Эрондан чўчиган АҚШ бомбардимончи самолётларини Британиядан кўчирмоқда – CNN

Олам

−

image

АҚШ Эрон ҳужумлари хавфи сабабли B-1 туридаги барча стратегик бомбардимончи самолётларини Буюк Британиянинг Ферфорд базасидан олиб чиқиб кетмоқда. Бу ҳақда АҚШ расмийларига таяниб, CNN хабар берди.

Маълум қилинишича, Америка ҳукумати Британиядаги авиабазага қарши Эронга алоқадор деб тахмин қилинган номаълум хавф туфайли узоқ масофага мўлжалланган бомбардимончи самолётларини АҚШдаги доимий базаларига қайтариб олиб ўтган.

“Биз ҳозирда Қироллик Ҳаво кучларининг Ферфорд базасида жойлаштирилган барча Америка бомбардимончи самолётлари Қўшма Штатлардаги ўз базаларига қайтарилганини тасдиқлашимиз мумкин”, деган америкалик мулозимлардан бири.

Бу ҳақда Буюк Британия Мудофаа вазирлиги изоҳ беришдан бош тортган.

Жорий йилнинг 27 сентябрь куни Глостершир графлигидаги Уэлфорд қишлоғи ҳудудида, Ферфорд авиабазаси яқинида беш киши ҳибсга олинган. Полиция ушбу эркаклар портлашга тайёргарлик кўришда гумонланиб қўлга олинганини маълум қилган. Ҳибсга олинганларнинг барчаси Буюк Британия фуқаролари бўлиб, Лондонда доимий истиқомат қилиб келган. Кейинчалик полиция уларнинг автомобилларида портловчи моддалар топилмаганини тасдиқлаган. Эркаклар жорий йилнинг 28 сентябрь куни гаров эвазига қўйиб юборилган.

Ўз навбатида, Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи Ферфорд базасида портлаш содир этиш бўйича тахмин қилинган фитнада Теҳроннинг алоқаси йўқлигини билдирган.

АҚШ Қуролли кучларининг Эронга қарши ҳарбий операцияси давомида Ферфорд авиабазасига йигирмадан ортиқ B-1 Lancer ва B-52 Stratofortress стратегик бомбардимончи самолётлари жойлаштирилган бўлиб, улар Эроннинг энг муҳим нишонларига зарбалар берган эди. Ўшанда Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси Англиядаги Ферфорд авиабазасини Эроннинг жавоб чоралари учун “қонуний нишон” деб эълон қилганди.

CNN миллий хавфсизлик бўйича таҳлилчиси Алекс Плитсаснинг айтишича, Фэрфордда бир неча ўнлаб бомбардимончи самолётлар жойлашган бўлиши мумкин ва барча самолётларни бошқа жойга кўчириш ғайриоддий ҳолат эканини қўшимча қилган.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Америка Қўшма Штатлари ва иттифоқчи мамлакатлар 30 сентябрь куни Ироқда 12 йиллик “Ўзгармас қатъият” (Operation Inherent Resolve) операцияси якунланганини эълон қилиб, ўз қўшинларини мамлакатдан олиб чиқиб кетган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг