларининг ички ишлар органлари ходимлари борлигидан фойдаланиб, фуқароларга нисбатан ноўрин ва қўпол хатти-харакатлар, ҳурматсизлик, ўз ваколатларидан четга чиқиш ҳамда айрим вақтларда аҳолининг мулкига очиқдан-очиқ тажовуз қилишлари оқибатида келиб чиқмоқда.

Бу каби вазиятлар Ички ишлар вазирлигининг фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилувчи халқчил тизим яратиш йўлидаги саъй-ҳаракатларига жиддий путур етказиб, ички ишлар органларига нисбатан кенг жамоатчиликда ишончсизлик кайфиятини келтириб чиқармоқда.

Шоҳрух Ғиёсовга кўра, ҳудудий ички ишлар органлари муаммоли вазиятлар ҳокимият ва маҳаллалар томонидан олдиндан музокаралар ўтказилиб, ҳал этилганлигига қатъий ишонч ҳосил қилгандан кейин жойларга чиқиши зарур.

Шунингдек, жойларда ҳокимият вакилларига фуқаролар билан мулоқот жараёнида ҳурматсизлик қилмасликларини, ноўрин ва қўпол муносабатда бўлмасликларини тушунтириш, акс ҳолда, ўзларига нисбатан қонуний тартибда чора кўрилиши билан қатъий огоҳлантириш талаб этилади.

Бундан ташқари, аҳоли ва ҳокимият вакиллари ўртасида зиддиятлар вужудга келиши мумкин бўлган ҳар қандай ҳаракатни аввалдан бартараф этиш чораларини кўриш лозим.

Таъкидланишича, ходимларнинг аҳоли ва ҳокимият вакиллари билан бўлган муносабатларида бирёқламаликка, шунингдек, ҳиссиётларга берилиш каби ҳолатларга йўл қўйилмайди.


Мақола муаллифи

Теглар

Снос ИИО

Баҳолаганлар

129

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг