Бутунжаҳон Универсиадасида ўзбек спортчилари медаль жамғариш бўйича нечанчи ўринда?
Спорт
−
04 Август 2023 2776 2 дақиқа
Хитойнинг Ченду шаҳри мезбонлик қилаётган ХХХI ёзги Бутунжаҳон Универсиадасининг навбатдаги куни ҳам Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаётган спортчилар учун қониқарли натижа билан якунланди.
Бугун, 4 август куни таэквондо бўйича Ўзбекистон аёллар термаси жамоавий баҳсларда қатнашиб, кумуш медални қўлга киритди. Бу орқали делегациянинг умумий медаллари сони 12 тага етди.
Ҳозирда Ўзбекистон ҳисобида 8 та кумуш ҳамда 4 та бронза медаль мавжуд ва бу натижа билан мамлакат делегацияси медаллар жамғариш бўйича айни дамда 120 та давлат ичида 28-ўринни эгаллаб турибди.
Маълумот учун, Универсиада ўйинлари 8 августга қадар бўлиб ўтади. Бу йилги Универсиадада Ўзбекистон делегацияси таэквондо WТ, дзюдо, ушу, гимнастика, теннис, қиличбозлик ва енгил атлетика спорт турларида 77 нафар атлет билан қатнашади.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 3 август куни таэквондо WТ бўйича Ўзбекистон терма жамоаси етакчиларидан бири Светлана Осипова Бутунжаҳон ёзги Универcиада ўйинларининг бронза медалини қўлга киритгани ҳақида хабар берилганди. У муросасиз кечган ярим финал баҳсида хитойлик Зетси Чжоуга имкониятни бой бериб, шоҳсупанинг учинчи поғонасидан жой олган.
Шунингдек, ушбу 2 август кунги беллашувларда 3 нафар Ўзбекистон вакили совриндор бўлгани хабар қилинганди. Жумладан, таэквондочилардан Феруза Содиқова кумуш, Нажмиддин Қосимхожиев бронза медалига эга чиқди. Шунингдек, ушу баҳсларда омадини синаб кўрган Азизбек Исроилов ҳам шоҳсупанинг 3-поғонасидан жой олган.
Live
БарчасиХовос туманида ҳоким алмашди
09 Декабрь