Бўстонлиқда Қизил китобга киритилган айиқ ўлдирилди
3-саҳифа
−
10 Январь
5681Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида ўтказилган рейд тадбирларида Тянь-Шань қўнғир айиғи ўлдирилгани маълум бўлди. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, Тошкент вилояти Экология бошқармаси томонидан Бўстонлиқ тумани Бурчмулла давлат ўрмон хўжалигига қарашли “Ахсарсой” ҳудудида назорат рейд тадбирлари олиб борилган.
Рейд давомида ҳудудда ҳайвон териси топилган. Ашёвий далил Фанлар академияси Зоология институти томонидан ўрганилганда Тянь-Шань қўнғир айиғига тегишли экани маълум бўлган. Шунингдек, ўрганиш давомида айиқ номаълум шахслар томонидан қўлбола сиртмоқ ёрдамида ўлдирилгани, териси қолдирилиб, бошқа қисмлари олиб кетилгани аниқланган.
Ҳолат юзасидан тўпланган маълумотлар ҳуқуқбузарларнинг шахсига аниқлик киритиш мақсадида вилоят ИИББга юборилган.
Маълумот учун, қўнғир айиқ заиф, кенг, бироқ мозаик тарқалган кенжа тур сифатида Ўзбекистон Қизил китобига ва CITESнинг I иловасига киритилган. Овлаш тақиқланган ҳайвонлар турига киради.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг 5 апрель куни Қашқадарёнинг Чироқчи туманида аҳоли яшаш ҳудудига бориб қолган Қизил китобга киритилган қўнғир айиқ ўша куни тунда отиб ўлдирилганди. Айиқ жарликдан тепага чиқишга уринган пайтда Чироқчи тумани ИИБ бошлиғи атрофга йиғилган аҳоли хавфсизлигини таъминлаш мақсадида овчига айиққа ўқ узиш бўйича кўрсатма берганди. Оқибатда айиқнинг жони узилганди.
LiveБарчаси