Буюк Британияда темир даврига оид хазина топилди

Бу қизиқ

image

Буюк Британияда 2 минг йиллик тарихга эга хазина топилди. Бу ҳақда “Euronews” нашри хабар берди.

Мутахассислар томонидан “археологик вақт капсуласи” деб таърифланган ушбу хазина эрамизнинг I асрида, яъни Рим империясининг жанубий Британияни забт этиши даврида кўмилган деб тахмин қилинмоқда. Топилмалар орасида камида 7 та тўрт ғилдиракли арава ва икки ғилдиракли жанг араваси қолдиқлари бор. Бу Британия темир даври учун нодир топилмадир.

Баъзи жабдуқлар Ўртаер денгизи маржони ва рангли шиша билан безатилган бўлиб, улар жамиятнинг энг юқори табақасига мансублигини кўрсатади.

“Бу Британияда топилган энг йирик от жабдуқлари ва арава қисмлари тўпламидир. У нафақат буюмлар сони, балки уларнинг сифати ва турли хил эканлиги билан ҳам аҳамиятлидир”, дейди Британия музейининг куратори доктор София Адамс.

Шунингдек, учта маросим найзаси, 28 та темир ғилдирак ҳалқалари ва иккита нақшли қозон топилган. Улардан бири махсус қопқоқли бўлиб, шароб аралаштириш учун ишлатилган бўлиши мумкин. У катта чуқур тубига атайлаб кўмилган. Бундан ташқари, мис қотишмасидан ясалган жилов қисмлари, ғилдирак михлари ва узангилар ҳам бор.

Энг қизиқ жиҳати шундаки, аксарият буюмлар атайлаб синдирилган ёки куйдирилган ҳолда дафн этилган. Бу эса олимлар орасида турли саволларни юзага келтирган.

“Бу куч-қудратни намоён этиш усулими? Дафн маросимими? Ёки худоларга бағишланган қурбонликми?” дейилади хабарда.

Ушбу топилма Британиянинг Рим истилосидан олдинги Европа билан алоқалари ҳақидаги мунозараларни яна жонлантирди. Баъзи буюмлар илгари Британияда топилганларга ўхшаса-да, бошқалари Европадаги намуналар билан мос келади. Бу эса кенг савдо тармоқлари ва технология алмашинуви мавжудлигини кўрсатади.

Тахминий қиймати 254 000 фунт стерлинг (304 000 евро) бўлган Мелсонби хазинаси ҳозирда Йоркдаги музей томонидан оммага намойиш этиш учун маблағ тўплаш кампаниясининг диққат марказида турибди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Италияда ичида бола қолдиқлари бўлган ўта қадимий амфора топилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Буюк Британия хазина

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг